Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовни қабул қилди. Бу ҳақда Туркманистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон Президентига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро бетарафлик куни муносабати билан самимий саломи, эзгу тилаклари ва табрикларини, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган ўз байрамини илиқ эслаши ҳақидаги сўзларини етказди.
Учрашувда Туркманистон раҳбари ва унинг меҳмони сўнгги йилларда ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, учрашувда ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистонга қўшимча равишда кунига 20 миллион куб метр газ (3 ойда жами 1,5 млрд куб метр) бериш бўйича шартнома имзолангани ҳам айтилмоқда.