1

​Илмира Раҳимжонова: "Машаққатларга бўй бермаганни ҳаёт синдиролмайди"

ШОУ-БИЗНЕС 05.04.2017, 16:44
Теглар: Шоу-бизнес, Актриса
​Илмира Раҳимжонова: "Машаққатларга бўй бермаганни ҳаёт синдиролмайди"

Эътироф-2016” тақдимотида “Йилнинг энг яхши кино­актрисаси” дея эътироф этилган актриса Илмира Раҳимжонова “Даракчи” газетаси меҳмони бўлди.

"12 ёшимда онадан айрилганман"

— 1969 йил 27 сентябрда Тошкент вилоя­ти Бурчмулла қишлоғида ишчи оиласида туғилганман. Отам Рисқали Раҳимжонов ҳайдовчи, онам Рисқи Раҳимжонова уй бекаси эди. Оилада беш қиз, икки ўғилнинг иккинчисиман. Болалигим оғир ўтган. Онам 12 ёшимда вафот этгач, оиланинг бутун оғирлиги менинг зиммамга тушган-да. Ўша кун кўз олдимда: онам тонгдан бозорлик қилган, карам дўлмани қозонга босиб, тандирда нон ёпаётганида кутилмаганда тоби қочган... Отам шифохонага олиб борган, бироқ шифокорлар вақтида ёрдам кўрсатмагани боис вафот этган. Кичкина бўлганим учунми онамни йўқотганим у қадар сезилмаган, гоҳида соғиниб туришимни инобатга олмаганда, албатта. Балки, вафот этганига ишонмаганим учунми эшикдан кулиб, кириб келадигандек туюлаверарди, кутишдан чарчамасдим... Эрта тонгда туриб, сигир соғар, ҳовлидаги малинани териб, бозорда сотиб келардим. Сўнг сингил-укаларим билан етаклашиб мактабга борардик. Дарсдан чиқиб далада ишлардим, кечки овқат, кўмир ташиш... шундай ҳаракат билан вақт ўтганини билмай ҳам қолардим. Ҳозир ўйлаб, шунча куч-иродани қаердан олган эканман, деб қоламан. Бир ярим яшар эмизикли укам туни билан хархаша қилганида, тонггача йиғлаб чиқардим, овутиш азоб эди. Энди билсам, ҳаёт синовлари олдида укамни овутиш ҳеч гап эмас экан...

Шукр, сингил-укаларимни ўқитиб, турмушга бериб, уйлантириб, уйли-жойли қилдим.


"Шифокор бўламан, дердим"

— Биз яшаган Бурчмулладаги Обираҳмат қишлоғини сув босгач, Товоқсой қўрғонига кўчиб борганмиз. Ўша ердаги Ҳамид Олимжон номидаги 12-ўрта мактабда ўқиганман. Адабиёт, рус тили, мусиқа фанларини яхши кўрардим, рос­ти аниқ фанларга ҳушим йўқ эди. Лекин аъло баҳоларга ўқиганман. “Санъат ғунчалари” байрамларида кичик-кичик асарларни саҳналаштирардик. Ҳинд фильмларини яхши кўрганим учун дарсдан қочиб, кинотеатрга борган кунларим ҳам бўлган. Ўқитувчимиз бизни изласа, кинотеатрдан топарди ­(кулади).

Онамнинг вафотидан таъсирланганим учунми 10-синфни тамомлагач, шифокор бў­ла­ман, дея олдимга қатъий мақсад қўйгандим.

"Имтиҳонлардан йиқила-йиқила йўлимни топдим"

— Истагим сари одимлаб, пойтахтдаги Охунбобоев­ номидаги тиббиёт техникумига ҳужжат топширганман. Имтиҳонда кимё фанидан ўтолмай, ҳафсалам пир бўлиб, уйга қайтганман. Отам “Қўшнимиз боғчада ишлайди, сен ҳам энага бўлиб ишласанг-чи”,­ деб қолди. Рози бўлдим ва Чирчиқ трансформатор заводининг боғчасида иш бошладим. Бир йилдан сўнг яхши ишлаганим учунми боғча мудираси “Сени Тошкент Давлат педагогика университетига ўқишга юбораман, тамомлаб боғча опа бўласан”, — деди. Бироқ имтиҳонлардан ўтолмадим. Ва дарров ҳужжатларимни Тошкент тиббиёт академиясига топширдим, лекин яна биринчи имтиҳоннинг ўзидаёқ жавобимни беришди (кулади). Шунда Тошкентда ўқийдиган опам “Қўшиқ куйлашни яхши кўрасан-ку, Маданият техникумига ҳужжат топшир”, деб қолди. Имтиҳонлардан аъло даражада ўтиб, ўқишга қабул қилиндим. Отам хабар топгач, “Биздан артист чиқ­қан эмас, нима кераги бор?” деб роса койиди, лекин ўқишимни ман қилмади.


"Тўмарис" учун эътироф этилдим"

— Уч йиллик Маданият техникумини аъло баҳоларга тамомладим. Сўнг Эргаш Масафаевнинг театр­ студиясида иш бошладим. Жуда қаттиққўл режиссёр бўлгани боис бардошим олти ойги­нага етди. Ке­йин Бўстонлиқ тумани Маданият уйи­нинг “Гулёр” фольк­лор этнографик халқ ансамблида иш бошлаганман. 1991 йил Мустақиллик байрамида илк бор катта майдонга шу ансамбль билан чиқ­қан­дим. Ўзимча шу маданият уйига раҳбар бўлишни ният қилардим. Шунда Маданият бўлим бошлиғи “Бунинг учун олий маълумот керак”, деб қолди. Тиниб-тинчимаган одамман-да, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтининг сиртқи бўлимида ўқий бошладим. Ўз даврининг етук актёрлари қўлида таҳсил олганман. Диплом спектак­лида Нодирабегим ролини ўйнаганимни кўрган домлаларим Ҳамидулла Икромов, Носир Отабоев “Театрда ишлай оласанми? Cени жойинг ўша ерда”, дейишганди. Дарров Ҳусан Шариповнинг “Суюнчи” фильмидаги “Тоғлар орасида ном-нишонсиз қолиб кетишни истамайман”, деган гапи ёдимга тушганди (кулади). Бу ҳақда Маданият уйи раҳбарига айтсам, “Ҳамманг шаҳарга кетаверсанг, бу ерда ким ишлайди”, деб аввалига ранжиган. Кейин ижодимни кўриб, хурсанд бўлганди. Шу билан 1994 йили Му­қи­мий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг хорига ишга кирганман. 1997 йил актёр Боир Холмирзаевнинг қўшниси — “Чархпалак” сериалининг режиссёр ёрдамчиси Зуфар Раимов “Лўли ролига актриса керак”, деса, Боир ака “Актрисамиз Илмира сизлар боп-да, ҳамма ишга бурнини тиқиб юради. Ўзи театр­га мослашолмаётганди”, деган экан (кулади). Қисқаси, тонгда киносиновга бориб, қош қорайгунча ўтирибман-да. Энг охирида бир ўзим қолганимни кўришгач, “Бу қиз қолиб ке­тиб­ди-ку”, деб киносинов олишган. Кейин қишлоққа кетиб, бувимнинг маъракасини ўтказиб, “5 августда театрнинг янги мавсуми очилади, ишга бормасам ҳайдаб юборишади”, деб пойтахтга қайтганман. Не кўз билан кўрайки, эшигимга қистирилган чақирув қоғози. “Ўзбектелефильм”га борсам, марҳум Шавкат Жунайдуллаев бошини ушлаб, “Мен уни топдим” деган, шу билан кинодаги ҳаётим бошланган. Театрдан ўз ҳисобимдан таътил олдириб, ўзига режиссёр ёрдамчиси қилиб олган. Шавкат ака “Бир маротаба лўлилар яшайдиган манзилни кўрсатаман, қолган кунлар ўзинг бориб уларни кузатасан. Эрта тонгдан борсанг, кейин соат 9.00 да ишга етиб боришга улгурасан”, деган. У вақтлар “мактаб” бошқача эди-да, ҳозир кўпчилик режиссёр ва актёрлар ишлашни билмайди, уларга ачинаман. Қисқаси, эринмай саккиз ой қатнаб, зимдан лўлиларнинг юриш-туришини ўрганганман. Асли ишдан қочмайдиган актрисаман, саҳнани супуриб, полини ҳам артавераман, шу каби ишларни чин қалбдан бажараман. Бу — санъат­га бўлган меҳрим маҳсули. Бошқанинг фик­ри билан ижод қилиб бўл­майди, ўзинг изланиб, меҳнат қи­лишинг, ўрни келса, таъна-дашномларни ҳам эши­тишинг шарт. “Чархпалак”дан ке­йин таклифлар “ёмғир”и остида қолганман. Суратга олишга кетиб қолаверганим учун театр директорининг жаҳ­ли чиқарди. Кун­ларнинг бирида устозимиз Фароғат Раҳматова “Сен кинонинг одамисан, ўша ерда ўз ўрнингни топасан”, деганида аввалига ранжигандим. Кейин ҳақ эканини англаб, устозимга раҳмат айтганман. Бир устозим “Машҳурлик учун йиллар давомида меҳнат қил. Машҳурлик келганидан кейингина у сенга хизмат қила бошлайди”, деганди, ҳақ экан.

2000 йил “Ўзбекфильм” киностудиясига режиссёр ёрдамчиси қилиб ишга олишди, Собир Назар­муҳамедовга шогир­д тушдим. Бир вақт­да Собир аканинг “Чаён­гул”ида суратга тушиб, ҳам “Чарх­па­лак”нинг иккинчи фаслига тайёр­ланганман. Тасвирга олиш ишларини тамомлаб, Шавкат аканинг олдига борганимда, мендан жаҳли чиқиб, мени бошқа актриса билан алмаштирганини айтган. Бу орада турмушга чиқиб, ҳомиладорлигим сабаб ишдан бўшадим. 2001 йил саккиз ойлик ҳомиладорлигимга қа­ра­май “Чаёнгул” фильми ижодкорлари билан Бухорога борганмиз. Кинофестивалда “Энг кучли аёл образи” мукофотини топшириб, телевизор ҳам совға қилишган. У ердан сариқ касал юқтирганим боис қизим туғилгач, беш соат­гина яшаб, нобуд бўлган... Бир йил тўшакка михланиб ётганман.


2002 йил театрдан ишдан бўшаб, “Ёшлар” телерадио­каналининг “Аскар мактублари” кўрсатувига бошловчи бўлиб ишга кирганман, сценарийлар ҳам ёзардим. Орадан вақт ўтиб, ўғлим Беҳруз туғилган, ҳозир 14 ёшда.

Ўша кезлари режиссёр Рус­там Саъдиев мени Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз­ Усмонованинг “Қўрқаман” клипига чақирган. Аввалига рози бўлмадим, барибир кўндирди. Сўнг “Муҳаббат синовлари 1-2”, “Наҳотки сен” фильмларини бошладик, иккинчи режиссёр бўлиб ишлаганман. Юлдуз Усмонова, Иззат Ибрагимов, Тоҳир Содиқов каби хонандаларга клиплар суратга олганмиз, шоу бизнеснинг “бош”ида ўзим бўлганман (кулади). Кейин режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “Сарвиноз”, “Фотима-Зуҳра” фильм­ларида ҳам иккинчи режиссёр бўлиб ишладим. Қарасам, хусусий фильм­лар асосий урғуни маблағга қаратиб, саёзлаша бошлади. Шу боис 2003 йил яна “Ўзбекфильм”га ишга қайтиб бордим. Режиссёр Музроб Боймуҳамедовнинг “Қонли олишув” фильми суратга олиш ишлари ўтаётган Андижон шаҳрига борганимда, қарорим янада қатъийлашган. Профессионаллар билан ишлашнинг гашти барибир бошқача-да! 2009 йилгача танаффуссиз ишладим, кейин ўзбек киноси саёзлаша бошлади, шунинг учун бутунлай Чирчиққа кўчиб кетдим. Ундан аввал Қорақалпоғистонга гастролга борганимизда зиёратгоҳга олиб боришганди, ўша ерда “Қиз фарзандли бўлай!” деб ният қилгандим. Ниятим холис экан, қизим Ойша туғилди, ҳозир 6 ёш. Кейин турмуш ўртоғимнинг иши юзасидан Грузияга кетдик. 2013 йил шифокор куёвим қўнғироқ қилиб, “Тошкентга келмасангиз бўлмайди, дадамнинг аҳволи оғир”, деб қолди. Келиб, шифокор билан гаплашиб, отам саратон хасталигига чалинганини билгач, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Энг оғири, натижани била туриб, отамда яшашга умид уйғотардим. Ҳамма ишимни четга суриб, тўрт ой отамнинг олдида ўтириб, қўлимдан келган барча ишни қилдим. Одатда ўлим ҳақлигини унутиб, ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қоламиз. Отам билан ўтказган кунларим умримнинг охиригача катта дарс бўлди. У кишидан кейин бир йил руҳан синиб қолдим, ўзимга келиб, санъатга қайтишим ҳам қийин бўлди...

Иродали бўлишим кераклигини анг­лаб, Тошкентни айланиб келай, дея тўғри “Ўзбекфильм”га бордим. Дарров иш таклиф қилишди. Умид Ҳамдамовнинг “Шунқорлар”, Фарҳод Худойбердиевнинг “Баракасини берсин”ида ишладим. Атрофга разм солсам, “Ўзбекфильм”да ҳамма гуруҳ-гуруҳ бўлиб бўлиниб олишибди. Мен ишлаган вақт­даги ижобий муҳитдан асар ҳам қолмаган, қисқаси бундай ҳолатга кўниколмай, ишдан кетдим.

Кунларнинг бирида режиссёр Фарҳод Худойбердиев қўнғироқ қилиб, режиссёр Сайфиддин Мелиев­ “Тўмарис” спектаклини саҳналаштираётганини айтди. Сайфиддин Тўмарис ролини берганида, рози бўлмадим, очиқчасига “тишим ўтмайди”, дедим. Лекин Сайфиддин амаллаб кўндирди, ижро этдим, ёмон бўлмади. Кутилмаганда “Эътироф-2016”да мукофотлашди, эътибордан хурсанд бўлдим! Ишонсангиз, биринчи синфда ўқитган устозим ҳам рақамимни топиб, қўнғироқ қилиб табриклади, опа-сингилларим хурсандчиликдан йиғлашди. Биласизми, бу мукофот — масъулият, бундан буён ижоддан тўхташга ҳаққим йўқ. Ҳаётдан англаган ҳақиқатим: берилган синовларни енга олсанг, машаққатларга бўй бермасанг, ҳаёт сени янада кучлироқ ва янада ақлли қилади, синдира олмайди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

Шарҳлар

Гавҳар Шариповага ҳайдовчи шилқимлик қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча баёнот берилди

20.11.2019, 14:21

“Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинадан ўзини ташлаган” Қашқадарё ЙҲХБ қўшимча баёнот берди.2019 йил 18 дан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20...
Зохиршоҳ Жўраев Ботир Қодиров унинг акаси экани ҳақидаги миш-мишларга нуқта қўйди (видео)

06.11.2019, 12:06

Зохиршоҳ Жўраев "Миллий" телеканалининг "Нишондасиз" кўрсатувида иштирок этиб, оилавий миш-мишларга нуқта қўйди...Кўрсатув давомида бошловчи Зохиршоҳдан Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг фарзанди экани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритишини...
Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
​АКТРИСА АСАЛ ШОДИЕВА ТАДБИРКОРЛИККА ҚЎЛ УРДИ (ФОТО, ВИДЕО)

21.09.2017, 15:12

Асал Шодиеванинг Инстаграмдаги ижтимоий тармоғида ўзига хос дизайндаги либослар тўплами акс этган суратлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, мазкур либослар актрисанинг ғояси билан яратилган бўлиб, Miel...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1