1

​​“Одам деган шунчалар ҳам қўрқоқ ва эҳтиёткор бўладими, а?” Блогернинг пропискага оид петицияси яна бир бор рад этилди

ЖАМИЯТ 18.02.2020, 11:36
​​“Одам деган шунчалар ҳам қўрқоқ ва эҳтиёткор бўладими, а?” Блогернинг пропискага оид петицияси яна бир бор рад этилди

Хабарингиз бор, бир муддат аввал прописка режимини бекор қилиш бўйича «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига учинчи марта петиция юборган блогер Хушнуд Худойбердиев бу портални кўзбўямачиликка очилган деб, ҳисоблашини айтган эди.

Айни пайтда блогернинг пропискага оид петицияси яна бир бор рад этилди.

“Кўпчилик «пропискага оид петициянгиз нима бўлди?» деб савол бермоқда. Бундай савол бераётганлар ўта оптимист ва келажакка умид билан боқувчи инсонлардир. Яъни улар «балки, бу сафар Олий Мажлисда ўтирган раҳбарлар ушбу петицияни чиқаришар» дея ишонишади. Эҳ, содда одамларей...

Бу сафарги рад қилиш сабабига қуйидаги асосни келтиришибди:

Давлат дастури ва Президент Фармони ЛОЙИҲАСИДА “прописка тизимини ислоҳ қилиш” деган банд ТАКЛИФ ЭТИЛАЁТГАНИ учун ушбу петицияни чиқара олишмас эмиш.

Шу қарорни қабул қилганларни «саводсиз» десам, кўнглига келади, шундайми? Бу уларга ҳақорат бўлиб туюлиши аниқ. Аммо айтингчи, ҳали ҳеч қандай қонуний кучга эга бўлмаган, шунчаки таклиф сифатида муҳокама қилинаётган давлат дастурининг бир бандини деб, петицияни рад қиладиганларни яна қандай аташ мумкин? Ўзларингиз бирор номни таклиф қилолмайсизларми мабодо?

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунни бутун бошли Олий Мажлисни бошқараётганлар билмаслиги кулгули, албатта.

Ҳа, майли, нима ҳам дердик, бу сафарги рад қилиш унчалик қўрқинчли эмас. Чунки шундоқ ҳам прописка бўйича ишлар бошлангани рост. Бу бўйича шахсан Президент топшириқ бергани ҳам барчага маълум. Тез орада яхши янгиликлар эшитишдан умидвормиз. Менинг ушбу петициям барибир вазиятни кескин ўзгартириб юбормасди.

Аммо гап бунда эмас. Гап мамлакат қонунларини ишлаб чиқувчи инсонларнинг ўзи қонунларни билмаслиги ёки била туриб уларга амал қилмаслигида.

Ҳа, барака топгурлар, шундоқ ҳам Президент бошчилигидаги давлат сиёсати пропискани бекор қилишга қараб кетаётган бўлса, нимадан бунча қўрқасиз, чиқаравермайсизми, асакангиз кетармиди, дегинг келади. Одам деган шунчалар ҳам қўрқоқ ва эҳтиёткор бўладими, а? Замон янгиланиши мумкин, аммо эскича қарашли раҳбарларнинг дунёқараши янгиланмаса, ҳаммаси бекор”, —деб  ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1