АсосийJamiyat

“Ўзбекнефтгаз”: Газлида нефть ва газ конларидаги қувурларни ўғирлаётган тўрт нафар шахс қўлга олинди

'“Ўзбекнефтгаз”: Газлида нефть ва газ конларидаги қувурларни ўғирлаётган тўрт нафар шахс қўлга олинди'ning rasmi

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида углеводород хомашёси қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида конлардаги маънан эскирган қувурларни янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Республика аҳолисини табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида амалга оширилаётган ишларнинг қизғин палласида, афсуски айрим фуқаролар томонидан газ қувурларини ўғирлашга уриниш ҳолатлари учраб турибди.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Бухоро вилояти Қоракўл тумани “Учқир”-“Қумли” йўналишида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Андақли” конига қарашли 7-сонли қудуқ олдида турган 4 дона D89 мм.ли, 1 дона 10 метрли темир қувурлари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда Бошқарма бошлиғи Хислат Назиров зудлик билан Бухоро вилояти Қоракўл тумани ИИБга хабар берган.

Ушбу ўғирлик воқеасидан сўнг, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли конлар ва қудуқлардаги талон-тарожликлар ҳамда ўғирликларни олдини олиш учун қўриқлаш ишларини олиб борувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига қарашли Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси Ромитан тумани бўлими ходимлари билан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси масъул ходимларидан иборат гуруҳ ташкил қилиниб, махсус қўриқлаш-қидирув тадбири ўтказилган.

Ана шу тадбир жараёнида яна бир содир бўлиши мумкин бўлган ўғирликнинг олди олинди, яъни “Кулбешкак-Дояхотин” йўналиши ҳудуди чўлларида 4 нафар фуқаро И.О., К.Ҳ., Б.Ҳ., О.Т. газ қувурларини кесиб олишаётган вақтида ушланганлар.

Ҳодиса рўй берган вақтда газ қувурлари ортилган авторанспорт воситаси ҳам борлиги маълум бўлган ҳамда суриштирув давомида улар қувурларини шахсий эҳтиёжлари учун кесиб олишаётганликларини билдиришган.

Айрим фуқаролар томонидан газ қувурларининг ўзбошимчалик билан кесиб кетилиши, аҳолига етказиб бериладиган ёки қайта ишлашга йўналтириладиган табиий ва суюлтирилган газнинг йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Улар томонидан кесиб кетилган нуқталарни беркитиш ва таъмирлаш учун қурилмаларнинг тўхталиши эса кўп миқдорда табиий ва суюлтирилган газ йўқотилишига сабаб бўлиши баробарида, мамлакат иқтисодиётига ҳам сезиларли зарар етказмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар ва ашёвий далиллар чора кўришлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғирлик жинояти “...нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса”, беш йилдан саккиз йилгача муддатда озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар