Қирғизистон президенти Ўзбекистон билан яқинда қизғин муҳокама қилинаётган Кемпиробод сув омбори бўйича келишув ҳақида гапирди. Бу ҳақда "Спутник Қирғизистон" хабар бермоқда.
“Худо хоҳласа, яқин кунларда келишув имзоланиб, ратификация қилиниб, парламент томонидан маъқуллангач, жамият қайси ерлар бизга ўтганини билиб олади, Халқдан сабр ва кутишларини сўрайман. Умуман олганда, баҳсли ҳудудларнинг деярли 99 фоизи бизга ўтди. Аввал, Ўзбекистон назорати остида бўлган бўлса, энди 50/50 улушга эга бўлган корхона ташкил этилиши ҳақида келишиб олдик ва у биргаликда бошқарилади", деган Садир Жапаров.
"Музокаралар натижасида сув сатҳи 908-горизонталдан 900-га туширилди. Натижада сув омбори қирғоқлари бўйлаб 1246 гектар ер бўшатилди – ўзимизга ўтади. Бу ерлардан маҳаллий аҳолимиз доимо қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланадилар", - дея қўшимча қилди Қирғиз президенти.
Садир Жапаров Ўзбекистон билан чегара бўйича келишув Қирғизистон учун жуда фойдали, дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қарорнинг тўғри бўлганини, амалдаги ҳокимиятнинг иши давлат манфаати йўлида бўлганини 100 йилдан кейин ҳам тарих тасдиқлайди.