Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати департаменти Арманистон ташқи ишлар вазирлигининг ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ баёнотига изоҳ берди. Бу ҳақда "azertag.az"да хабар берилди.
“Арманистон ТИВнинг 2022 йил 2 октябрдаги баёнотида, ҳарбий жиноятлар Қуролли Кучлар томонидан содир этилгани айтилади.
Арманистондан фарқли ўлароқ, Озарбайжон ўзининг халқаро мажбуриятларига жиддий ёндашаётганини, ҳарбий амалиётлар чоғида содир этилган жиноятлар билан боғлиқ даъволар тегишли давлат тузилмалари томонидан текширилаётганини таъкидлаймиз.
2022 йил 17 сентябрда Озарбайжон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларнинг ҳақиқийлигини, шунингдек, видео суратга олинган вақт ва жойни аниқлаш бўйича кенг қамровли текширувлар бошланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Биринчи Қорабоғ урушидан бери Арманистон қуролли кучлари нафақат озарбайжонлик ҳарбий хизматчилар, балки тинч аҳолига нисбатан ҳам мисли кўрилмаган қирғин уюштирди, 4000 га яқин озарбайжонлик тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
2020 йил октябрь ойида Озарбайжоннинг Ганжа, Барда ва Мингачевир шаҳарларининг тинч аҳолиси ракета ҳужумларига учраган ҳолда инсониятга қарши жиноятлар содир этилди.
Бугун Арманистон томонидан ётқизилган миналар минтақа аҳолиси ҳаётига жиддий таҳдид солмоқда. 2020 йилнинг ноябрь ойидан ҳозирги кунга қадар 250 га яқин одам мина қурбони бўлди, асосан тинч аҳоли вакиллари. Озарбайжон ҳудудидан топилган миналарнинг 2021 йилда Арманистонда ишлаб чиқарилгани Арманистоннинг озарбайжонларга қарши уруш жиноятларини давом эттираётгани, ҳалигача миналанган майдонлар хариталарини Озарбайжонга бермай, бошқа томондан янги миналарни кўмиб бораётганининг далилидир.
Арманистон ҳукумати ҳозиргача содир этилган ҳарбий жиноятларнинг олдини олиш ёки содир этилган жиноятлар учун тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича амалий чоралар кўрмади.
Арманистоннинг халқаро ҳамжамиятни чалғитишга ва асоссиз айбловларни тарқатиш орқали ўз масъулиятини яширишга уринишларини кескин қоралаймиз. Биз Арманистондан халқаро мажбуриятларини бажаришини ва кўплаб ҳарбий жиноятлар учун айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қиламиз”, дейилади расмий баёнотда.