1

"Илоҳим 105 ёшда ҳам халқимизга хизмат қилиб юрайлик". Шерали Жўраевнинг бугунги аҳволи, ҳали ҳеч қаерда айтмаган ҳақиқатлари ва янги лавозими ҳақида батафсил

ШОУ-БИЗНЕС 08.12.2021, 15:19
"Илоҳим 105 ёшда ҳам халқимизга хизмат қилиб юрайлик". Шерали Жўраевнинг бугунги аҳволи, ҳали ҳеч қаерда айтмаган ҳақиқатлари ва янги лавозими ҳақида батафсил

Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг бутун умри, фаолияти бошқалар учун ўрнак бўлишга арзийди. Ҳаётини беҳуда ишларга сарфламайдиган, эзгулик ва яхшиликни дилига жо айлаган бундай кишиларга ҳамиша ҳавас билан қараймиз. Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, ўзбек санъатининг афсонаси Шерали Жўраев ана шундай улуғ юртдошларимиздан биридир.

Ҳофизнинг ашаддий мухлислари беҳисоб. Дарахт илдизсиз кўкармаганидек, бундай мухлислар санъаткорга қанот бағишлайди. Бу каби шинавандалар олдида мабодо кўп китоб ўқиганлигингизни асло пеш қила кўрманг. Чунки улар ниҳоятда зеҳнли, заковатлидир. Тўрт қатор шеърни шарҳлашни бошласангиз, сиз тушунган маъно-моҳиятдан кўра теранроқ фикр-мулоҳазаларни билдиришади бундай мухлислар. Нега шундай, десангиз жавоб бундай: “Улар Шерали Жўраевнинг қўшиқларини кўп тинглашади”. Ҳофизнинг хонишларини англамоқ эса ҳаётни англамоқ билан баробардир. Биз ана шундай мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда севимли ҳофизимиз билан суҳбат уюштирдик.

— Ассалому алайкум. Қадрли Шерали ака, аввало, суҳбатга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Саломатлигингиз, кайфиятингиз яхшими?

— Ваалайкум ассалом. Яратганга беадад шукр, соғ-саломатман. Энди иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, дейдилар. Ҳамма қатори оддий инсонмиз, шамоллаш, хаста бўлиш табиий ҳолат. Очиғини айтсам, шу пайтгача касаллик нелигини билмаганман. Болаликда дала-даштда юриб, қўй-қўзи боқиб жуда чиниқиб кетган бўлсак керак-да. Шамолни шамол, қорни қор демай тоғу тошларда юрганман сурувнинг орқасидан. Олой тоғларигача борганмиз. Далада нима юмуш бўлса, сен  катта, мен кичик демасдан бажараверардик. Ота-онамиз бизни меҳнатга ўргатган, ҳалоллик билан яшашга ўргатган. 

Шукр, мана шундай гўзал кунларни кўряпмиз. Халқимиз, мухлислар тинмай дуо қилишганидан ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турдим. Эллик йилдан ортиқ вақтдирки, эл хизматидаман. Фурсати етганда аввал ҳам айтган гапимни яна такрорлайман: илоҳим 105 ёшда ҳам халқимизга хизмат қилиб юрайлик. 

— Сиз ватанпарварликка ундовчи кўплаб қўшиқлар айтгансиз. Айтингчи, Ватан туйғуси аслида қандай тушунилади? 

— Бугун янги давр бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарларни халқ учун хизмат қиладиган тизимга асос солди. Бу одамийлик, инсонпарварлик, халқпарварлик намунаси. Мен илгари бундай ҳолатга дуч келмаганман. Раҳбар деса халққа ўгай кишиларни тушунардик. Энди эса манзара тамоман ўзгарди. Кўп хизмат сафарларида юрдим, вилоятларда, туманларда, энг чекка қишлоқларда уюштирилган тадбирларда иштирок этдим. Ва ҳамма жойда кўрдимки, раҳбарлар ўзгарган. Халққа хизмат қилиш учун уларнинг қўли кўксида. Буларнинг ҳаммаси шу халқни яхши кўрган, эл фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган давлат раҳбарининг юксак инсонийлик фазилати туфайлидир. 

Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида, шаҳарларида бўлганман, аммо халқимиздек меҳр-оқибатли, меҳнаткаш, самимияти юксак эл камдан-кам топилади. Уй эгаси билан файзли, деганларидек, Ватан равнақида ҳам мана шундай танти, мард ва фидойи инсонларнинг ўрни беқиёс. Муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракати одамларга ибрат бўляпти. У кишининг: “Халқимиз яхши яшаши керак, ислоҳотлар самарасини эрта ё индин эмас, айнан бугундан сезиши, ҳис қилиши керак”, деган улуғвор ғоялари қалбларга кириб боргани бежиз эмас. Чин ватанпарвар, халқининг дарду изтиробини, орзу-умидларини юрак-юракдан ҳис қилган киши ана шундай эзгуликларга, хайрли амалларга бош бўлади. Шунинг учун ҳам яқинда бўлиб ўтган сайловда халқимизнинг Шавкат Мирзиёевга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва ишончи юксак эканлигига яна бир карра амин бўлдик. Ватан туйғуси, ватанпарварлик бу, халққа хизмат қилиш, деб ўйлайман. Халқнинг меҳрини қозониш — улкан саодат. 

— Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 августдаги қарори билан “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Мазкур фондга сизнинг раҳбар этиб тайинланишингиз мухлислар учун чинакам шодлик улашди.

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ташаббуси яхши ниятли барча-барчани беҳад тўлқинлантириб юборди. “Ватандошлар” жамоат фондининг таъсис этилиши бу, аввало, ўзини шу замин, шу тупроққа дахлдор деб билганлар учун катта байрам бўлди. 

Ким бўлмасин, қандай ҳаракат ва фаолият кишиси бўлмасин, у энди “Ватандошлар” жамоат фонди ҳузурига талпинади, ошиқади. Шу аснода Ўзбекистон деган муборак юрт фарзандлари бир-бирига янада жипслашади, давралар гавжумлашади, миллатдошлар кўпроқ дийдорлашади, дардлашади, муаммоларга баҳамжиҳат ечимлар топишади. 

Юқорида айтганимдек, жуда кўп хориж мамлакатларида бўлдим. “Онагинам”, “Ўзбегим” деб қўшиқ бошлаганимда, кўзидан дув-дув ёш оққан ватандошларимни кўрдим. Ўшаларнинг изтиробларига, соғинчларига бир зум шерик бўлар эканман, ўзимда кучли сесканиш сезардим. Шундай кезларда беихтиёр буюк шоиримиз Эркин Воҳидов: 

“Жаҳонда мен туғилган ўлкадек ҳеч бир диёр бўлмас, 

Бу янглиғ боғ-у гулшан ҳам бу янглиғ гул-у зор бўлмас, 

Ватан севмакдин ортиқ менга оламда шиор бўлмас, 

Ватанни севмаган инсон, жаҳонда бахтиёр бўлмас!” 

— дея беҳуда ёзмаганини эътироф этасан, киши. 

Бир гал, адашмасам, 2001 йил эди, ижодий сафар билан Исроил давлатига борганимизда Тель-Авив шаҳрида яшовчи, бир пайтлар Самарқанддан кўчиб кетган Эммануэл деган яҳудий ватандошимиз бизни хонадонига чақирди.

Меҳмондорчилик даврасида Ватан ҳақидаги қўшиғимни айтдим. Қўшиқ ярмига борганда Эммануэлнинг онаси — ўқитувчи уввос солиб йиғлаб юборди. Қаранг, Самарқандда туғилиб ўсган, тақдир тақозоси билан бу ердан кўчиб кетган онахоннинг Ватанимизга бўлган самимий туйғулари ифодасини кўринг. 

Мен ярим асрлик ижодим давомида ўнлаб чет эл сафарларида бундай ҳолатларни жуда кўп кўрдим. 

Азизларим, биродарларим! Ватан, она Ўзбекистон – барчамизники. “Ватандошлар” жамоат фонди шу муқаддас Ватанимизга бўлган ифтихоримизга лаббай, деб хизмат қилади, албатта. 

Юклатилган масъулиятни мен ўзимга билдирилган юксак ишонч, жуда катта эътибор деб билиб, бор имкониятим билан шу юртга хизмат қилишга шайман. 

— Халқаро мақом фестивалига асос солинди. Унинг аҳамияти ҳақида нима дейсиз? 

— Юртни дунёга танитишда санъатнинг ўрни катта. Айниқса, мақомнинг юки, таровати бошқача. Мақом дегани ноталарда ўз ўрнини топган мусиқа дегани. Агар битта нота бузилса, мақомнинг жозибаси йўқолади. Бугун ота-боболаримиз томонидан азал-азалдан авайлаб-асраб келинаётган санъатимизнинг довруғини янада кенг ёйиш учун қулай имкониятлар яратилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар икки йилда ўтказилиши белгиланган ушбу фестивалдан кўзланган мақсад аниқ: мақом санъатининг жозибасини, латофатини, бетакрор оҳангларини тараннум этиш. Айни пайтда мазкур фестиваль халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга кенг йўл очади.

Тасаввур қилинг: анжуманда 100 га яқин мамлакатдан созанда ва хонандалар, мутахассислар, нуфузли меҳмонлар қатнашади. Бу шунча мамлакатда ўзбек мумтоз санъати ҳақида сўз боради, мақом йўналиши тарғиб этилади, деганидир. Бу куй ва наво орқали дилларни дилларга боғловчи кўприк деганидир. Бу чуқур илдизга эга санъатимизни қадрлаш деганидир. 

— Узоқ ва олисдаги мамлакатлар, айниқса Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичда ривожланиб бораётганлиги ҳаммамизни қувонтирмоқда. Айниқса Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг самимий мулоқотлари икки халқнинг эту тирноқдек яқинлиги ифодасидир. Шундай эмасми?

— Аждодларимиз ҳамиша бирга касбу кор қилганлар, бошга тушган мусибатларни елкадош бўлиб енгишган. Икки халқ минг йиллар давомида Наврўзни бирга байрам қилди. Сирдарё, Амударё бўйларини биргалашиб обод водийларга айлантирди. Сўнгги бир ярим асрлик мустамлака зулмини ҳам бирга тортди. Ниҳоят истиқлолга ҳам бирга эришди. 

Ота-боболаримиз топиб айтганидек, икки халқнинг йиғласа қайғуси бир, куйласа чолғуси бир. Халқларимиз ўзаро қондош ва ёндош бўлиб, қуда-анда тутиниб асрлар юкини бирга тортган. Биз бир дарёдан сув ичамиз, бир далада экин экамиз. Исмимиздан ҳам ҳеч ким бизнинг бир-биримиздан фарқ топа олмайди. Ҳазрат Алишер Навоий бир тожикча ғазалида ёрни “чашмони турконаву, мижгони тожикона”, яъни “кўзлари туркона-ю киприклари тожикона” деб бежиз таърифламаган. 

Улуғ шоирнинг бу сўзларини эслаганимнинг боиси, икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг ўрни беқиёс бўлган. Биз аждодларимиз асос солган ушбу анъанага ҳамиша содиқ бўлишимиз керак. Шу маънода, бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақада жойлашган мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари таҳсинга сазовор. 

Дунёда мамлакатлар кўп, халқлар ҳам турли-туман. Улар гоҳо айро тилларда сўзлашса-да, кўп асрлик умумий тарих, маданий-маънавий муштараклик элларни, дилларни боғловчи муҳим омил бўлиб келган. Хусусан, ўзбек ва тожик халқларининг ўхшаш урф-одат ҳамда санъати ана шундай маданий мулоқот шаклларини топиш, ютуқлар билан алмашишга имкон берган. Бугун ҳам бу каби анъаналар давом этмоқда. Бундай учрашувлар бардавом бўлсин. 

— Мамлакатимизда ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида кўпгина ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Сиз ҳам китоб ўқиш ҳақида кўп гапирасиз. Хонадонингиздаги кутубхона ҳам мутолаани яхши кўришингизни билдиради. Афсуски, айримлар китобга бепарво, лоқайд... 

— Тўртинчи ёки бешинчи синфда ўқиб юрганимда маъносига у қадар тушунмасам ҳам Алишер Навоий ғазалларини ўша пайтлардаги машҳур сухандон Қодир Махсумовга ўхшаб ўқишимни билган отам уйимизга келиб турадиган олимлар, фузалолар даврасида менга ғазаллар ўқитардилар. Одоб-ахлоқ, шеърият, санъат ҳақида тонггача давом этадиган бу суҳбатларда Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Комилжон Отаниёзовнинг қўшиқлари эшитиларди. Бу гурунгларни жон қулоғим билан тинглардим. Раҳматли Нурмуҳаммад отамиз китобни яхши кўрганлиги, китоб ўқийдиганларни қадрлагани учун ҳам шундай давраларни тез-тез уюштириб турардилар. Муҳтарам Президентимизнинг китоб ўқишни тарғиб этиш, ёшларимизда мутолаа маданиятини шакллантиришга қаратаётган эътибори замирида ҳам кўпдан-кўп эзгуликлар мужассам. Китоб ўқимаслик бу ўз ўзига душманлик. Тўғри айтдингиз, умрида бир марта бўлсин китоб ўқимаганлар ҳам бор. Пули бор, давлати бор, аммо уйида иккита китоби йўқларни қандай тушуниш мумкин? Сўзни бузиб, тушунмай айтадиган қўшиқчилар ҳам бор. Суриштирсангиз, улар ҳам мутолаадан узоқ бўлиб чиқади. Алишер Навоий, Бобур, Машраб ғазалларини қўя туринг, бугунги замонавий шоирларимизнинг шеърларини ҳам “тушунмайдиган”лар учраб туради баъзан. Аслида, санъаткор ҳаммадан кўра кўпроқ ўқиши керак. Ўзимга келсак, Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини йилда икки марта ўқиб чиқаман. Алишер Навоийнинг китоблари ёстиғим остида туради. Шу кунларда эса азиз биродаримиз, раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол” китобларини мутолаа қилмоқдаман. 

— Юртдошларимизга тилакларингиз... 

— Фарзандларим, набираларим, яқинларимга неки эзгуликни истасам, халқимизга ҳам фақат яхши ниятларни тилайман. Юрагимизда ҳавас бўлсин. Президентимиз улуғ ишларга бош-қош бўляптилар. Бирор бир соҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бу интилишлар, саъй-ҳаракатлар халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган. Ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, ислоҳотларни амалга оширишда юртбошимизга камарбаста бўлайлик. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ суҳбатлашди

"Даракчи" газетаси, 2021 йил 25 ноябрь сони 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1