Ижтимоий тармоқларда Наманганда мактаб битирувчиси ўлгудек калтаклангани айтилди.
Наманган вилояти ИИБ хабар беришича, ҳолат жорий йилнинг 11 июн куни соат 11:30 ларда Поп тумани, Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган билярд клубида содир бўлган. Икки гуруҳ ёшлар ўзаро жанжаллашиб, улардан уч нафари турли хил даражадаги тан жароҳатлари олишган.
Жумладан, М.Т. (видеодаги шахс) ҳодиса натижасида оғир тан жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан 11.06.2024-йилда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми "э, л" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ҳозирда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят иши Наманган вилояти ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.