1

Рўзғори бўлак бўлишини истаётган келинлар, “айбдор” қайноналар ва аросатда қолган куёвлар ҳақида...

СУҒДИЁНА 05.10.2016, 16:51
Теглар: Аёл, Ота, Ота-она, Оила, Эр-хотин, Она ва бола
Рўзғори бўлак бўлишини истаётган келинлар, “айбдор” қайноналар ва аросатда қолган куёвлар ҳақида...

 “Бир уйда икки аёл жам бўлса, майда-чуйда гап-сўзлар болалайди, дер эди бувим. Бизда эса икки эмас нақ тўрт киши уй бекасимиз. Қайнонам, қайинсинглим ва икки овсин. Кечгача қиладиган ишимиз — рўзғор юмушлари. Гоҳида уй тутиш, таом тайёрлаш борасида фикрларимиз ҳар ердан чиқиб, аразлашиб ҳам оламиз. Шундай вақтларда овсиним иккимиз, қанийди, лоақал биттамизнинг рўзғоримиз бўлак бўлса-да, ўзимиз истагандек яшасак, деб ҳасратлашамиз. Аммо яқин орада ҳеч нима ўзгармаслигига ҳам ақлимиз етади...”.

Бу яқин дугоналаримдан бирининг сўзлари. Аслида, бир уйда икки-уч оиланинг  бирга яшаши-ю, ўғлини “бой бериш”ни истамайдиган қайноналар мавзуси бугун пайдо бўлган эмас. Аввал ҳам бор эди, бугун-да, мавжуд, эртага эса давом этиши аниқ. Аммо бу ерда ҳамма гап ҳақиқат ким томонда эканлигида: алоҳида рўзғор эгаси бўлишни истаган келинларми, ўзиникини маъқулловчи қайноналарми ёки ким тарафда бўлишни билмай боши қотган эркакларми ҳақ? Ушбу саволлар юзасидан бир неча ҳаётий воқеаларни ўрганиб, амалиётчи руҳшунос Барно Илҳомованинг фикрлари билан қизиқдик.

 

Имкон бор-у, истак йўқ

— Оилада тўнғич келинман. Икки овсиннинг рўзғоримиз бир. Эрим билан бошқа уйга кўчиш ҳаракатида юрганимизда, қайинонам “топган-тутганларингни менга берасизлар, сингилларингга уй-жой қилиши учун кўмаклашишимиз керак”, деб қолди. Ахир, бизда ҳам шу муаммо-ку! Буни у кишига тушунтиролмай ҳалакмиз.

Назира Акромова, Тошкент вилояти.

 

Оч қорним, тинч қулоғим...

— Кенжа укамнинг оиласи билан бир ҳовлида яшаймиз. Онам доим “фарзандларим ёнимда бўлишса, деб ният қилардим, иккингизни ҳам алоҳида чиқаришга кўзим қиймайди”, дейдилар. Бу борада отамнинг фикри онамникидан анча фарқ қилса-да, барибир, хотин, бола- чақамни олиб, чиқиб кетишга кўнглим бўлмаяпти.

Анвар Хидиров, Янгийўл шаҳри.

Ўғлимнинг топганига эга чиқмоқчи

— Келаси йили кенжамни уйлантирмоқчимиз. Келиним ҳозирдан алоҳида бўлишни ўйлаб, ўзича режалар тузиб юрибди. Мени билмайди, деб ўйлашади-ю, ҳаммасини сезиб юрибман. Лекин келиним чучварани хом санабди! Эрсиз бошимга не азоб-уқубатлар билан икки ўғилни катта қиламан-у, топармон-тутармон бўлганида хотинининг қўлига топшириб қўяманми?! Ўғилларим ҳеч қачон менинг назоратимдан чиқишмайди!

Назокат Иброҳимова, Асака шаҳри.

 

Қайнонамга севимли бўлолмадим

— Эрим билан севишиб турмуш қурганмиз. Мендан кейинги овсинимни эса қайнонамнинг ўзи топган. Балки шунгадир, мени унчалик хушламайди. Эримни ҳам койигани-койиган. Шундай пайтларда “тўнғич ўғилман, ижарага бўлса-да, чиқайлик сизлар тиқилиб қолманглар, деб эрим бечора минг хижолатда онасига маслаҳат солса, “сизлар мен билан қоласизлар, укангни алоҳида чиқараман”, деган жавобни олди. Биламан, қайнонам мени хушламагани учун атайин шундай қилаяпти.

Мадина Аҳадова, Тошкент шаҳри.

 

Келинлар ўқисин!

  • Қайнона ҳам инсон! Унга вазиятни ётиғи билан тушунтириб, гина-кудурат, арз-дод қилмай, тўғри йўл кўрсатишини сўраб, маслаҳат солсангиз, юзини терс бурмайди. Ҳар қандай қайнона ҳам у билан бамаслаҳат иш қилган келинни маъқул кўради.
  • Одатда сизнинг асосий хатоингиз янги хонадонда ўз тартиб-қоидаларингизни ўрнатишга уринишдир. Бир хато кейингисига уланиб, қайнона-келин машмашасига сабаб бўлади. Турмушни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиб, шу оилада ўзингизни топишга уриниб кўрсангиз, вазият ўйлаганингизчалик мушкул эмаслигини тушунасиз.
  •  Турмушга чиқишдан аввал алоҳида рўзғор қилишни ният қилаяпсизми, демак, ўзингизга нисбатан ишонч етишмайди, сизда. Қайнонанинг кўнглини ололмасликдан, хато ва камчиликларингиз ошкор бўлишидан чўчияпсиз. Аслида, аввалбошдан ниятни яхши қилиш керак. Ўйлаб қаралса, қайнона билан бирга яшашнинг ижобий тарафлари ҳам бор. Баъзида шуларни тушунмаганимиз учун ҳам ножоиз хаёлларга борамиз.
  • Қайнонангизнинг танқидий қарашлари сизнинг шахс сифатидаги ҳолатингизга эмас, фақат келинлик вазифаларингизга йўналтирилганлигини тушунишга ҳаракат қилинг. Унутмангки, сизни ёқтиришмаганида, келин қилишмас эди.

 

Қайноналар диққатига!

  • Ўғлингизни доимий назоратда ушлашга ҳаракат қилишингиз уни мустақил шахс сифатида тан олмаётганингизни билдиради. Яхшилаб ўйлаб кўринг, қушни ҳам қафасга  солиб қўйсангиз, ўзини ҳар ёнга уриб, безовталанади, исён қилади. Энди тасаввур қилинг: барча имконият бўла туриб, ўғлингиз ва келинларингизни ёнингизда ушлаб туриш, уларнинг эркини бўғиш қай тариқа якун топади-ю, фарзандларингизнинг фикрига қулоқ тутиб, кўнглига қарасангиз, натижа қандай бўлади...
  • Сизни ардоқлаган, қадрлаган фарзанд сиздан узоқда бўлса ҳам ёки аксинча, ўзиникини тўғри билиб, сиз билан ҳисоблашмайдиган ўғил яқинда бўлса ҳам, у шундайлигича қолади, ўзгармайди. Шу боис қайси йўл маъқуллигини ўзингиз ҳал қилинг.

Беклар учун!

Оила қуришдан аввал ота-онангиз истаклари, сиздан аввалги акаларингиз, янгаларингиз муносабатларини кўрган-билгансиз. Оиладаги муҳит ўғилларнинг алоҳида рўзғор қилишига монеълик қиладими-йўқми, бундан яхши хабардорсиз. Тўғри, сизга ҳам осон эмас. Тарозунинг икки палласини тенг ушлайман, деб ҳалаксиз. Аммо бироз зийраклик қилсангиз, ҳам онангиз, ҳам аёлингизнинг тилини топа биласиз. Имконият бўлса, бола-чақа учун алоҳида уй-жой қилиш керак. Аммо буни ота-онангиз билан бамаслаҳат бажарсангиз, улар қаршилик қилишмайди. Шуни ёдда тутингки, сиз ўзингизни қанчалар мустақил шахс, деб билманг, ота-она учун бир умр болалигингизча қолаверасиз. Демак, уларни тўғри тушунишга, кези келганида, хоҳиш-истакларини холис баҳолашга ҳаракат қилишингиз керак.

Бизнинг суриштирув

Турли ёшдаги 30 нафар қайноналар орасида ўтказган суриштирувимиз натижасига кўра :

  1. Келинларнинг алоҳида рўзғор қилишини маъқуллайдиганлар – 30 фоизни;
  2. Жавоб беришга шошилмаганлар – 45 фоизни,
  3.  Бир уйда икки келин яшаши мумкин, дейдиганлар – 25 фоизни ташкил қилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, фикрлар турлича, аммо муаммо ўша-ўша. Шу ўринда яна бир фикр: қайнонаси билан келиша олмайдиган келинлар алоҳида яшаб, муносабатларни яхшилайман, десалар бироз адашадилар. Бу шунчаки, муаммодан қочиш, уни ҳал этишдан бош тортиш, холос. Демоқчимизки, келинлар салгина зийрак, қайноналар оқил ва одил, ўғиллар эса адолатли бўлсалар, оилавий муаммолар анчайин енгиллашган бўлар эди.

Дилдора Юсуфбекова.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1