1

«Ҳиссизлик – касалликми?.. Эримни ёқтирмай қолаяпман»

СУҒДИЁНА 06.01.2017, 17:10
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин, SUGDIYONA
«Ҳиссизлик – касалликми?.. Эримни ёқтирмай қолаяпман»

– Турмуш қурганимга салкам ўн йил бўлаяпти. Икки нафар фарзандим бор. Кичигим дунёга келганидан сўнг турмуш ўртоғимга нисбатан туйғуларим ўзгара бошлади. Негадир, нозик муносабатлардан қочадиган бўлиб қолдим. Эҳтимол, бу туғруқдан кейинги ўзгаришлардир деб ўйладим аввалига, аммо кун сайин ўзимни ноқулай сезаяпман. Мендаги ҳиссизлик эримга ҳам билинаяпти, буни хатти-ҳаракатларидан пайқадим. Кўз очиб кўрганимдан айрилгим йўқ, оилам мен учун жуда қадрди, лекин ўзимдаги ўзгаришлар эрим билан муносабатларимизга таъсир кўрсатишидан хавотирдаман. Балки буларнинг тиббиёт нуқтаи назаридан бирор изоҳи бордир?.. Шу ҳақида билмоқчи эдим.

Исми сир тутилди.

 

Мутахассис – тиббиёт фанлари номзоди, андролог сексопатолог Дилмурод ЭРГАШЕВ.

 

БУНИ АНОРГАЗМИЯ ДЕЙДИЛАР!

Жинсий яқинлик вақти ҳиссиётларнинг қўзғалиши юз беради. Бу аёл ва эркакда лаззатланиш кайфиятининг пайдо бўлиши билан кечади. Бироқ айрим ҳолларда мана шу ҳодиса жуда суст намоён бўлиши ёхуд умуман инкор этилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Тиббиёт мазкур ҳолатни аноргазмия (жинсий яқинликдан роҳатланмаслик) деб атайди. Соддароқ айтганда, жинсий майлнинг кузатилмаслиги ва нозик муносабатларга нисбатан жавоб реакциясининг ҳосил бўлмаслиги аёллар орасида бирмунча кўпроқ бўлиб, унинг сабаблари турли омилларга боғлиқ. Аноргазмия, очиқ айтишга уятли, аммо ўз вақтида чораси кўрилмаса, эр-хотин муносабатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳодисадир.

 

Симптомлари

Яқинлик вақти тос мушакларининг ихтиёрсиз қисқариши табиий ҳолатда содир бўлиши лозим. Айни шу жараён аёлда жинсий хоҳишнинг қўзғалишини стимуллаштиради. Агар ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаса-чи? Аслини олганда, ҳиссиётлар ифодаси ва унинг юзага чиқиши ҳар кимда турлича кечади. Аноргазмия ташхиси ҳис-ҳаяжонларнинг юзага чиқиши қийин кечганида ёки умуман кузатилмаганида қайд этилиши мумкин. Муаммони ўрганишда аноргазмиянинг бирламчи, иккиламчи, симптоматик, конституционал, ретардацион, руҳий ва дисгамик  турлари тафовут қилинади.

Кун сайин жуфтингиз билан ёлғиз қолишни истамай борасиз, яқинлик вақти танангизда зўриқиш, жинсий аъзоларда спазм кузатилади, нозик муносабатлар малол кела бошлайди. Ўзингизни мажбурлаб кайфият пайдо қилишга бўлган уринишларингиз наф бермай қўйгач, ўзгаришлар ёрингизнинг асаб торларини чертади. Бу аноргазмиянинг белгиси бўлиши мумкин.

 

Сабаблари нима?

Ҳиссиётлар йўқолишининг бир қанча изоҳлари мавжуд. Қуйида улар билан таништирамиз:

  • Нозик муносабатларга дахл қилувчи асосий омиллардан бири бу касалликлардир. Ҳар қандай сурункали ва ўткир турдаги хасталиклар жинсий майлнинг ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади. Хоҳ бу диабет бўлсин, хоҳ неврологик ўзгаришлар;
  • Жинсий аъзолардаги яллиғланиш, ўсма касалликлари ёки оператив даво муолажаларининг асорати ҳам ҳиссизликка олиб келиши мумкин;
  • Артериал қон босимини меъёрлаштирувчи, антигистамин ва антидепрессант препаратларда ҳам хоҳишни сўндириш хусусияти бор. Дори воситаларини пала-партиш ва узоқ муддат қабул қилиш, айниқса, зарарлидир;
  • Яқинликнинг оғриқли кечиши. Бу онг остида оғриқ ҳиссининг сақланиб қолишига сабаб бўлиб, муносабатлар вақти рефлекс тарзда номоён бўлади;
  • Тамаки ва спиртли ичимликлар. Аёлларга қандай боғлиқлиги бор дейишингиз мумкин, афсуски, зарарли одатларга ружу қўйган хонимлар ҳам йўқ эмас;
  • Ёшга доир ўзгаришлар қаторида рўй берадиган гормонал, нерв ва қон айланиш тизимидаги жараёнларнинг жинсий ҳаёт сифатига таъсир кўрсатиши. Ўрта ёшли аёлларда эстроген гормонининг камайиши эроген нуқталардаги сезги қобилиятини заифлаштиради.

Фото: дори дармонлар, сигарет, ичкилик, қон босимини ўлчидиган аппарат

Психологик омиллар ҳам бор!

Турмушдаги воқеа-ҳодисалар, рўзғор ташвишлари, оила аъзолари ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар ҳам жинсий ҳаёт сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Негаки, буларнинг бари руҳий мувозанатни издан чиқаради. Агар шифокор аноргазмиянинг боисини психологик ҳолатлардан дея тахмин қилса, у ҳолда қуйидаги омилларга диққат қаратишингиз лозим: депрессия, тушкунлик, ҳомиладорлик юзага келмаётгани оқибатидаги умидсизлик, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар, илк висол оқшомидан сўнг юзага келган қўрқув, ўзини эркин тутолмаслик, жинсий муносабатлар ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлиш. Гоҳида ўзи истамаган кишига турмушга чиқиш ва унга кўнгил қўёлмаслик ҳам жинсий майлнинг пайдо бўлмаслигига олиб келади. Ёки эркакнинг кескин ҳаракатлари, яқинлик вақти қўполлик, танқид қилиши ҳам аёлда руҳий аноргазмияни келтириб чиқариши мумкин.

Ёрдам сўрашдан уялманг!

Жинсий ҳаёт сифатининг кундан–кун ёмонлашиб бораётгани эр-хотин муносабатларига соя ташлаётган бўлса, мутахассис ёрдамидан қочманг. Гинеколог ҳузурига кириш учун навбатга ёзилишни маслаҳат бермаймиз, негаки жинсий яқинлик масалалари юзасидан муаммоларни шифокор-сексопатолог ҳал этади. Суҳбат асносидан келиб чиққан ҳолда гинеколог, невролог, эндокринолог шифокорлар кўриги буюрилиши мумкин. Шунингдек психоневролог мутахассис билан руҳиятдаги ўзгаришларни таҳлил қилишга қаратилган машғулотлар ҳам ўтказилади.

Муолажалар кутилган натижа бериши учун жуфтликларнинг биргаликдаги иштироки айни муддаодир. Қолаверса, жинсий ҳаёт сифатига таъсир кўрсатаётган ҳолатлар ва уларни бартараф этишнинг нафақат аёл, балки эркакка ҳам тааллуқли бўлган томонлари бор.

Муолажа қанча давом этади?

Ҳаммаси аноргазмияни келтириб чиқарган ҳолатга боғлиқ. Агар бу бирор хасталик бўлса, белгиланган дори воситаларини ўз вақтида қабул қилиш лозим. Жинсий хоҳишнинг йўқолиши гормонлар ишига алоқадор деб топилганида гормонал терапия буюрилади, аммо фақат шу билангина чегараланиб қолиш ярамайди. Препаратлар организмнинг ички ҳолатига таъсир кўрсатар, бироқ кундалик турмуш тарзингиз, одатларингиз ва асабийликдек энг катта душманни маҳв этмас экансиз, муолажаларнинг бари бекордир.

Сизни ўйлантираётган саволлар юзасидан жуфтингизнинг ҳам фикрини билинг. Тортинманг, нозик муносабатлар иккингизга ҳам бирдек муҳим мавзу. Эҳтимол, у сизнинг талаб ва эҳтиёжларингизни билмас ёки сиз у ҳақида етарлича маълумотга эгамасдирсиз. Ҳиссизликдан халос бўлишни истайсизми, қай тариқа туйғуларингиз жунбушга келиши мумкинлигини тушунтиринг. Эр-хотин ўртасида бу каби мавзуларнинг уятли ери йўқ.

Кўмакчи усуллар

Шифокор аноргазмиянинг асосий сабабини аниқлагач, шунга кўра керакли муолажани буюради. Уй шароитида эса интим мойлардан фойдаланишингиз мумкин. Бундай мойлар уқалаш ва қинни енгил қиздириш таъсирига эга бўлиб, жинсий аъзо мушакларини бўшаштиради. Ўз навбатида сезгирлик ҳисси рағбатлантирилиб, яқинликка мойиллик пайдо бўлиши мумкин. Интим воситаларнинг қандай турини танлашингиздан қатъий назар, албатта даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Шахсий ҳудудда ўзингизга маъқул келган муҳитни пайдо қилинг. Эҳтимол, чойшабларни янгиларсиз ёки тунги либосингизнинг охори тўкилгандир, ўзгартиринг.

Кундалик ҳаётда қандай ҳодисалардан шодланасиз, бу ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Ёрингизнинг қай бир ҳаракати сизни севинтиради, ҳаяжонга солади, ётоқдан ташқарида уни ҳаммадан қизғонасиз-ку ахир, шундайми? Балки мана шу ҳолатларни хаёлан тасаввур қилиш орқали ўзингизни яқинликка тайёрлаб кўрарсиз, нима дедингиз? Дарвоқе, жуфтингиз билан ёлғиз қолганингизда бекорчи ўйлар, ваҳима, саросима кабиларни ўзингиздан нари қилинг. Танангиз енгилликни ҳис қила олиши лозим.    

МАРЖОНА тайёрлади.

 

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1