1

​«Уйлантирсам, қутуламанми?»

СУҒДИЁНА 26.01.2017, 16:33
Теглар: Муҳаббат, Оила
​«Уйлантирсам, қутуламанми?»

Мақолани ёзишдан аввал ёши улуғ оналаримиздан фикр сўрадим: бебош, шўх, дангаса ва масъулиятсиз, тил топишиб бўлмайдиган, оила юмушларига қайишмайдиган, оила қуриш ёшига етиб қолган ўғилларни тарбиялаш учун нима қилиш керак? Бувижонларнинг ҳаммаси бир-биридан бехабар тарзда «уйлантириш керак!» деган жавобни айтишди. Дейлик, ана шу жавоб – ечим, бироқ унга етказувчи йўлларни яхшилаб тафтиш қилиб чиқмасак бўлмайди. Чунки муштарийларимиз шу мавзуга боғлиқ кўп саволлар йўллашган. Саволларнинг кўпайганига сабаб бундай вазиятларда ечимни «уйлантириш»да кўришмаяпти чоғи...

«Ёлғиз онаман, ўғлим эса масъулиятсиз»

Лола, 41 ёш: — Уч ўғил ва бир қизим бор. Турмуш ўртоғим 14 йил аввал оламдан ўтган. Фарзандларимни катта қилгунимча, кўп қийналдим, ҳозир ҳам муаммолардан холи эмасман. Ўзим ҳамшираман, ишимни жуда яхши кўрганман, тиним билмай ишлайман. Шунинг учунми, уйга борганда болаларим билан гаплашиш, уларга вақт ажратишга ҳолим қолмайди. Ҳам эркак, ҳам аёл бўлиб яшаётганим учун ҳам рўзғор ташвишлари мени «еб қўяяпти». Болаларимга кўп жаҳл қилиб, кўнглини оғритиб қўйганимни сезаман. Айниқса, тўнғич ўғлим билан кўп тортишамиз. Ёши йигирмада. Болаларимнинг боши бўлгани учунми, отасининг вафотидан кейин унга кўп эркинлик бериб, ишёқмас қилиб қўйганман. Негадир ҳеч бир ишга бўйин ёр бергиси келмайди, жуда кўп ёлғон гапириб мени алдайди. «Менга ишонмайсиз, сиз билан гаплашишдан фойда йўқ», деб хафа бўлади. Мен эса «ишончингни йўқотгансан» деб аввал қилган хатоларини айтаман. Баъзан «Шу уйингиздан кетсам, қутуламанми?» деб жаҳл қилади. Қандай қилиб кўнглини топсам экан, укаларига ўрнак бўлиши, менга ёрдамчи бўлиб ёнига киришим учун нима қилсам экан-а? Кўпчилик «Ўғлингизни уйлантиринг, шунда рўзғорни ўйлайдиган бўлади», деб маслаҳат беради. Менинг эса бошим қотган, ҳали ўзи менга суяниб яшаса, рўзғор тузиб, бола-чақа боқа оладими?

Мулоҳаза

Ўтган йилларни ортга қайтариб бўлмаганидек, тарбиядаги кемтикларни кеч тузатиш жуда қийин иш. Сиз ёмон тарбия бергансиз дейишга ҳеч ҳаққимиз йўқ, аммо бир нарсани тасаввур қила оламиз: сиз ўғлингизга ундан нималар кутаётганингизни аввал бошдан айтмай туриб, бугун дабдурустдан кўп нарсани талаб қилаяпсиз. Қачонлардир сизга у «Ойи, этигим эскирган, олиб бергунингизгача ўқишга бормайман, уяламан» деса, ўрнидан туриб мактабга кетиши учун уни руҳлантирадиган гаплар топиб бериш ўрнига ичингиздаги хижолат ва айбдорлик ҳисси билан «Нима қилай, ҳаммасига етказолмаётган бўлсам, бормасанг борма!» деб болага осон ечимларни топиб бергансиз эҳтимол. Онанинг орзулари қачон амалга ошади? Агар уни она тилга чиқариб, болалари олдида баралла айта олса, уларнинг қулоғига ёшлигидан «Сен касб-ҳунарли бўласан, укаларингга бош бўлиб ёнимда турасан, биргаликда бундай ишлар қиламиз, мана бундай уйда яшаймиз, мана бунақа машина ҳайдаймиз», деса ва бунинг учун биргаликда ҳаракат қилса! Одам қачон орзуларига етади? Фақат иккита эзгу йўл бор, холос: илм-ҳунар ўрганиш ва меҳнат. Болангиз қайси бирини танлади, аниқроғи қайси йўлни танлашига ёрдамлашдингиз? Баъзилар «Боламни ўқитишга имконият бўлмади», деб фарзандининг дангасалигини хаспўшламоқчи бўлади. Одамлар бор, бир сурув қўй боқиб туриб, бўш вақтида китоб ўқиб ўқишга киради. Ҳаракати, тиришқоқлиги билан ота-онасининг ёрдамисиз иш топади, бирин-кетин орзуларига етади. Ёки яна шундай меҳнаткаш инсонлар бор, ҳар кечаси 50 килограмм ундан хамир қориб, тонгда хамирдан нон узиб, пишириб, бозорга чиқаради. Болангизни ёлғондан ҳам, дангасаликдан ҳам қутқарадиган нарса, бу — бизнингча, оила қуриш эмас, ҳунар ўрганиш, ишлаш. Йигит киши меҳнати орқали уч-тўрт сўм топса, рағбатланади, оиланинг бирор корига яраётганидан хурсанд бўлади. Ана кейин оила қурса ярашади, оиласининг ҳам қадрига етади ва хотини олдида боши хам бўлиб, қайнотасидан келадиган ёрдамга қараб ўтирмайди. Такасалтанг болани, айниқса, эндигина 20 ёшли ўғилни уйлантириб, ҳаммага жабр қилманг. Болангиз кун бўйи уйда ўтирадими ё кўча изғийдими? Уни бўш вақтини фойдали иш билан йўқотиш керак. 20 ёш — ким учундир етуклик, мустақиллик ёши, кимгадир эса ҳали болалик.

Сиз унга осмондан тушгандек «Ишлаб, уйга 2 кило гўшт олиб кел», деб бақирмасдан, иш топишига, бирор устага шогирд тушишига амалий ёрдам кўрсатсангиз, натижа, албатта, ижобий бўлади. Агар болангиз ниҳоятда қизиққон бўлса, умуман сизни инкор қилаверса, оилангиз яқинларидан, ёки, энг яхшиси, малакали психологдан ёрдам сўрасангиз ҳам мақсадга мувофиқ.

«Набирам жувонга илакишган»

Марғуба ая, 60 ёш: — Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, суҳбатлашсангиз дилингиз яйрайдиган бир набирам бор. Қизимнинг узоқ кутган бош фарзанди бўлгани учун ҳам уни бошқача суяман. Набирам университетни тамомлаб, банкка ишга кирди. Қизим билан келин қидира бошладик. Учрашган қизининг камчилигини топавериб, кўнгли ҳеч бирига илимай, бизни роса хуноб қилди. Кейин суриштириб билсак, ишхонасида бир боши очиқ, ажрашган аёл (эри билан бир йил яшаб, уйига қайтиб келган) билан «ҳа-ҳа, ҳи-ҳи» бўлиб юрганмиш. Олдимга чақириб, набирамга роса насиҳат қилдим: «Болажоним, бу савдони қўй, ҳамма сени майна қилади, ўртоқларинг кўзингни очирмайди, ўтмиши бор аёл билан бахтли бўлолмайсан», деган гаплар билан бояги аёлдан кўнглини совитишга уриндим. Набирам эса «Буви, ўша қиз яхши, бориб бир кўринг, ёқтириб қоласиз», деяверди. Насиҳатларимдан натижа бўлмагач, жувонни ишхонасидан чақириб суҳбатлашдим. Ёқимтойгина, уятчангина, турмушидан рўшнолик кўрмаган қиз экан. «Сизни тушундим, хавотир олманг, уйлантираверинг, бошқа ишхонага кетаман», деди бояқиш. Оз вақт ўтмай, ишхонасини ҳам ўзгартирди. Бироқ ҳар қанча унга жоним ачимасин, тўнғич набирамга турмуш қурган қизни олиб бергимиз йўқ! Набирам эса «Бошқасига уйланмайман» деб туриб олган. Ота-онаси боламга ён бергандек, мени эса кўп саволлар ўйлантираяпти...

Мулоҳаза

Ҳар бир ота-она фарзанди оила қураётганда оҳорли, янги ҳаёт бошлашини истайди. Бунга ота-оналар ҳар жиҳатдан ҳақли, бироқ минг афсуски, танлов биринчи навбатда ёшларнинг қўлида. Ёшлар эса доим ҳам катталарнинг истаклари билан ҳисоблашишмайди. Болангиз билан орзу-ҳаваслар ҳақида янги турмушнинг ширинлиги ва афзаллиги, жуфтларнинг бир-бири билан ўзаро тенг бўлишининг аҳамияти ҳақида ҳам кўп гаплашганингизга аминмиз. Лекин болангиз бу гапларга кўнмаяпти. Сиз эса бу жуфтликни қабул қилмайсиз, чунки жамиятимизда ноодатий ҳолат. Бундай нотенг никоҳда (бўз йигит ва жувон тўйи) санаб бериш мумкин бўлган кўп салбий жиҳатлар бор, бироқ яхши томонлари ҳам етарлича. Масалан, биринчи турмуши бузилган қиз иккинчисида эҳтиёткор бўлади. Гапини ўйлаб гапириб, ишини ўйлаб бажариш эҳтимоли катта. Озми-кўпми ҳаётий тажрибаси билан турмушнинг муштларига чидаш кераклигини тушунади. Кўп ҳолларда қизнинг ота-онаси ҳам сабрли бўлади ва боласининг бу сафар тиниб-тинчиб кетиши учун ҳаракат қилади, қизини тарбиялашга уринади. Келинг, набирангизни кескин рад қилиб, уни мажбурлаб бирор қизга уйлантириш олдидан ўша қизни таниганлар билан суҳбатлашиб кўринг. Балки у орзуингиздаги келинга ўхшаб кетар. Қўни-қўшнилар, ҳамкасблари қизга қандай таъриф бераяпти, ахир ҳамма ажрашган келинлар ёмон бўлавермаслиги мумкин, қолаверса, ота-онаси уйланмаган йигитга қизини беришга нима деркан? Баъзан бу ҳолат табиий равишда ўз ечимини топиши мумкин. Ота-онаси «Йўқ, тенги тенги билан бўлсин» деса, гап тамом-вассалом. Ўша жувонни олиб берсангиз ҳам, бермасангиз ҳам, набирангизнинг туйғуларини устидан кулмай, пухталик билан вазиятга якун ясашингизга тўғри келади. Ҳозирча муаммо чуқурлашмаган кўринади, бироқ бошқа қизга уйлантирсангиз, кейинроқ муаммо илдиз отиб кетмаслигига ким кафил бўлади, йигитча ўз хаёлида «ҳолатни тўғрилаб олиб», сўнг орзуларингизни ва яна бир қизнинг ҳаётини барбод қилса-чи? Демак, болангизнинг тарбияси, дунёқараши, мулоҳазалари, характерини яхши биласиз, шунга монанд иш тутинг. Шуниси аниқки, мабодо сиз томондан бу «нотенг никоҳ»га ижобий жавоб бўлиб қолгудек бўлса, набирангизнинг ҳам одамларнинг гап-сўзи, ўртоқларининг истеҳзоли қарашларига жавоби тайин бўлиши шарт. Албатта, сиз ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, болангиз бироз вақт ўтгач, бу қилган танловидан афсусланиб, сўнг буни аёлнинг юзига солишидан, оиласи бузилишидан қўрқасиз.

Шулар ҳақида ҳам ҳар икки ёш билан очиқ гаплашиб олишингизга тўғри келади.

Азиза ҚУРБОНОВА

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1