ССВ Матбуот хизмати диарея хасталигига ташхис қўйиш, уни даволаш ва олдини олиш усуллари ҳақидаги саволлар билан Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё АСИЛОВАга мурожаат қилди.
— Шифокорлар диареянинг тури, сабаби ва хавфлилик даражасини аниқлаш учун қандай текширувлар ўтказади?
— Ташхисни аниқ қўйиш учун бемор, аввало, умумий қон таҳлилларини топшириши зарур. Бу билан қондаги бактериялар текширилиб, шифокор диареянинг сабабини айтиб бера олади. Сўнг бемор ахлати текширувдан ўтказилади. Агар бу текширувлардан ич кетишининг аниқ сабабини билиш имкони бўлмаса, ичакни колоноскоп ёрдамида текшириш диареянинг бошқа сабабларини аниқлаб беради.
Уй шароитида ахлат рангига қараб ҳам бемор диареянинг қандай тури билан оғриётганини аниқлаш мумкин. Масалан, унинг ранги пушти бўлса — дизентерия, яшил бўлса — организмда стафилококк ёки сальмонеллёз кўпаяётганини англатади.
Агар ахлат кулранг ва кўпикли бўлса, организмда ротавирус борлиги, ахлатда ёғ ва ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари бўлса, истеъмол қилган қайсидир таоми ёқмагани ва ҳазм бўлмаганини билдиради.
Аниқ ташхис қўйиш учун эса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.
— Ушбу хасталикни даволаш усуллари қандай?
— Кўп ҳолларда диарея ўз-ўзидан 1-2 кунда йўқолиб кетади. Aгар сиз овқатланиш тартибингизни ўзгартирсангиз ва диареяга қарши чоралар қўллашингизга қарамай диарея давом этса, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, шифокор ҳузурига боришингиз ҳамда ҳолатингизга кўра у сизга тўғри муолажа олиб боришда ёрдам беради.
Бактерия ва айрим паразитлар сабаб келиб чиққан диареяда антибиотиклар қабул қилиш фойда беради. Aгар ич кетишига вируслар сабаб бўлса, улардан бундай препаратлар ҳеч қандай наф бермайди. Бу ҳолатда бошқа дори воситалари орқали даволаш муолажаларини ўтказиш керак. Даволашнинг натижадорлигини, аввало, тўғри ташхис қўйиш белгилаб беради. Aгар диарея ичак касалликлари билан боғлиқ бўлса, мутахассис (гастроэнтеролог) сизга ёрдам беради.
Диареядан азият чекаётган кишиларга илиқ ва тоза сув, шўрва (булён), шарбатлар кўпроқ ичиш тавсия этилади. Алкогол ва кофеинни истеъмол қилиш эса тақиқланади. Ярим қаттиқ маҳсулотлар, қотирилган нон, гуруч ва товуқ гўшти истеъмол қилиш зарур.
Рецепциз бериладиган ичак микрофлорасини тикловчи пробиотиклар қабул қилиш ҳам ич кетишидан қутилишингиз учун фойда бериши мумкин.
— Диареяга учрамаслик учун қандай санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш талаб этилади.
— Қўлларни тез-тез совун билан камида 20 сония ювиш тавсия этилади. Бу микробларнинг тарқалишига йўл қўймайди. Қўлларни ювишнинг иложи бўлмаса, санитария-гигиеник воситалардан фойдаланиш ҳам мумкин.
Шунингдек, истеъмол қилишдан олдин озуқа маҳсулотларининг эскирмагани, сифатига ҳам алоҳида эътибор бериш зарур.
Болаларни диарея чақирувчи омил бўлмиш ротавирусларга қарши эмлатиш керак. Буни шифокор маслаҳати билан амалга ошириш тавсия этилади.
Бир сўз билан айтганда, соғлом турмуш тарзи талабларига риоя этувчи инсонларда бу касаллик камдан кам учрайди. Бундай киши касал бўлса ҳам тезда соғайиб кетиши шубҳасиз.