Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган автомобиль йўллари соҳасида молиявий очиқлик ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси муҳокама учун regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати "Darakchi.uz"га маълум қилди.
Мазкур қарор билан қуйидаги янгиликлар жорий этилиши кутиляпти.
Ҳамма учун очиқ бўлган “SHAFFOF YO’L” онлайн ахборот платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.
Платформада:
– автомобил йўллари қурилиши бўйича барча давлат дастурлари ва маҳаллий дастурлар бир жойда жамланади;
– қурилиши ва таъмирланиши режалаштирилган йўлларнинг барчаси онлайн-харитада яққол кўриниб туради, яъни таъмирланаётган йўллар қандайдир “4К66” каби тушунарсиз рақамлар билан эмас, балки шаҳар ва кўча номигача ушбу платформадан ва мобил телефондан кўриб туриш мумкин бўлади;
– шу хаританинг ўзида қурилиши ёки таъмирлашни амалга ошираётган ташкилот, сарфланаётган маблағ, бажарилган ишларнинг аҳволини бевосита кузатиб бориш имкони пайдо бўлади;
– йўл жамғармаларининг барча тушумлари реал вақт режимида Платформада “онлайн-ҳисоблагич”да кўриниб туради, яъни масалан автомобилингизни рўйхатдан ўтказганда йўл жамғармасига тўланган маблағ қаерга кетганлигини шу заҳоти билиб олса бўлади;
– аҳолига йўллар носозлиги, ҳаракатланиш учун пайдо бўлган муаммолар ҳақида фото- ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти яратилади;
Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги жамоатчиликни мазкур ҳужжат лойиҳасининг муҳокамасида фаол иштирок этишга чақириб қолади!