1

Райҳон Уласенова: “Ўғлимнинг рашки кучли, ‘Сарсон’даги образимни ёқтирмайди”

ШОУ-БИЗНЕС 26.09.2016, 15:25
Теглар: Иш, Шоу-бизнес, Аёл, Актриса, Оила, Она ва бола
Райҳон Уласенова: “Ўғлимнинг рашки кучли, ‘Сарсон’даги образимни ёқтирмайди”

2016 йил — Соғлом она ва бола йили учун махсус тайёрланадиган “Она ва бола” лойиҳамизни яна эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Бугунги меҳмонимиз эса Уласеновлар оиласи. Оилада ўз тарбия усулига эга, бир ўғил ва икки қизнинг меҳрибон онаси, халқимизнинг севимли актрисаси ва бошловчиси Райҳон Уласенованинг энг сара фикрларини сизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдик. 

“Оиламизнинг янги меҳмони”
— Кичкинтойимизни болаларим жуда интизорлик билан кутишганди. Айниқса, қизим ҳар сафар ёнимга келиб, туғилажак қизим билан гаплашиб турарди. Лекин Марямхон туғилгандан кейин катта қизим Моҳинур ўзгариб қолди. Чунки оилада энг кичкинаси эди-да. Марямхондан сўнг бу “ўринни” унга топширишга мажбур бўлди. Бундай пайтларда унинг кўнглига қарашга, унга ҳам эътиборни камайтирмасликка ҳаракат қилдим. Ҳозир эса Моҳинур оиладаги муҳитга анча кўникиб қолди. 

Тарбиянинг муҳим жиҳати
— Фарзандимизнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етишида биз ота-оналарнинг ўрни жуда катта. Болага шахс сифатида қарашни ўрганиш керак. Бола-ку, деб фақат эркалатиш билан чегараланишнинг ўзи бола тарбиясида йўл қўйилган хатоликлардан бири, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам ҳар бир бола билан катта одамлардек муносабатда бўлиш,  керакли оилавий масалаларда унинг фикри билан ҳам қизиқиб туриш керак. Биласизми, кўпчилик ёш ота-оналарда тарбияни неча ёшдан бошлаш керак, деган савол уйғонади. Бунга ҳам ўз қарашларимни айтиб ўтсам, дегандим. Аслида тарбияни бола қоринда энди ривожланаётганданоқ бошлаш керак. Ҳомила билан гаплашиб, уйда, оилада, атроф-муҳитда соғлом атмосферани юзага келтириш унга ижобий таъсир ўтказади. Ҳали туғилмаган бола ҳам меҳмон бўладиган оилага она қорниданоқ ўргана бошлайди. Шунинг учун чақалоқлар ҳали ҳеч нарсани тушунмайди, деган ўйлардан йироқ бўлиб у билан кўпроқ гаплашишга ҳаракат қилиш керак. Мана шу менинг тарбия усулларимдан бири ва ҳар бир оилада ҳам муҳим жиҳатларни шулар ташкил қилади, деб ўйлайман. 

“Болани алдайман, аммо бу...”
— Алдамайман, десам сизларни алдаётган бўламан (кулади). Биласизми, менимча, ҳеч қайси ота-она боласини эрмак учун алдамайди. Шахсан бизнинг оилада ҳам алдовни — бажарилмаган ваъда, деб биламан. Баъзида болага бирор нарса олиб бераман ёки қаергадир борамиз, деб иш тартибимиз туфайли айтганимизни бажаролмаймиз. Бу эса қайсидир маънода алдовнинг бир турига айланиб қолиши мумкин. Аммо бундай пайтлардан ҳам тарбияни ёдимдан чиқармайман. Масалан, болаларимга “Берилган ваъдани вазият туфайли бажаролмадик. Аммо албатта бажарилади” деб тушунтириш ишлари олиб борилади. Улар анча улғайиб қолишган. Ота-онасининг соҳасини, иш тартибини тушунишади.    

“Онамнинг тарбия усули”
— Ота-онамнинг биз фарзандларига берган тарбия усулларини мен ҳаётимда қўллаб келяпман. Айниқса отам доим биз билан дўсти, ҳамкасбидек гаплашардилар. Бироз юмшоқликни, кечириб юборишни онамдан ўрганганман. Аммо тўлиқлигича эмас. Чунки онам баъзида ҳаддан ташқари кечирувчан, кўникувчи ва баъзида қийин вазиятларда ҳам “Ҳа, майли” дейдиган аёллардан. 

Ўғил ва қиз фарзанд тарбиясидаги фарқ...
— Ўғил ва қиз — булар икки хил феъл-атворга, дунёқараш, ички кечинмаларга эга алоҳида-алоҳида шахслар. Тарбияда бунинг аҳамияти катта. Меҳр, парваришни онадан олган ҳар бир ўғил фарзанд барибир отасининг юриш-туриши, гап-сўзи, тарбияси, ўзини тутишидан ўзига андоза олади. Шунинг учун ҳам ўғлимни кўпинча отаси билан бирга тадбирларга, йиғинларга қўшиб юбораман. Қизлар эса табиийки онаси билан уй ишларида фаол бўлиши, уй тутиш, рўзғор ишларини болалигидан ўрганиб бориши керак. Қизим Моҳинур ҳозир кичкина бўлишидан қатъи назар, уйдаги аксарият юмушларни ўзи қилади. Ваҳоланки, у икки соатда эплаётган ишларни ўзим тезда қилиб қўйишим мумкин. Бироқ мен унинг ўзи шу ишларни ўрганиб катта бўлишига имкон беряпман. Менимча, ҳар бир оилада ўғил ва қизлар ана шундай тарзда шаклланиб, улғайишса керак. 

“Ижодимга муносабат”
— Ўғлим фильмларимни, клиплардаги ролларимни синчковлик билан кузатиб туради. Унинг энг ёмон кўрган роли — Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Сарсон” клипидаги образим. Айниқса, клипнинг охирини ёқтирмайди. Ҳатто бу клип эфирга узатиладиган бўлса, телевизорни ўчириб қўяди. Шу даражада рашки кучли (кулади). Қизим эса унинг акси. Ҳар бир ролларимни синчковлик билан кузатиб, доим ижобий баҳолаб келган. 

Аёлнинг кучи...
— Менимча, аёлларнинг кучи унинг кучли, ақлли, тафаккури кенг инсонларни дунёга келтиришида, деб биламан. Шунинг учун мен фарзандларимни қанотларим дейман. Олдин улар кичкина эди. Бугун эса бемалол ўсиб улғаяётган қанотларим билан баланд-баландларга парвоз этишим мумкин. Менимча, ҳар бир она фарзандига тегишли бўлган масалаларда тоғни талқон қилиб юбориши мумкин. Ҳатто бундан пайтларда оналар эркаклардан ҳам кучли бўлиши аниқ. 

Жазолаш керакми?
— Болаларни жазолаш керак, бироқ сабабини албатта тушунтиришимиз шарт.  Чунки агар бола жазоланаверса ва нега бундай бўлаётганини тушунмаса, унда кўникма ҳосил бўлади. Доимий ҳолатку бу, деб қараши эса жуда ёмон. Мисол учун, ўтган йили ўғлим мактабда барча фанларни 5 баҳога якунлади-да, бир дона 3 бўлиб қолди. Сабабини эса у “Ўқитувчи билан келишолмадик. Характеримиз тўғри келмади” дея тушунтирди (кулади). Бу 12 ёш боланинг айтаётган гапи. Биз эса унинг бу хато ишини ёзги лагерга юбормасдан жазоладик. Синглиси дам олганда у дадасининг дўсти билан дўконда ишлади. Гўёки, катта ҳаётга қадам қўйиб пул топди. Бу йил эса иккисига ҳам “Ўқитувчи доим ҳақ! У сенларни ўқитяпти, таълим беряпти, улар билан ўчакишиш тўғри эмас” деб янги ўқув йилини бошлаб олдик. Агар ўқув йилининг якунида, кимдир 3-4 баҳо оладиган бўлса, яна шу тарзда жазо қўллашимизни алоҳида таъкидлаб ўтдик. 

“Энагага ишонмайман”
— Энагаларнинг энг зўри бу — БУВИЖОНЛАР! Энг яхши энага, энг яхши боқувчи ва энг яхши тарбия берадиганлар ҳам айнан улар. Тўғри, баъзида ҳаддан ташқари эркалатиб юборишлари ҳам мумкин. Ахир “Данагидан мағзи ширин” дейишади-ку. Лекин шундай бўлишига қарамасдан улар доим оқилона фикр юритишади. Уларнинг бола тарбиясида биздан кўра тажрибаси анча катта. Жумладаган, менинг онажонларим ҳам. Улар билан бир нарсани келишиб олганмиз: бола нотўғри иш қилса ва уларга катталардан кимдир танбеҳ берса, ҳеч ким аралашмайди. Чунки бола кимнингдир қўллаб-қувватлашини билса, танбеҳларни қулоғига олмайди. Шунинг учун ҳам биз катталар бола билан бўладиган муносабатларда ана шундай ёзилмаган қоидаларга амал қиламиз. 

Санъатни эгаллашса...
— Санъат соҳасини эгаллашса, ҳеч ким бунга қаршилик қилмайди. Чунки ҳар бир инсон ўзи яхши кўриб ишлайдиган соҳани танлаши керак. Ишга мажбурлигидан эмас, балки ўзи истаб бориб-келишдек роҳатни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Агар улар санъатни эгаллаб касбимнинг давомчиси бўлишса, ягона маслаҳатим ҳалолликни унутмаслик керак. Нафақат бизнинг соҳада, балки ҳамма йўналишда ҳам инсон тоза қалб ва соф виждон билан ишлаши шарт!

Болалар уришиб қолишса...
— Болалар гап талашиб, бироз аразлашиб қолишса, уларда ўзаро ҳурмат ва бирдамлик йўқолмаслигига ота-она масъул. Бундан пайтларда мен ўзимни мисол келтириб иш кўраман. “Мен тоға, холаларинг билан уришмаганман-ку. Ака-сингиллар бир-бирига меҳрибон бўлишлари керак” деб ҳаётий воқеалар билан тушунтиравераман. Қайта айтилаверган гап эса боланинг ёдида сақланиб қолади.

Алия Сулаймонова тайёрлади

Шарҳлар

Бугун — қисқартирилган иш куни

08.05.2024, 09:34

Бугун барча ходимлар одатий иш кунидан бир соат эртароқ кетишлари мумкин. Эртага – 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами.Меҳнат кодексининг 187-моддасига асосан...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Германиядаги янги иш ўринлари ҳақида маълумот берилди

19.08.2021, 09:10

 Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Германиянинг "NoVo Agency e.K." ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик келишувига асосан тиббиёт соҳасида олий ёки ўрта-махсус маълумотга эга фуқароларни ишга таклиф қилмоқда.Бўш иш...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1