АсосийДУНË

АҚШда Хитой билан боғлиқ хакерлик гуруҳига қарши операция ўтказилди

Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

'АҚШда Хитой билан боғлиқ хакерлик гуруҳига қарши операция ўтказилди'ning rasmi

Тергов ҳужжатларида Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва инсон хизматлари вазирлиги, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари, шунингдек, АҚШ ва Жанубий Кореядаги тўртта компания киберҳужумлардан жабрланганлар қаторида қайд этилган.

АҚШ томонининг маълум қилишича, мазкур платформалар Хитойнинг Нанкин шаҳрида жойлашган Nanjing Xinjiuwei Network Technology Company томонидан бошқарилган. Адлия вазирлиги компания мижозлари орасида Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ва Халқ озодлик армияси ҳам бўлганини билдирган.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили эса АҚШ идораси баёнотида келтирилган аниқ маълумотлардан хабардор эмаслигини айтган. У Хитой ҳукумати киберҳужумларнинг барча турларига қатъий қарши эканини таъкидлаб, АҚШ киберхавфсизлик масаласидан Хитойни “қоралаш ёки обрўсизлантириш” учун фойдаланаётганини билдирган.

Тергов ҳужжатларига кўра, хакерлар камида 2018 йилдан буён АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги муҳим инфратузилма объектлари ҳамда махфий тармоқларга кириш учун ўзлари ишлаб чиққан воситалардан фойдаланиб келган. Бироқ барча ҳужумлар ҳам муваффақиятли якунланмаган.

Хусусан, 2019 йил август ойида хакерлар виртуал хусусий тармоқдаги заифликдан фойдаланиб, NASA тармоқларига киришга уринган. Аммо ушбу ҳаракат муваффақиятсиз якунланган.

2024 йил сентябрь ойида эса Энергетика вазирлигининг учта лабораторияси, Миллий соғлиқни сақлаш институтлари, Соғлиқни сақлаш ва инсон хизматлари вазирлигининг бир агентлиги ҳамда АҚШдаги хавфсизлик қурилмалари ишлаб чиқарувчисига киберҳужумлар амалга оширилган.

Шунингдек, АҚШ Федерал тергов бюроси, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Киберқўмондонликнинг Миллий кибер-миссия кучлари хакерлик ҳаракатлари бўйича қўшма ҳисобот эълон қилган. Унда 2024 йил май ойида мудофаа соҳасидаги пудратчилар, молия ташкилотлари ва университетлардан маълумотлар ўғирлангани қайд этилган.

2026 йил март ойида эса хакерлар АҚШ Сенати ҳамда мамлакатдаги шифохоналардан бирининг тармоқларидаги заифликларни текшириб, уларга киришга уринган. Бироқ бу ҳаракатлар ҳам муваффақиятсиз якунланган.

    Бошқа янгиликлар