"Даракчи" таҳририяти томонидан йўл масаласига оид савол, таклиф ва фикрлар мазмунида ўтказилган сўровномада кўплаб юртдошларимиз фаол иштирок этди. Улар йўл белгилари ва чизиқларининг йўқлиги ўз ҳудудларидаги оғрлиқли мавзу эканлигини билдиришган.
Ана шу сўровномада Чуст тумани Пансада маҳалласида яшовчи Ф. Раимжоновнинг қолдирган мурожаати эътиборимизни тортди.
"Бизни маҳаллада 2-3 йил олдин давлат ҳисобидан йўлни янгилаймиз, деб ўртача ҳолатдаги йўлни бузиб, латок қўйиб, тупроқ, шағал тўкилган эди. Бу ишлар шу алфозда қолиб кетди. Энди баҳорда чанг, қишда лой йўлда юрамиз. Бундан ўнқир-чўнқир бўлса ҳам эски ҳолати яхши эди. Хоҳласангиз расмини ҳам қўяман. Манзилимиз Наманган вилояти Чуст шаҳри Пансада маҳалласи", - деган мурожаатчи.
Қизиқ, оз бўлса-да, яроқли бўлиб аҳоли фойдаланиб турган йўл нима сабабдан бузиб ташланди? Биз мана шу саволга жавоб топиш мақсадида Чуст тумани Пансада маҳалласида бўлдик ва аҳоли вакиллари ва мутассаддилар билан билан суҳбатлашдик.
"Бу ҳудуд туман марказида жойлашганлиги сабабли жойни ободонлаштириш ишлари бошланган. Аммо бу вақтда маблағ ажратилмаган, ўз ташаббусимиз билан амалга оширганмиз. Мақсадимиз фуқароларга яхши шароит яратиш эди. Шу сабабли бугунги кунда бу ишларни яна давом эттиряпмиз. Ҳозирда қарийб 600 метр жойни асфальт қилиб ҳам бўлдик", - дейди туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Баҳодир Болтаев.
Умида ҚЎШОҚОВА, Намангандан махсус тайёрланди






