АсосийJamiyat

Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилди — Энергетика вазирлиги

'Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилди — Энергетика вазирлиги'ning rasmi

Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди.

Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилди.

Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилган.

"Шу кўрилган чораларга қарамасдан республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 миллион киловатт-соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 миллион киловатт-соатни ташкил этган.

Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилмоқда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар