1

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилганини қатъий назоратга олди ва талаб билан чиқди

ЖАМИЯТ 15.06.2020, 09:41
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилганини қатъий назоратга олди ва талаб билан чиқди

Хабарингиз бор, бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда Андижонда фуқаронинг ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат бўйича ИИВ вазирлиги расмий баёнот билан чиқиб, ушбу фожида иштирок этган ва масъул бўлган 5 нафар лавозимдаги шахсларни ишдан олингани ва 19 нафар ходим жазоланганини маълум қилди. 

Ҳодисага Ўзбекистоннинг бир қатор ижтимоий фаол шахслари — журналист, блогер ва депутатлар  муносабатларини эълон қилишди. Айни пайтда ушбу аянчли воқеага Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муносабат билдирди.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А. Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилгани ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқлангани, унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, 11 июнь куни вафот этгани билан боғлиқ ҳолатни қатъий қоралайди.

Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Масъул вазирлик ва ташкилотлардан келажакда жиноятчиликнинг  олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини  талаб қиламиз.

Бу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т. Йўлдошевга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилди.

Бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожеалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз", -- дейилади Миллий марказ матбуот хизматининг Даракчига тақдим этган муносабатида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1