Ёз фасли кириб келиши билан кўпчилик жазирамадан қочиш ва салқинланиш мақсадида чўмилиш учун очиқ сув ҳавзаларига талпинади. Сузишнинг организм учун фойдали жиҳатлари кўп, албатта. Аммо сув ҳавзаларида чўмилиш чоғида турли касалликларни юқтириб олиш хавфи мавжуд.
Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори Гулноза Қурбонова очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида турли замбуруғли инфекциялар туфайли дерматит ва бошқа тери касалликларини юқтириб олиш мумкинлигини айтди.
— Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланган сувда учраши мумкин бўлган ичак таёқчаси ва энтеровируслар ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз, сальмонеллёз каби касалликларни келтириб чиқаради, — дейди мутахассис. — Бундай вирус ва бактериялар сувга инсоннинг ювилмаган қўллари, қусиқ моддалари, қуш ёки ҳайвонларнинг нажаси, ҳашоратларнинг личинкалари орқали тушади.
25-45 даража иссиқлик бактерия ва вирусларнинг кўпайиши ва узоқ яшаши учун оптимал ҳарорат ҳисобланади. Шу боис ёз фаслида касаллик қўзғатувчилари сувда бир неча кундан бир неча ойгача сақланиши мумкин
Хасталик белгилари тахминан 12-48 соат оралиғида ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, ич кетиши, қорин дам бўлиши каби аломатлар билан намоён бўлади.
Очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида турли замбуруғли инфекциялар туфайли дерматит ва бошқа тери касалликларини ҳам юқтириб олиш мумкин.
Ифлосланган сувдаги бактерия ва вирусларнинг кўз шиллиқ қаватига тушиши эса конъюнктивит ёки кератитга олиб келади.
Сув ҳавзаларида чўмилиш вақтида шу каби касалликларга чалиниш хавфини камайтириш учун бир қанча қоидаларга риоя қилиш керак.
Аввало, чўмилиш тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмаслик лозим. Рухсат этилган жойларда чўмилганда ҳам сувнинг кўз, бурун ва оғизга тушишидан сақланиш муҳим. Агар танада очиқ яралар бўлса, чўмилишдан тийилган маъқул.
Чўмилишдан олдин ва кейин совун билан яхшилаб ювиниш ва кийимларни алмаштириш зарур.
Бундан ташқари, очиқ ҳавзаларда чўмилиш учун атмосфера ҳарорати +20...+25, сув илиқлиги эса +17...+19 даражадан кам бўлмаган шароит зарур.
Қуёш фаол бўлган паллада (12:00 дан 16:00 гача) офтоб тиғидан сақланиш керак. Чунки ультрабинафша нурларининг давомий таъсири катарактага ва кейинчалик кўз нури бутунлай йўқолишига сабаб бўлади.
Шунингдек, кучли ультрабинафша нурлари туфайли аллергик реакциялар, тери саратони юзага келиши хавфи ҳам мавжуд.
Таъкидлаш жоиз, сунъий сузиш ҳавзалари ҳам турли инфекцияларни юқтириб олиш хавфидан холи эмас. Шу сабабли уларнинг тозалигига, суви ўз вақтида алмаштирилганига ишонч ҳосил қилиш лозим. Агар бундай ҳовуз кафеллари сирпанчиқ бўлса, сув эскирганидан далолат беради. Бассейн суви совуқ бўлмаслиги ҳам муҳим, чунки бундай ҳарорат томир тортишишига олиб келиши мумкин.
Агар сизда чўмилиш пайтида ёки ундан кейин касаллик аломатлари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.