2021 йил 18 ноябрь куни Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, ходимлар томонидан ўз хизмат бурчига масъулият, садоқат ва ҳалоллик билан ёндашишларини ҳамда ҳар қандай қонун бузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасиз курашишларини таъминлаш борасида зарур чора - тадбирлар белгиланди.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, прокуратура фахрийлари ҳамда жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этишган.
Йиғилишда прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган ножўя ва номуносиб хатти - ҳаракатлар, шу жумладан коррупциявий ҳолатлар ҳамда буларга имкон берган сабаб ва шарт - шароитлар кескин танқид қилинган.
Вилоят, туман (шаҳар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг, Департамент ва Бюро раҳбарларининг ҳисоботлари, тушунтириш ва изоҳлари эшитилган.
"Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилди",-дейилади хабарда.
Шу билан бирга, ходимлар масъулиятини тубдан ошириш, прокуратура ходими деган номга доғ тушурувчи ножўя хатти – ҳаракатлар содир этмасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилган.