1

«Хотиним онамга ёқмаса, уйланавераман!»

СУҒДИЁНА 05.01.2017, 16:34
Теглар: Оила, Эр-хотин, SUGDIYONA
 «Хотиним онамга ёқмаса, уйланавераман!»

Саҳифамиз эксперти — таниқли тележурналист Насиба Мақсудова билан дардлашгани келган бу аёл исмини ҳам сир тутмаслигимизни сўради-ю, биз ошкор этишдан истиҳола қилдик. Суҳбатдошимиз арзимаган сабаблардан жанжал қиладиган қайнонасию фарзандларини тан олмайдиган турмуш ўртоғидан кўрган жабр-зулмлари ҳақида сўзлаб берди…

— Халқимизда «ўтирган қиз ўрнини топар», деган мақол бор. Турмушга ёшим ўттиздан ошгандан сўнг чиқдим. Не умидлар билан янги хонадонга қадам босгандим. Ота-онам ҳам бахтим очилганидан хурсанд эди. Аммо… уч ой ҳам яшамай, қайтиб келдим.

— Нега?

— Қайнонам умуман чиқиштирмади. Охири чидолмай, уйдан кетдим. Тўғриси, мен эримнинг иккинчи турмушиман. Биринчи хотини билан ажрашган. Ёшим ўтгани учун ота-онам ҳам яхши жой деб розилик беришган. Бу оилани бизга қўшнимиз тавсия қилганди. «Жуда яхши йигит, топарман-тутармон, уй-жойи, машинаси бор, инсофли, диёнатли. Фақат биринчи хотини яхши чиқмади-да! Енгилтабиатроқ эди. Номусга чидолмагандан кейин икки қизи бўлса ҳам ажрашди», деганди.

Маҳалла-кўй, қўни-қўшниларидан суриштирмаганмисизлар? Биринчи турмушидан аслида нима учун ажрашганини билиб олардингиз.

— Ота-онам маҳалласига бориб суриштиришса, қайнонамнинг дугоналари уларни роса мақташибди. Биринчи хотинига ҳар хил туҳматлар қилиб, айблашган… Менинг орзуларим ўзгача эди. Қўшнимиз ҳеч қўймади. Бир куни уйга келиб, келинимиздан расмимни олиб кетибди. Шундан кейин фикрим ўзгарди-қолди.

— Нима учун?

— Ўзим ҳам билмай қолдим. Қайнонам ўшанда «иссиқ-совуқ» қилдирган шекилли. Хуллас, тўйимиз бўлди. Кейинчалик уларнинг асл башараси очила бошлади. Тўйдан олдин қайнонам олам-олам ваъдалар берганди. «Алоҳида яшайсизлар, бутун уй-жой сизники», деб. Лекин тўйимиздан кейин қайнота-қайнонам ҳам, эридан ажрашган қайнсинглим ҳам бизникига кўчиб келди. Иложи борича уларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилардим. Қайнотам оғир ишда ишлайди. Эрталаблари у кишига овқат тайёрлаб берсам, қайнонам уришиб берарди. Умуман, бу хонадонда қайнотамни ҳеч ким одам ўрнида кўрмасди. Қайнонам обрўли жойда ишлагани сабаб, ҳеч кимни гапиртирмасди. Ҳар доим ўғилларини мақтаб, улардан ғурурланиб юради. Тепамизда амакимизнинг келини яшайди. Уйда ёлғиз ўтирган пайтларим ёнимга келиб, қайнонамни, эримни роса ёмонларди. Айтишича, кундошим жуда яхши аёл экан. Қайнонам ҳар икки кунда келиб, жанжал қилавергач, қизларини олиб, уйдан кетибди. Эрим ҳам болаларига бефарқ бўлиб, «сен фақат қиз туғасан, менга қиз туғадиган хотин керакмас», деб уриш қиларкан. Бу гапларни эшитганимдан кейин менинг ҳам кўнглим совиб кетди.

— Балки у аёл қайнонангиз ва эрингизни атайлаб сизга ёмонлагандир?..

— Шунақа ҳам дейлик, аммо унинг ҳамма гапи ўз исботини топаётганди. Шу кунларда қорнимда қаттиқ оғриқ сеза бошладим. Қайнонамга айтсам, «ўзи шунақа бўлади, хавотирланманг», деди. Оғриқ босилавермагач, турмуш ўртоғимга «УЗИ кўригидан ўтай», дегандим, қаршилик билдирди. Орада тишим оғриб, поликлиникага чиққанимда навбат кўплиги сабаб УЗИга тушдим. Ҳомиладор эканман. Хурсандлигимдан уйга шошиб келиб, турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилдим. Шу онда мен ўзимни жуда бахтли ҳис қилгандим. Аммо бу қувончим узоққа чўзилмади. Эрим ишдан кела солиб, мени дўппослай кетди. «Нега мендан бесўроқ шифокорга борасан», деб роса жанжал қилди. Жаҳл устида уйдан чиқиб кетдим. Кўчага чиқиб, бир соатча ўтирдим. Ўшанда изимдан кимдир келиб, мени уйга олиб кетишини жуда истагандим. Лекин… Ярим кечаси уйга келганимни кўрган ота-онам олдинига қўрқиб кетди. Ҳомиладорлигимни эшитгач, «энди нима бўлса ҳам сабр қил, ҳали ҳаммаси изга тушиб кетади», деб, мени шу куннинг ٴўзида қайтариб олиб боришди. Ўшанда қайнонам «иккинчи шунақа ўзбошимчалик қиладиган бўлса, уйга киритмайман», деб шарт қўйди.

— Хўш, ҳомиладорлигингизни эшитгандан сўнг қайнонангизнинг сизга муносабати ўзгардими?

— Йўқ, аксинча. Ҳатто, кўнглим тусаган нарсани олиб, ея олмасдим. Менга умуман пул беришмасди. Эрим ҳам беэътибор эди. Ҳар кунлик топган даромадини онасига берарди. Ота-онам «қизим тинч ўтирсин», дея ҳар борганимда пул беришарди. Бир куни қарасам, пулларим йўқ. Эрим олиб ишлатворибди. Майли, унисига ҳам чидадим. Лекин қайнонамнинг зуғумларига чидаш қийин эди.

 — Қанақа қайнона экан бу аёл?! Наҳотки, бировнинг қизига ачинмаса! Ҳозирги кўпчилик қайноналар келинларидан нолийди. Келинга паст назар билан қарайди. Уям бировнинг қизи, тирик жон эканлигини тушунмайди. Сизнинг ҳам қайнонангиз шу тоифадан экан-да, синглим.

— Турмушимизга ҳам арзимаган сабаб туфайли дарз кетди. Тўй куни кийган келинлик либосимнинг пулини қайнонам тўлаши керак эди. Кўйлак эгаси пул сўраганида, «мен билмайман», деб туриб олди ва мени уришиб ташлади. Эримда ҳам кўнглим бўлмагани учунми ёки бу уйда тинч-хотиржам яшашимга кўзим етмаганиданми, уйдан кетдим. Аммо хатомни тушуниб, кечирим сўраб борганимда қайнонам, «сен ҳомиладор эмассан. Қорнимда болам бор деб, уйимга кириб олмоқчисан», дея мени ҳайдаган. Ўғлимни ҳам ота уйимда дунёга келтирдим. «Неварамиз етим бўлмасин», деб ота-онам бошларини эгиб эримникига боришганида, қайнонам «ўнта ўғил туғса ҳам уйга киритмайман», дебди. Дадам маҳалла оқсоқолига учрашган экан, «қизингизнинг шу оила зуғумидан қутулаётганига шукр қилинг. Биринчи келинига ҳам худди шундай азоб бериб, ер билан бир қилиб ҳайдашганди», дебди.

 — Менга ўғил керак деб, иккита норасида гўдакдан воз кечган эрингиз-чи, ўғилли бўлгач, инсофга кирмадими?

— Ҳатто фарзандини бирор марта кўришга ҳам келмади. «Ярашайлик, ҳеч бўлмаса, боламизни ўйланг. Икки қизни тирик етим қилиб қўйганингиз етар», десам, «мен болани тан олмайман. Керак бўлса, олган хотиним менга, онамга ёқмаса, ўн марта ҳам уйланавераман», деб дўқ қилди. Шунча гапдан кейин энди менинг ҳам ярашиш ниятим йўқ. Судга ариза берганман. Алимент ҳам тўламаяпти. Ота-онам қилган сарполарни, нарсаларимни қайтариб беришмаяпти. Энди суд қарорини кутаяпмиз. Фақат ўғлимнинг тирик етим бўлиб қолиши, отаси бўла туриб, кўнгли ярим ҳолда ўсиши менга оғир ботаяпти. Ахир бечора гўдагимда нима айб (йиғлаб)?!

— Қўйинг, йиғламанг, синглим. Золим онасининг гапидан чиқмайдиган, пушти камаридан бўлган фарзандини тан олмайдиган эр билан яшаб, барака топмайсиз. Афсус, айрим одамлар бировнинг боласини, унинг бахтини ўйлашмайди. Бунақа инсонларни ҳали норасида гўдакларнинг уволи тутади. Қайнонангизнинг бу ҳунарлари ҳаммага ҳам ўтавермайди. Мана, ўзининг қизи ҳам қайтиб келган экан-ку! Эрингизнинг ҳам боши деворга урилиб, бир кун жазосини олади. Турмуш қуриш остонасида турган қизларимизга етти ўлчаб, бир кесишларини маслаҳат бераман. Зора, улар ҳам сизга ўхшаб, золим одамлар исканжасига тушиб қолишмаса. Сиз, синглим, кўнглингизни чўктирманг. Энди болангиз учун ҳам кучли, иродали бўлишингиз керак. Ишланг, ҳаракат қилинг. Ҳали ҳаётингиз олдинда!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА ёзиб олди    

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1