Китоб ўқиб электромобиль ютаётган ўзбек китобхонлар юртида "Китобхонлик ҳафталиги" ўтказилмоқда.
Ҳафталик 21-27 апрель кунлари "Ўзбекистон китобхонлар юрти" шиори остида анъанавий бешинчи марта ташкил этилган ҳамда очилиш Навоий номидаги Миллий кутубхона марказида бўлиб ўтмоқда.
2021 йилдан буён ўтказилиб келинаётган "Китобхонлик ҳафталиги" доирасида мамлакатимизда китобхонликни оммалаштириш, бу борада нашриёт ва матбаа корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида кенг-кўламли ишлар оширилмоқда. Жумладан, "Ноширлик фаолияти тўгрисида"ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган матбаа ускуналари ва қоғоз хомашёси божхона божидан, шунингдек, нашриёт ва матбаа корхоналари эса фойда солиғидан озод этилди.
Китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш борасида 60 дан ортиқ вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларида капитал-қурилиш ишлари амалга оширилиб, замонавий хизмат кўрсатиш талаблари асосида китобхонларга фойдаланиш учун топширилди. Жумладан 18 та ахборот-кутубхона маркази янгидан қурилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббусига асосан яқинда республика умумий ўрта таълим муссасаларида ахборот-кутубхона фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда 2025-2027-йилларда кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бор болаларни брайл алифбосидаги бадиий адабиётлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2025-2026 йил ўқув йилидан бошлаб мактабларда ҳафтанинг ҳар шанба кунини "Китобхонлик куни" деб белгилаш, "Ноширдан китобхонга" тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ҳамда "Жадидлар изидан" республика танловини ўтказиш, таълим муассасалари кутубхоналарининг китоб фондларини ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари билан тизимли таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Қувонарлиси, 2020-2024 йилларда нашриётлар сони 3,5 баробарга ошиб, бугунги кунда салкам 600 тани ташкил этмоқда. Улар томонидан ҳар йили ўртача 11,6 минг номдаги, ўтган беш йилда эса жами 197,9 млн. нусхада адабиётлар чоп этилди.
Шунингдек, 100 жилддан иборат туркий адабиёт ва рус адабиёти дурдоналари чоп этилиб, барча кутубхоналарга етказилди. Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йилдан бошлаб 200 жилддан иборат “Ўзбек адабиёти хазинасидан" китоблар мажмуасини нашр этиш ишлари бошланган.
2022 йилда Ўзбекистон Болалар ва ўсмирлар адабиёти Халқаро Кенгашига аъзо бўлди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий шуъба ташкил этилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича ёзувчи-шоирлар, эксперт-мутахассислар, кутубхоначи ва педагог-кадрлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бугунги кунда болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган 50 та янги асарларни яратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ҳафталик очилиши маросимида "Туркий адабиёт дурдоналари" асарлар мажмуаси Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент ва Ижод мактабларига, шунингдек, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизматига таркибидаги Темурбеклар мактаби ва Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лисейларга тақдим қилинди.
Ҳафталик доирасида республика бўйича 1000 дан ортик маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги "Дреам парк" истироҳат боғида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида "Ноширдан - китобхонга" тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилади.
Бундан ташқари, 25-26-апрель кунлари Ёзувчилар уюшмасининг "Паркент ижод уйи"да ташкил этиладиган ноширлар ва муаллифлар учрашувида болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолар муҳокама қилиниши режа қилинган.