1

«Жим, уйда болалар бор!»

СУҒДИЁНА 03.12.2016, 13:07
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин
«Жим, уйда болалар бор!»

«Бирин-кетин фарзандли бўлдиг-у, рафиқам мени буткул унутди. Мен бўлсам аввалгидек муносабатларни қумсайман...». «Аёлим болаларга шунчалик эътиборлики, гоҳида рашким келади. Қанийди менга ҳам шундай муомала қилса...». «Болалар уйғониб кетишади, деб қўрқади  Рости, эр-хотиндек яшашни истайман. Ўз уйимда истакларимни амалга оширолмасам...»

Бу фикрларни атай мақоланинг кириш қисмига ёздик. Ҳа, дугонажонлар кўриб қўйинг, жуфтингизни нималар ташвишга солаётганини. «Ундай эмас!» дейишга шошилманг. Зеро, галдаги мавзумиз эркаклар орасида ўтказилган кичик суриштирув асосида танланди. Хўш, сизда бу каби муаммолар бўлганми? Наҳот болаларни деб нозик муносабатлар совиб кетса... Балки олдини олиш мумкиндир? Бугун шу ҳақда «сирлашамиз».

 

Янги мехмон келгач...

Қирқ кунлик «карантин»дан сўнг эр-хотиннинг ҳар иккисида ҳам кучли эҳтирослар кузатилади. Бу эркак учун кутилган «учрашув», аёл учун эса вақтинчалик ҳолат, холос. Чунки айни дам уни кўпроқ оналик меҳри ўйлантиради. Муҳаббат «ўйинлари» эса ўз-ўзидан иккинчи ўринга ўтган. Аёлни ҳам тўғри тушуниш керак. Ахир у янги туйғуларни ҳис этмоқда. Кўниккунича вақт керак. Лекин ҳамма эркаклар ҳам буни тўғри тушунмайди-да.

Чақалоқ тунда уйғонади, йиғлайди, таглигини янгилайсиз, хуллас куну тун тиним йўқ. Бироқ бу жуфтингизни  шаштидан қайтаришингиз учун сабаб эмас.  Нима қиласиз? Бирор ойлардан сўнг болакай кун тартибига мослашади. Шунга қараб, эрингизга вақт ажратишни ўрганинг. Тунда неча марта эмизасиз, қандай ҳолатда бўласиз, бу сизнинг ишингиз, бегингиз қаршисида исталган аёл бўлинг. Гўдак беланчакда жимгина ухлаяптими, унинг борлигидан истиҳола қилиш шарт эмас.

 

Болакай 1-2 ёш бўлди...

Руҳшунослар, бола бир ёшдан ошдими, ётоғини бўлак қилинг деб бежиз айтишмайди. Биринчидан, нозик муносабатлардан чалғитади, иккинчидан бу ёшда болалар таъсирчан бўлиб, ота-онанинг хатти-ҳаракатини нотўғри тушуниши мумкин. Масалан, аёлидан бўса олаётган эркакни икки ёшли болакай «Дадам ойимни хафа қилаяпти» тарзида тасаввур қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу боис яқинлик масаласи бола ухлагач ҳал қилингани маъқул. Тунда имкони бўлмаса, кундузи, фарзандингиз ором оладиган вақт ҳақида ўйлаб кўринг.

 

3-4 ёшларда...

Ўғил-қизингиз аллақачон ўз хонасига эга «ҳоким». Аммо гоҳида «Ёмон туш кўрдим» ёки «Қўрқиб кетаяпман, сиз билан ухлайман» деб ётоғингизга кириб келади. Оналигингизга бориб, болангизни овутасиз, истагига қарши бормайсиз. Бироқ эрингизнинг қовоғидан қорлар ёғадики... Эртасига музлаган ях устида сирпаниб кетмасликни истасангиз, вазиятни назорат қилинг. Бола ухлагач, уни кароватда қолдириб, бошқа хонага ўтиш мумкин. Агар бунинг имкони бўлмаса, болани аста жойига олиб чиқиб қўйинг.

 

5 ёшли билимдон...

«Нега осмон мовий рангда?», «Мен қандай туғилганман?» бу каби саволлар билан тиним билмайдиган болакай, «Нега хонангиз эшигини қулфлаб оласизлар?» дейишдан ҳам тоймайди. Ахир унга ҳамма нарса қизиқ-да. Ёки тунда индамай кириб келиши мумкин. Яна денг кутилмаган вазиятда. Хўш, қандай йўл тутасиз. Аввало ётоқхона эшигини ҳамиша ёпиқ тутинг. Болаларингизга кичиклигидан ўргатинг, «ётоқхонага сўроқсиз кирилмайди». Мабодо даб-дурустдан қоидалар бузилса ҳам саросимага тушмай, болани хонасига олиб бориб, ухлатинг-да, ортингизга қайтинг. Хархаша қилаётган болани ҳам овутиш мумкин. «Йиғлаб қўймаяпти», «Инжиқланаяпти» деган баҳоналар ўтмайди.

 

8-9 ёшда...

Фарзандингиз мактабга  чиқдими, ҳар куни бир вақтда ухлашга одатлантиринг. Шунда туннинг қолган қисмини жуфтингиз учун ажрата оласиз. Кун тартибига мослашган бола ярим тунда кутилмаган ташрифлар билан безовта қилмайди. Бола улғайгани сари атрофидаги ҳодисаларни ўзича таҳлил қила бошлайди. Шундай экан, эҳтирослар ётоқхона эшигидан ташқарига чиқмасин.

 

Ўсмир бўлдик!

14-15 ёшли ўғил-қизлари бор ота-оналар, яқинлик борасида фарзандларидан истиҳола қилишади. Аниқроғи бу кўпроқ аёлларда кузатилади. Эркаклар эса истакларини амалга оширолмаётганлари учун норози бўлишади. Бу вазиятда кўп нарса аёлнинг уддабуронлигига боғлиқ. «Болалар кўриб  ёки эшитиб қолса-чи?» дея чўчиётган бўлсангиз, бирор кун уларга таътил беринг-да, бувисиникига юборинг. Ёки кино, театр, циркка чипта сотиб олиб, бирор соатларга чалғитинг. Шунда ҳам муаммони ҳал қилолмасангиз, тонгдан (одатда бу пайтда ўсмирларни замбарак ўқи билан ҳам уйғотиш амри маҳол) жуфтингизнинг кўнглини олишингиз мумкин. Муҳими, хоҳиш бўлса, етарли.

 

Эътибор, эътибор ва яна эътибор!

Болалар туғилгач асосий эътибор уларга қаратилиб, истайсизми-йўқми жуфтингиздан салгина узоқлашасиз. Бу нормал ҳолат бўлиши мумкин. Бироқ мунтазам давом этиши тўғри эмас. Фарзандингизни суйиб эркалаётганда, ёрингиздан ҳам бир оғиз ширин сўзни қиғзанманг. Жигарбандларингизга қанчалик диққат қилсангиз, бегингизни ҳам ундан кам кўрманг. Улар ҳам меҳрни, муҳаббатни кези келганида бағрингизга бош қўйиб, хотиржамлик туйишни қумсайдиган катта болалар.

 

Бу ҳақда айтиш керакми?

Бўйи етиб қолган ўғил-қизлар ота-онасининг «шахсий» ҳаёти ҳақида қай даражада тасаввурга эга бўлиши керак? Мутахассислар фикрича, балоғат ёшига етган боланинг жинсий тарбиясини тўғри олиб борсангиз, ота-онасининг ўз ҳаёти борлигини фаҳмлайди. Фақат бунинг учун эр-хотин хатти-ҳаракатлари, муомала ва ўзаро муносабатларини назорат қила олишлари керак. Бир-бирингизнинг қўлингиздан тутиб телевизор томоша қилишингиз, ишга кузаётганда жуфтингизга бўса ҳадя этиш – бу ҳолатлар иккингиз орангиздаги ҳурмат ва меҳр белгиси. Тўғри, болалар кичиклигида бу ишларни тушунмай баъзида кулгуга олиб гапиришлари мумкин. Аммо улғайгач, оддий нарсалар билан ҳам эътибор кўрсатиш мумкинлигини ўрганишади. Керак бўлса, сиздан ибрат олишади.   

 

Уйғунликка эришамиз!

«Чақалоғим бор» деб эмизишга қулай кийимни танлайсиз. Сўнг ортиқча мулозаматга эриниб, кундалик либосингизда ҳам ухлаб қолиш одати пайдо бўлади. Кўп ўтмай фақат кўчага чиққанингиздагина пардоз қиласиз-у, уйда қолсангиз, сочга резинка тақиб юраверасиз. «Мени биров келин қилармиди?» дейсиз-да. Яшанг! Чиндан ҳам  сизни сўраб келадиганларнинг кети узилган. Бироқ эрингиз оромини ўғирлаган ўша янги келинчакни соғинади-да. Болаларга ҳамиша вақт ажратиш керак, аммо бу ишлар яқинликка тўсқинлик қилмасин. Нозик муносабатларга эр-хотинлик вазифаси эмас, аввало икки инсоннинг меҳр-муҳаббати, талпиниши сифатида қарасангиз ҳаётингиз муаммолардан холи бўлади.

Олий тоифали шифокор-сексапотолог Дилмурод ЭРГАШЕВ тавсиялари асосида МАРЖОНА тайёрлади.   

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1