1

​«Эрим қадримга етишини истайман...»

СУҒДИЁНА 30.01.2017, 15:16
Теглар: Аёл, Оила, Эр-хотин
​«Эрим қадримга етишини истайман...»

«Сени ҳурмат қилмайдиган инсон билан яшаш оғир ва мураккаб. Айниқса, ўша инсон ўзинг бўлсанг». Руҳшуносимиз Наргиз САТТОРОВА аёлнинг оиладаги қадри мавзусида сўзни айнан шу ибора билан бошлади. Мақоламизни ўқисангиз, бу иборанинг мағзини чақиб оласиз, албатта.

1-мурожаат:

— Эрим мени умуман ҳурмат қилмайди. Доим ёлғон гапиради. Мен ҳам ундан меҳр кутаман, ширинсўз эшитгим келади. Ўн икки йил сабр қилдим, аммо бирор ўзгариш йўқ. «Сен хизматкорсан!» дейди нуқул. Одам ҳам ўз умр йўлдошига шунақа муомала қилиши мумкинми, айтинг?

Моҳира

2-мурожаат:

— Бундан беш йил олдин совчилар орқали турмуш қурганмиз. Икки фарзандимиз бор. Эрим ўзини жуда яхши кўради. Касал бўлсам, ёқмайман, иш қилсам, яхши гапиради, холос.

Қайнакам ҳам уйланди. Севиб оила қургани учунми, жуда аёлига меҳрибон. Мана, бир йил яшамай, алоҳида уй қилиб кўчиб кетишди. Онасини ҳам ўйлаб ўтиргани йўқ. Мен эса хизматларини қилсам ҳам, қадр топмадим. Бир ҳафта олдин оёғимга темир тушиб кетди. Шифокорга олиб бориш эримнинг ҳам, қайнонамнинг ҳам парвойига келмади. Кейин ота уйимга кетдим. Энди даволанаяпман. Улар эса келиб хабар олиш тугул қўнғироқ ҳам қилиб қўйишмади. Овсинимни ҳеч ким бундай хўрламайди.

Тўғриси, турмуш ўртоғимни яхши кўраман. У эса рашк қилишимни билиб ўзига қараб, кийиниб кўчага чиқиб кетади. Аниқ унинг ҳаётида кимдир бор. Менга доим қўполсан, дейди. Эркаланиб гапириш қўлимдан келмайди. Қандай қилиб эримга озгина қадримни билдириб қўйсам бўлади?

Сафура

Айб кимда?

Аёлини қадрламаётган эркакда эмас, ўзини қадрламайдиган аёлда. Чунки:

Агар инсон ўзини яхши кўрмаса, уни атрофдагилар яхши кўрмайди.

Агар инсон ўзини ҳурмат қилмаса, атрофдагилар уни ҳурмат қилмайди.

Агар инсон ўз баҳосини билмаса, атрофдагилар уни қадрламайди.

Биласизми, руҳшуносга қабулига келадиган ёки таҳририятга дардини айтиб қўнғироқ қиладиганларнинг муаммоси ҳар хил, аммо ҳаммасининг негизида инсоннинг ўзига бўлган баҳосининг пастлиги ётади. Биз бу борада сизга бир қанча психологик машқларни тавсия этамиз. Улар ўз устингизда ишлашингизга ёрдам беради деган умиддамиз.

Қўлингизга қоғоз ва ручка олинг:

Баҳонгиз қанча? Тасаввур қилинг, сиз ўқитувчисиз. Қўлингизда ҳаётий кундалик. Хўш, ўзнгизга неча баҳо қўярдингиз? Одатда аксарият аёллар иккиланиб қолади. Баъзилар эса «Бебаҳоман», дейишади. Бебаҳо дегани баҳоси йўқ деганими? Демак — «О». Аниқ рақам билан кўрсатиб ўзингизни неча баҳога баҳолашингизни ёзинг.

Ютуқларингизни сананг. Хўш, сизнинг қандай ютуқларингиз бор? «Олий маълумотлиман, оилалиман, болаларим бор» билан чекланиб қолманг. Дунёга келганингиз мўъжизамасми? Ота-онангиз бағрида улғайганингиз-чи? Боғча, мактабга борганингиз-чи? Мактабда фахрий ёрлиқлар олгандирсиз? Қўлингиздан келадиган ишларни сананг? Чевармисиз, пазандами ёки? Унутманг, сиз бетакрорсиз! Худди сиздек инсон, сиздек қош-кўзли, орзу-ҳавасли бошқа одам ер юзида йўқ, бўлмаган ҳам, бўлмайди ҳам.

Мақсадларингиз қанақа? Бу саволга ҳам кўпинча «Эрим билан қўша қариш, болаларнинг роҳатини кўриш» каби умумий жавобларни айтиб қўя қолишади. Йўқ, аниқ мақсадларингизни ёзинг. Нима кутаяпсиз ҳаётдан? Нималарга даъвогарсиз? Эрингиздан нима истайсиз? Ҳаммасини аниқ қилиб ёзинг.

Эндиги қадам, ўзимизга бўлган баҳомизни аниқлаштириш. Ютуқларингиз мақсадаларингизга мосми?

Агар ютуқларингиз сони мақсадларингизга нисбатан жуда кам бўлса, демак, ўзингизга бўлган баҳонгиз ҳам паст. Яъни олдингизда баланд минора, сиз эса унинг остонасидамассиз ҳам. Ҳаракат ҳам қилмайсиз. Чунки бир гап онг остингизга ўрнашиб қолган: «Менинг қўлимдан келмайди!» Ҳаракат қилган тақдирингизда ҳам бир-икки қадам ташлагач, омадсизликка учрасангиз, «Эплай олмаслигимни билгандим», дея ўзингизга бўлган ишончингизни баттар сўндирасиз. Шунинг учун ҳам «Ўн икки йил сабр билан хизматини қилсам ҳам», «Икки бола туғиб берсам ҳам», дея надомат чекаяпсиз. Сабрли эканлигингизни, фарзанд дунёга келтирганингизни ютуқ деб санамайсиз-да. Уларни фақат миннат оҳангида тилингизга чиқарасиз.

Ютуқлар етарли бўлса-ю, аммо кишининг олдига қўйган мақсадлари сариқ чақага ҳам арзимаса, демак, ўзига бўлган баҳоси жуда юқори. Бу яхши дегани эмас. Бундай тоифа кишилар худбин, манман бўлишади.

Ютуқлар ва мақсадлар ҳамоҳанглигида эса инсоннинг ўзига бўлган баҳоси ҳам меъёрда бўлади. Яъни муштарийларимиз мисолида тушунтирадиган бўлсак, мақсадингиз эрингизнинг ҳурматини қозониш экан, хўш, бунинг учун ўз ютуқларингизни биласизми? Уларни билмаганингиз, аслингизни танимаганингиз учун ҳам ўзингизга бўлган баҳонгиз паст. Шунинг учун турмуш ўртоғингиз ҳам сизга юқоридан назар ташлайди. Яна «Озгина қадримга етсин», дебсиз? Озгина қанча? Бу нима дегани? Аҳволингиз оғирлашганда шифохонага олиб боришими? Келмаса ҳам, қўнғироқ қилиб ҳолингизни сўрашими? Йўқ, ниятни бутун қилинг. Қадрнинг оз-кўпи бўлмайди.

Марказга интиламиз!

Бу аёлларнинг ўзига бўлган баҳосини атрофдагилар белгилайди: эри, қайнонаси, овсини, қўни-қўшниси. Уларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрнини бошқалар ҳал қилади. Аслида эса ҳар бир инсон ўзи белгилаши лозим буларни. Кишининг ўзига бўлган ишончи бошқаларга боғлиқ бўлмаслиги керак. Бўлмаса, ширинсўз кутиб, бир умр мунғайиб ўтиб кетасиз ёки кимнингдир битта гапидан ўзингизни ерга урасиз.

Муҳаббатнинг тили

Сиз эрингизнинг муҳаббатини қуйидаги қайси омил билан ўлчайсиз? Қуйидаги бештасидан қай бири сиз учун биринчи ўринда?

1. Ширинсўзлар, дил изҳорлари.

2. Тана. Айримлар турмуш ўртоғи уни бағрига босишидан муҳаббатни ҳис этади.

3. Ҳатти-ҳаракатлар. «Иситмам чиққанди, эрим мен учун дорихонага бориб келди!», «Дадаси мен учун ошхонани қулай қилиб берди!» Яъни жуфтининг ёрдам қўлини чўзиши, қўллаб-қувватлашидан унинг севишини англатади.

4. Бирга ўтказилган вақт. Баъзи жуфтликлар учун севги доим, ҳар нафасда ёнма-ён бўлиш дегани. Бирга кино томоша қилиш, бирга бозорга бориш кабилар.

5. Эътибор: совғалар, кутилмаган таклифлар.

Хўш, сиз ширинсўзлар кутаяпсизми? Умр йўлдошингиз-чи? Балким у учун сўзлар биринчи ўринда турмас. Ёки иккинчи муштариймизнинг эри қўполликда айбларкан. Аёл эса эркаланиб гапира олмайман, деяпти. Турмуш ўртоғи камчилигини айтиб турса ҳам, тўғирлашга уринмаяпти. Гўёки ийманаяпти. Лекин ғамхўрлик қилмаслиги, эътибор бермаслигидан нолияпти. Унутманг, муносабатларда доим саломга яраша алик олинади. Сиз жуфтингизнинг хоҳишларини қондирмас экансиз, у ҳам сиз истаган меҳрни бахш этмайди.

Ўзимизни севишни ўрганамиз!

  • Ютуқларимизни ёзиб чиқамиз! 50 тадан кам бўлмаслиги шарт!
  • Мақсадаларимизни аниқлаштириб оламиз!
  • Эримизни эмас, ўзимизни ўзгартиришга киришамиз! Бунинг учун:
  • А. Кўзгуга қараб, кўзларингизга тик боқиб, ўзингизга ширинсўзларни айтинг. Чиройли эканлигингиз ва яна бошқа ютуқларингизни сананг. Биринчи кун ҳеч бўлмаса 1 дақиқа шу машқни бажаринг.

    Б. Танангизга эътибор қаратинг. Парваришланг, массаж қилинг, даволанишингиз керак бўлса, муолажани ортга сурманг. Қаддингизни тик тутиб юринг! Шунда атрофдагиларнинг муносабати ўзгаради. Букчайган одам эзилишга, синашга тайёр бўлади доим.

    В. Ўзингиз учун нимадир қилинг. Масалан, яхши кўрган тортингизни пиширинг. Ҳеч бўлмаса, туман/шаҳар марказидаги хиёбонга бориб айланиб келинг. Бирор курсга ёзилинг.

    Г. Ўзингиз билан ёлғиз қолиб гаплашинг. Кўнгилингизга қулоқ тутинг. Саволларингизга жавоб беринг.

    Д. Ўзингизга кичик бўлса-да, нимадир совға қилинг.

  • Бошқалар билан ўзингизни солиштирманг, улардан ўрнак олинг. Масалан, овсинингиздан. Хўш, нега уни эри ҳурмат қилади, севиб уйлангани учунми фақат? Ёки ўзини яхши кўргани учунми? Қайнонангиз нега икки хил муносабат қилади: уни хўрламайди, сизни эса писанд қилмайди? Овсинингизни ёмонмас, у ўзига нима кераклигини ва яхши муносабатга арзишини билади. Сиз ҳам шундай бўлинг. Умуман ўзига ишонган аёлларнинг этагини тутинг.
  • Ўз устингизда ишланг. Янги қирраларингизни кашф қилинг. «Хизматини қиламан-ку, болаларининг онасиман-ку», деманг. Эрингиз учун қизиқарли ва сирли бўлинг. Фақат ташқи кўринишингиз эмас, ички дунёнгиз ҳам уни оҳанграбодек тортсин. Бунинг учун дунёқарашни кенгайтириш керак. Ақл, қалб ва тана уйғунлигига эришишингиз лозим. Яъни фаросатли, муомалани қойиллатадиган, қалби хотиржам, беҳуда рашкка берилмайдиган, танаси соғлом ва чиройли бўлишингиз керак. Шунда анча ёш ва жозибали кўринасиз.
  • Айбдорлик ҳиссидан халос бўлинг. «Мен яхши гапира олмайман», «Тўлишиб кетганман» дея ҳадеб ўзингизни танқид қилманг.
  • Қасдма-қасд иш қилманг. Эрнинг пулини совуриб, уйдан кетиб қолиб, ё ўзбилармонлик қилиб, муаммони янада катталаштирманг.
  • Китоб ўқинг, изланинг, мутахассис билан ишлаб, ўзингизга мос йўлни танланг.
  • Ёдда тутинг

    Эркак ўзини жуда паст баҳолайдиган, уни йўқотиб қўйишдан қўрқадиган аёлнинг ёнида бахтни ҳис қилолмайди. Эркакка ташқи кўриниш муҳиммас, унга нозик жинс вакилининг ёнидаги ҳолат аҳамиятли. Яъни сиз ўзига ишонган, оёғида мустаҳкам турадиган, ўзини аълога баҳолайдиган аёл бўлинг, токи у ёнингизда ўзини зўрлигини англасин ва бошқаларга эҳтиёжи қолмасин.

    МУХЛИСА

    Шарҳлар

    Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

    26.09.2021, 17:45

    Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
    Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

    23.08.2021, 16:08

    Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
    Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

    01.06.2021, 18:32

    Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
    Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

    27.05.2021, 16:56

    АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
    Об-ҳаво: Тошкент
    Валюта курси
    1