«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизимида истеъмолчиларнинг газ ҳисоблаш қурилмаларидаги кўрсаткичларни йиғиш билан шуғулланган инспекторлар лавозими бекор қилинди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу қарор газни ҳисобга олиш қурилмалари истеъмол кўрсаткичи ва дебиторлик қарзи юқори бўлган ҳамда газ тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш зарурати мавжуд бўлган 77 та шаҳар/туманларга ўрнатилаётгани сабаб қабул қилинган.
Маълум қилинишича, ҳозирда ГНҲАТ лойиҳасини амалга ошириш Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Қибрай туманларида, Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида, Навоий вилоятининг Кармана туманида тўлиқ якунланган. Бутун мамлакат бўйлаб 991 мингдан зиёд янги «ақлли» газ ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинган ва уларда қайд этилаётган маълумотлар автоматик равишда BillingGaz тизимига юборилмоқда.
«Қабул қилинган қарор газ етказиб берувчи ва абонент ўртасида ўзаро ишончга асосланган муносабатларни ўрнатиш, шунингдек, ГНҲАТ тизимига уланмаган ҳамда аввал ўрнатилган газ ҳисоблагичларидан табиий газ истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни BillingGaz тизимига киритишда инсон омилини қисқартиришга имкон беради», — дейилади хабарда.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ «сотувчи ва харидор» муносабатларидаги янги шартларга мувофиқ ҳамда абонент ва табиий газ етказиб берувчиси ўртасидаги амалдаги келишувга биноан, истеъмол қилинган «зангори ёқилғи» учун тўловларни ҳар ойнинг 10-кунигача амалга ошириш кераклигини эслатади.
Етказиб берилган табиий газ учун тўлов шартномада белгиланган муддатларда, ўз вақтида тўланмаган тақдирда, истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ, тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун тўлов миқдорининг 50 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда, 0,1 фоиз миқдоридаги пеня тўлайди.
«Истеъмолчилардан хонадонларига ўзларини газ таъминоти ташкилотларининг инспектори сифатида таништириб келган шахслар билан алоқага киришмасликларини ва уларни ГНҲАТ тизимига уланмаган газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни тақдим этмасликни, шунингдек, тўловларни мобил телефон орқали электрон тизимлар ёки банк кассаларига мурожаат қилган ҳолда амалга оширишларини сўраймиз», — дейилади «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабарида.
Таъкидланишича, яқин кунларда истеъмолчилар ГНҲАТ тизимига уланмаган, истеъмолдаги газ ҳисоблагичларининг кўрсаткичларини юборишлари учун махсус Telegram-бот ҳамда илова ҳам ишга туширилади.