Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.
Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан кутиб олавермайди.
Статистик маълумотларга кўра сўнгги 50 йил ичида Тошкентда 31 декабрь ва 1 январда ўртача ёғингарчилик ҳар 3-5 йилда 1 маротаба кузатилган, лекин кўп ҳолларда ёмғир кўринишида бўлган.
Бу Ўрта Осиё иқлимининг ўзига ҳослигидир. Сўнгги йилларда, дунё бўйлаб глобал исиш тенденцияси кузатилиши сабабли, илиқ қишлар сони кўпаймоқда ва шу билан қишда қор кўринишидаги ёғингарчиликлар камаймоқда.
Шундай йиллар ҳам бўладики қор эски йилнинг охирги кунлари ёғиб январь ойининг бошларигача сақланиб туради. Лекин бизда сўнгги 5 йил ичида Янги йил байрамларида қуруқ об-ҳаво кузатилмоқда.
Бу йил ҳам Янги йилни биз қорсиз кутиб оламиз, дея маълумот бермоқда Ўзгидромет.
Хусусан 26-28 декабрь кундузи ҳарорат 14-17 даражагача кўтарилади. Бу меъёрдан 8-10 даража юқори. Декабрь ойининг сўнгги кунларида ҳаво ҳарорати меъёрий чегарада бўлиб: кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади. 29-31 январда Ўзбекистоннинг баъзи ҳудуларида ёмғир ёғади. Фақат республиканинг тоғли туманларида қор ёғиши кутилмоқда.