АсосийDunyo

Ака-укалар, болалар, 26 ёшли аёл ва қутқарувчиларнинг кўз ёшлари... Туркияда зилзиладан бир ҳафта ўтиб омон топилганлар

'Ака-укалар, болалар, 26 ёшли аёл ва қутқарувчиларнинг кўз ёшлари... Туркияда зилзиладан бир ҳафта ўтиб омон топилганлар'ning rasmi

Туркияда даҳшатли зилзила вайроналари остидан одамларни қутқариш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги хабар бермоқда.  

Жумладан, Туркиянинг Ҳатай вилоятида ҳалокатли зилзиладан 181 соат ўтиб икки вояга етмаган ака-ука вайроналар остидан тириклайин олиб чиқилди. Саккиз ёшли Ҳарун Шерифўғли ва ўн беш ёшли Эюпҳан Шерифўғли Антакя вилояти марказида қулаган бино вайроналари остидан қутқариб олинди. Жароҳатланганлар касалхонага ётқизилган.

Қутқарилган болаларнинг амакиси Рамазон Шерифўғли “Бу ҳақда эшитганимизда, биз дунёдаги ҳамма нарсани унутдик. Биз ҳозир таътилдамиз. Яқинда зилзила пайтида вафот этган оналарини дафн қилгандик. Уларнинг отаси ҳам ҳозир вайроналар остида”, - деди.

Ҳатай вилоятидаги қутқарувчилар зилзиладан 177 соат ўтиб, вайроналар остидан 26 ёшли аёлни қутқариб олди. Дариа Акдўған Антакиянинг Жабрайил кварталидаги турар-жой биноларидан бирининг вайроналари остидан топилди. Аёл шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилиб, кейин шифохонага етказилган.

Ҳатай вилоятида қутқарувчилар зилзиладан 183 соат ўтиб вайроналар остидан Ҳусайн Бербер исмли яна бир кишини тириклайин олиб чиқди. 

Ҳатай вилоятида олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари чоғида зилзиладан 175 соат ўтиб Одабаши маҳалласида яшовчи фуқаро вайроналар остидан қутқариб олинди. Наида Умай табиий офат ҳудудида қутқарув ишларига жалб қилинган кончилар томонидан топилган.

Ҳатай вилоятида қутқарувчилар зилзиладан 176 соат ўтиб вайроналар остидан бир аёлни қутқаришга муваффақ бўлди. Антакя шаҳрида яшовчи Серап Дўнмез Жабрайил маҳалласида қулаган уйлардан бирининг вайроналари остидан қутқариб олинди. Қутқарилган аёлни кўрган қутқарувчилар қувончдан кўз ёшларини тия олмадилар. Аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин шифохонага етказилган.

Шунингдек, Ҳатайда вайрон бўлган бино вайроналари остида 182 соат қолган 12 ёшли Каан қутқариб олинди. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган.

Туркиянинг Адияман вилоятида эса зилзиладан 178 соат ўтиб қутқарувчилар вайрон бўлган уй вайроналари остидан Мираи исмли олти ёшли болани қутқариб олди. Вайрон бўлган уйлардан бирида омон қолганларни қидириш чоғида бола қутқариб қолинган. Мираи касалхонага олиб кетилди.

Адияман вилоятида турар-жой биноси қулаганидан 177 соат ўтгач, 35 ёшли Бунямин Идажи вайроналар остидан қутқариб олинди.

Шунингдек, Сома (Маниса) вилоятидан бир гуруҳ кончилар саккиз қаватли бино вайроналари остидан бир йигитни топди. Қутқарув операциясида шифтларнинг қулашини олдини олиш учун махсус истеҳком тизимидан фойдаланилган. Йигитга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалхонага ётқизилган.

Охирги маълумотларга кўра, эпицентри Туркиянинг Қаҳраманмараш шаҳрида бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 31,6 минг кишидан ошди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар