Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтимизда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХХ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида яшовчи 6 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда Чилонзор туманида жойлашган кўчмас мулк иншоотини сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда гўёки ўзларига тегишли эканлигини айтиб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига унинг 150 минг АҚШ доллари миқдоридагипул маблағини ўзлаштирмоқчи бўлган вақтларида қўлга олинди.
Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Тошкент вилоятининг Бекобод ва Бўка туманларида яшовчи, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирининг 2 нафар талабаси аризачининг укасини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Сергели туманида яшовчи, 1984 й.т. шахс мансабдор танишлари орқали Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи фуқаронинг Бутунроссия давлат адлия университетини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломини нострификация қилиш бўйича имтиҳондан ўтишида ёрдам бериш эвазига ундан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.