1

Гулсанам Мамазоитова: “Янги йилни оилам даврасида кутишга одатланганман”

ШОУ-БИЗНЕС 29.12.2016, 12:00
Теглар: Шоу-бизнес, Оила, Янги йил
Гулсанам Мамазоитова: “Янги йилни оилам даврасида кутишга одатланганман”

Мухлислар учун санъаткорларнинг кундалик ҳаёти доим қизиқ бўлган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ишга ўзгача услуб билан ёндашадиган Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам МАМАЗОИТОВАни суҳбатга тортдик...

— Гулсанам опа, 2016 йил тугашига ҳам 9 кун қолди.  Нималарни ҳеч бир афсуссиз ортда қолдира оласиз ва нималарни бениҳоя қувонч билан хотирлайсиз? 

— Бир йил давомида бўлган катта-катта йўқотишларни инобатга олмасак, ҳар бир кунимни ҳеч бир афсуссиз ортда қолдира оламан. Чунки тақдиримизга ёзилган ва берилган ҳар бир неъмат, имкониятга шукрона келтириш лозим. Мухлисларни янги ижод намуналари билан хушнуд эта олаётганимиз, ижод борасида янги поғоналарни забт этаётганимиздан бениҳоя қувонаман. 

— Тобора якунланиб бораётган йилнинг энг ҳаяжонли воқеалари-чи?

— Энг ҳаяжонлиси, дея Тошкентда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тадбирларини айта оламан. Ушбу тадбир доирасида ўтган концерт дастурида ўзбек санъатини қўшни давлатларнинг президентлари муносиб қарши олиб, мамнун бўлганликлари кишини ғурурлантирди, илҳомлантирди. Айниқса, қозоқ тилида куйлаган қўшиқларимни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев катта мамнуният билан қарши олганди. 

— Ҳақиқатда эътирофга лойиқ концерт дастури тақдим этилганди. Гулсанам опа, қайси байрамларни алоҳида тайёргарлик билан қарши оласиз? 

— Янги йилни, боиси — оилавий байрам! Баъзилар мазкур байрамни дўстлар даврасида қарши олишни истайди. Лекин мен тўкин дастурхон атрофида оилам даврасида нишонлашни афзал биламан. Турмуш ўртоғим гўштли таомларни яхши кўрганлари боис шу куни ўз қўллари билан "санъат асари" яратиб барчамизни хурсанд қиладилар. Хамир овқатларни тайёрлашга у қадар уста бўлмасам-да, албатта сомса пишираман (кулади).      

— Байрам дастурхонидан жой олиши шарт бўлган таомномангиз ҳам борми?

— Йилдан-йилга қарашлар ўзгаргани сабаб хоҳиш-истаклар ҳам ўзгача бўлар экан. Фалон таом ё салат бўлиши шарт, деган қоидамиз йўқ. Лекин аччиқ таом ва салатларни яхши кўрганим боис улар байрам дастурхонидан, албатта жой олади. 

— Турфа хилликка интиладиган Гулсанам Мамазоитованинг бу йилги байрам дастурхони борасидаги режалари ҳам ўзгача бўлса керак? 

— Албатта! Бу йил ўз қўлим билан бешбармоқ тайёрламоқчиман, қазилари билан албатта (кулади). Қандай пиширилишини юз фоиз эмас-у, деярли биламан. Салатлардан турмуш ўртоғим севиб истеъмол қиладиган "цезар" ва "шуба" салатини тайёрлаш ниятидаман. 

— Салатлар ҳам "дебют" бўладими?

— Энг қизиғи ҳам шунда-да. Бу салатларни ҳам бирор марта тайёрлаб кўрмаганман. Янги йил оқшомида оила аъзоларимни шу каби бир қатор "премьера"лар билан хушнуд этиш истагидаман (кулади). Шундай экан бу йилги байрам ўзгача бўлади!

— Сиз учун қадрли бўлиб қолган Янги йил билан боғлиқ болалик хотиралар ҳам бўлиши табиий…

— Болалигим ўтган Фарғонадаги эски маҳалламиз кўз олдимга келади. Қўшнилар билан қариндошдек бўлиб кетгандик. Акам Отабек Муҳаммадзоҳид мусиқа соҳасига мендан аввал кириб келганлари боис уйимизда мусиқий техникалар, мусиқа асбоблари бўлган. Сира ёдимдан чиқмайди, 9 ёшлар эдим чамаси, кўчага колонкаларни ўрнатиб, уни кичкинагина плеерга улаганмиз. Маҳалладошлар билан қўшиқ куйлаб, рақс тушиб, байрамни ўзига хос тарзда кутиб олгандик. Шу қадар одам кўп йиғилганидан ҳатто марказий майдонда ўтган байрамни ҳам ортда қолдирганмиз ўшанда (кулади). Шу болалик хотирам бир умрга сақланиб қолган. 

— Болалигингизда байрамни қандай эртак қаҳрамони либосида қарши олишни ният қилгансиз?

— Менда бундай истак бўлмаган. Лекин ўғлим бир ёшга тўлгандаги Янги йилни унутолмайман. Санта-Клауснинг кийимини кийдириб, "iPad" билан “ходунок”ка ўтказиб қўйганмиз. Шу қадар кўп меҳмон келганидан, ўғлимга у қадар эътибор қилолмаганмиз. Бир пайт қарасак, чарчаганидан "iPad"га бошини қўйиб, ўтирган жойида ухлаб қолибди.   

— Янги йил асосан болажонларнинг байрами. Фарзандларингизнинг қувончига шерик бўлиш мақсадида бирга арча безатасизми?

— Қизим Моҳижаҳонбегим декабрь ойи келмасидан "арча безатамизми?" дейишга тушади. "Ҳозир ҳеч қаерда арча йўқ-ку, декабрнинг ярми ўтсин, албатта, безатамиз", дейман. Ҳақиқатда уйни зарлар, арча билан безатишни ўзи кишига эстетик завқ беради, болаликни ёдга солади. Бу сўз билан таърифлаб бўлмайдиган жараён, уни фақат ҳис қилиб кўриш керак. 

— Арчангизда қўлда ясалган ўйинчоқлар ҳам борми?

— Ёшлигимда пахтадан қорлар, томчи ёмғирлар, чамбарлар ясардим. Ҳозир қўл билан ясаладиган безакларга эҳтиёж қолмаган, тайёрлари бор. Фарзандларим ҳам болаларча дунёқараши билан нималардир ясашга уринишади. Уларнинг "ижод намуналари" учун алоҳида бурчак ташкил қилганмиз. Боғчадан ясаб келган нарсалари шу бурчакдан жой олади. Лекин улар ҳали арчани безаштиш мумкин бўлган "санъат асарлари" эмас (кулади). 

— Оилангиз даврасида қарши оладиган мазкур байрамнинг ўзига хослиги нимада?

— Йил давомида ўтган яхши хотираларни ёд олишимизда ва байрам оқшомида, албатта яхши тилаклар тилашимизда. Муҳими, йил сўнггидаги сарҳисобда ниятларимизнинг кўпи амалга ошганига гувоҳ бўламиз. Биласизми, ҳатто Қорбобо борлигига ҳам ишонаман.  

— Байрамда турмуш ўртоғингиз Қорбобо вазифасини ҳам ўтайдиларми? Совғалар арча тагига териб қўйиладими ё Қорбобо сифатида ўз қўллари билан улашадиларми?

— Турмуш ўртоғим совғани ҳақиқий сюрприз тарзида тақдим этишни аъло даражада уддалайдилар. 31 декабрь тонгини совғалар билан қарши оламиз, кайфият ҳам шунга яраша юқори бўлади. Энг қизиғи, турмуш ўртоғим бир кун аввал ҳеч нима билмаган кишидек юрадилар (кулади). Муҳими, ҳаммамизга зарур бўлган нарсаларни ҳадя қиладилар. Лекин сира Қорбобо бўлмаганлар, боиси ўғлим Абдуғаффор кичик бўлгани учун Қорбободан қўрқарди. Бу йил "Қорбобони чақирайликми? Қўрқмайсанми?" деб ҳозирдан тайёрлаяпмиз. Насиб қилса, бу йил Қорбобо чақириш ниятимиз бор, балки қўрқмас.   

— Тонгга қадар давом этадиган суратга олиш ишлари, байрам тадбирларидан ортиб, байрамни оила даврасида кутиб олишни қай даражада уддасидан чиқасиз?

— 31 декабрь куни хизматлар чиқиб қолади, лекин "узр, бу кунни оилам билан ўтказишни истайман!" дея уйдан чиқмайман. Чунки янги йил байрамига ўзгача ҳозирлик кўраман, уй ва дастурхонни безаб, байрамни ҳамма ўзбек аёллари каби қарши олишни хоҳлайман. Қўшнилар чиқади, қариндошлар келиши мумкин. Одам ўзи учун ҳам яшаши керак-ку! 

— Одатда фақат байрамни ўзгача кундек қарши олиб, дам олинади. Кундалик ҳаётни ҳам худди шундай қарши олишни ўзига хос формуласини айта оласизми?

— Инсонда хоҳиш бўлса, ҳар куни ўзи учун байрам кайфиятини ярата олиши мумкин. Байрам бўлиши учун албатта, алоҳида тайёргарлик, тўкин дастурхон бўлиши шарт эмас. Кайфият зўр бўлса, бас, барчаси ўз қўлимизда!  

— Кўпчилик инсоннинг тақдири ва феъл-атвори кўп жиҳатдан унинг мучалига боғлиқлигини таъкидлайди. 2017 йил мучалингиз. Шу маънода "товуқ"даги қайси яхши ва ёмон хислатлар сизда мужассам?

— Ёмон хислатим: шошқалоқлигим бор, яхши жиҳатим: самимийлигим. Лекин буржларга у қадар ишонмайман. Сабаби, инсон ўз тақдирини ўзи ҳал қилади. Ҳақиқатда кўнглини кенг қилса, пок тутса, дилини оғритганларга нисбатан кечиримли бўлса, самимий бўлса, шахс сифатида юқори чўқилларга эришиши мумкин. Қаршингиздаги инсонга биргина кулиб боқишнинг ўзи, сиз ҳақингиздаги нотўғри фикрларни булутдек тарқатиб юборади. Санъаткор сифатида айтсам, кайфиятимиз йўқлигини атрофдагилар билиши шартмас. Мухлислар учун хурсандчилик улашувчи одамлармиз, буни ёддан чиқармасак бўлгани. Биргина мисол, яқинда бир тадбирда кичкина қизалоқ олдимга келиб, соатлаб ёнимда турди, кўксидан итармадим. Болажонларни, мухлисларни бегонаси бўлмайди. Кўнглида бошқа гап бўла туриб, давраларда ўзини яхши кўрсатадиган "самимий"лар ички маданиятини гўзал қилиб, ўзини-ўзи бошқара олиш санъатини эгаллаши, бу — катта иш. Юзга айтилган камчиликни тўғри қабул қилиш ҳам яхши инсон бўлишга қўйилган қадамлардан бири. Яхши одам бўлиб тарбияланиш учун атрофдагиларнинг ҳам ҳиссаси катта. Йиллар ўтиб, умрни сарҳисоб қилгандаги энг муҳим натижа — кўнгил хотиржамлиги. 

— Янги йил байрамида ким томонидан берилган ва қандай совға сизни бениҳоя шод этади?

— Юракдан билдирилган самимий тилаклар!

— Мана шу тилаклар рўёбини тилаб қоламиз!

— Раҳмат! Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан муборакбод этаман!

БЛИЦ:
— Янги йилнинг сўнгги дақиқаларида айтилган битта тилак рўёби амалга ошадиган бўлса, ўзингиз учун нимани тилаган бўлардингиз?

— Худбинлик қилмай, ҳамма учун бутун дунёда тинчлик бўлишини тилардим.

— Янги йилда ҳеч кимга ишонмайдиган ишингиз?

— Дастурхон безатиш, таомлар тайёрлаш.

— Шу вақтгача кутиб олган энг ноодатий янги йилингиз: қаерда ва ким билан?

— Пойтахтдаги тадбирлар сабаб, Фарғонага етиб боролмай, Тошкентда энг яқин дугоналарим Дилдора ва Нафосат билан кутиб олганмиз. 

— Байрам кунлари қайси фильмларни томоша қилишни хуш кўрасиз?

— "Қор маликаси", "Тақдир ҳазили ёхуд қушдек енгил бўлинг" фильмларини кўришга одатланганман. Шунингдек, ўзим иштирокимдаги концерт дастурларини ҳам томоша қилишни хуш кўраман.

— Севимли Янги йил қўшиғингиз?

— Ўзим ижроимдаги 2006 йил куйланган "Бахтлар олиб келгин Янги йил" қўшиғи. Шу қўшиқни қайтадан ижро этиш ниятим бор.

— Сизга берилган энг ёдда қоларли совға? 

— Тўйимиздан аввал турмуш ўртоғим катта арча совға қилган. Уйда дугоналарим бўлгани боис уларга безатиш ишларини ишониб топшириб кетган экан. Эшикдан кириб келишим билан ка-а-атта арчани кўриб, севинчим ичимга сиғмаган. 

— "Оливье", мандарин ёки норин?

— Мандаринсиз Янги йил ўтмайди. Оливье, норинни у қадар хушламайман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Алишер ХОЛХЎЖАЕВ.

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Янги йилни яна қорсиз кутиб оламизми?

27.12.2019, 17:33

Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1