1

"ИИВ бундай ҳолларга “Бу янгилик эмас” деб қарашга одатланиб қолган". Наримон Умаров андижонлик фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилганига муносабат билдирди

ЖАМИЯТ 15.06.2020, 18:41
"ИИВ бундай ҳолларга “Бу янгилик эмас” деб қарашга одатланиб қолган". Наримон Умаров андижонлик фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилганига муносабат билдирди

Хабарингиз бор, бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат бўйича ИИВ вазирлиги расмий баёнот билан чиқиб, ушбу фожиада иштирок этган ва масъул бўлган 5 нафар лавозимдаги шахсларни ишдан олингани ва 19 нафар ходим жазоланганини маълум қилди. 

Ҳодисага Ўзбекистоннинг бир қатор ижтимоий фаол шахслари — журналист, блогер ва депутатлар  муносабатларини эълон қилишди. Хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров воқеага муносабат билдирди.

"Сўнгги йилларда барча соҳаларда ўзгаришларни кўраяпмиз. Адолатни таъминловчи органлар фаолиятида ҳам маълум бир янгиликлар бўлмоқда. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини янги тизимга ўтказиш ҳар қанча гапирилмасин, кимлардир бу таъкидларни ўзига сингдира олмаётгани ачинарли ҳол.  

Андижон вилоятидаги ИИБ ходимларининг ҳатти-ҳаракати оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан эътирозга сабаб бўлаётгани бежиз эмас.  

Бинобарин, уларнинг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқ ости қилинибгина қолмади, балки бир инсон энг олий ҳуқуқи яшаш неъматидан мосуво бўлди. Шу билан бирга мамлакат раҳбарияти ва аҳолимизнинг давлатнинг халқаро имиджини яхшилаш учун қилаётган кўп сонли ҳаракатларига путур етди.

ИИБ масъулларининг мақсади бир бўлиши лозим – ҳақиқатнинг тагига етиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш. Аммо инсон ҳуқуқларини топташ орқали адолатга эришиб бўлмайди, фуқароларни дўппослаш уларни ҳимоя қилиш ҳисобланмайди.

Афсуски, ИИВ бундай ҳолларга “Бу янгилик эмас” деб қарашга одатланиб қолган.  

“Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.

Шундай экан, биз бу каби кўнгилсиз ҳолатларга кечиктирмай барҳам берилиши, мудҳиш иллатлар одатий ҳолдек қабул қилинмаслиги тарафдоримиз.  

Албатта, айбдорлар томонидан тегишли мутасаддилар жазосини олиши керак. Лекин, уларнинг жазо олгани марҳумни яқинларига қайтариб бермайди. Ёки бундай ҳолат бошқа такрорланмаслик кафолатини бермайди. Яъни ички ишлар тизимида ислоҳотлар натижадорлиги замон талабларига мос эмас.  

Бу ҳолат бошқа такрорланмаслик учун кимнидир жавобгар қилиш, кимнидир ишдан бўшатиш, кимгадир интизомий чора билан чекланиш эмас, тизимли ислоҳотлар, янгиланишларни амалга ошириш лозим. Бунда тергов органларининг идоравий манфаатдорлигини баратараф этиш, улар мустақиллигини таъминлаш, жараёнларни шаффофлаштириш лозим.  

Энг асосийси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда “Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат” эканлиги тўғрисидаги норма ИИВ фаолиятининг энг асосий тамойилига айланиши лозим", — дейилади депутат мулоҳазаларида. 

Мавзуга доир: Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилганини қатъий назоратга олди ва талаб билан чиқди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1