1

Рустам Сагдуллаев “Жульетта”сини қандай учратган?

ШОУ-БИЗНЕС 21.09.2016, 10:23
Теглар: Актёр, Оила, Эр-хотин
Рустам Сагдуллаев “Жульетта”сини қандай учратган?

Бу актёрни нафақат ўзимизда, балки хорижда ҳам «Ромео» деб чақиришади. Суратга тушган фильмидаги образи актёрга машҳурлик билан бирга севишганлар образининг қойилмақом ижрочиси номини ҳам берган. Буни қарангки, ҳаётдаги «Ромео» ҳам экрандагисидан ҳеч ҳам қолишмайди. Романтик, муносабатларни қадрлайдиган ва кутилмаган қаҳрамонликлар кўрсатишга қодир. Айнан шундай ҳислатлари билан у ўз «Жульетта»сини топган. 

Танишинг, лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмонлари Рустам Сагдуллаев ва унинг рафиқаси Марина Сагдуллаева. 

— «Рустам ва Марина» муҳаббати бутун бошли асар дейишади. Жульеттангизни қандай учратгансиз, Рустам ака?

Рустам: — Рафиқам билан Ўзбекфильм киностудиясининг тикув цехида танишганман. Марина ўша вақтлари цехда тикувчи бўлиб ишларди. Кейинчалик ҳаракатчанлиги билан раҳбар лавозимигача кўтарилди. Бир куни костюм-шимимни қайта тикиш учун цехга бордим. Қизлар бири олиб, бири қўйиб ҳазил-ҳузил қилишар, фақат Марина менга эътибор бермасди. Эртасига келсам, буюртмам тайёр. Маринага «Раҳмат!» деб чиқиб кетаётсам, қизлар шумлик қилиб, «Раҳмат айтасиз, холосми? Бошқа совғангиз йўқми?» дейишди. Мен ҳам бўш келишни хоҳламай, тўй, оила ҳақидаги илмоқли гаплар билан жавоб бердим. Астойдил ният қилган эканман, кўп ўтмай, турмуш қурдик. Лекин Маринамнинг муҳаббатини қозониш осон бўлмаган. 

— Наҳотки, актёрлик маҳоратингиз ҳам ёрдам бермадими? 

Рустам: — Эътиборини қозониш учун нималар қилмадим. Бир фильмни суратга олиш ишлари бўлаётганди. Қарасам, Марина либослар бўйича рассом ёрдамчиси экан. Имкониятни қўлдан чиқармай, унга хат ёзишга қарор қилдим. Биз билан суратга олиш майдонига  дўстимизнинг қизчаси борганди. Бир-икки марта хат ёзиб, қизалоқдан бериб юбордим. Марина бўлса, жавоб бермаса ҳам майли, ўқимай йиртиб ташларди. Охири бўлмади, шартта олдига бордим-да, «Нега мактубларимни йиртиб ташлайсан. Ахир сени ёқтириб қолдим, нега ишонмайсан?» дедим. У бўлса, «Актёрларга ишонмайман!» деб жавоб берди, холос. 

— Марина опа, нега ишонмагансиз? 

Марина: — Рустамга эмас, актёрларга ишонмасдим. Атрофида ҳамиша ёш, гўзал мухлисалари, ижодий сафарлар, турли зиёфатлар бўлади. Муҳаббат борасида беқарор бўлишса керак, дердим-да. Аммо Рустам бунинг аксини исботлади. 

— Қарорингизни ўзгартиришингизга нима сабаб бўлди?

Марина: — У севгисини жуда чиройли изҳор қиларди. Менга атаб шеърлар ёзган. Қандай инсонлигини ижодий сафарларда давомида билганман. Съёмкадан кейин меҳмонхонага қайтсак, ҳамма ўз хонасига кириб кетарди. Қизлар ўн хилдан ортиқ либосларни юқори қаватга олиб чиқишга қийналардик. Шунда Рустам ёрдамга келарди. Овқатланишга улгармай, дўконга чиқиб келишга мадоримиз қолмай ўтирганимизда, егулик олиб келиб, «Тамадди қилиб олинглар», дея ғамхўрлик кўрсатарди. Эътибори, самимияти билан меҳримни қозонган. Биласизми, биз бир-биримизни чиндан дилдан, самимий яхши кўрганмиз. Ҳатто, учрашганимизда қўл ушлашиб юрмаган эканмиз (кулади).

— Эшитишимча, «ЗАГС»га борганингиз ҳам қизиқ бўлган экан.

Рустам: — Турмуш қуриш таклифини айтганимдан сўнг қонуний никоҳдан ўтиш учун Маринанинг паспортини сўраганман. Аммо бу ҳақда ўзига айтмадим. Хужжатларни олгач, тўғри «ЗАГС» бўлимига бордик. «Сен машинада ўтириб тур, мен ҳозир» дедим-да, кириб кетдим. «Мана бу мен ва келинингизнинг паспорти, бизни никоҳдан ўтказиб қўйинг. Бугун!» дедим ходимларига. «15 кундан кейин келасиз. Бугун никоҳдан ўтиш учун ариза ёзасизлар», дейишди. Кейин актёрлигимни билиб, съёмка бўлаяпти деб ўйлашди. «Рост, бугун уйланмоқчиман», деб аранг уларни кўндирдим. Гувоҳлар ҳам бўлимдаги қиз билан кўчада кетаётган бир йўловчи бўлган. 

Марина: — Қаерга келганимизни билмасдим-да, ичкарига кириб бораяпман, Менделсон куйи янграяпти. Ҳайронман, тўй бўлаяптими, келин қани, дейман. Билсам ўзимнинг тўйим бўлаётган экан. Келин ҳам ўзим! Маросим ўтказиладиган хонада никоҳимизни расмийлаштиришган. Рости кутилмаган воқеа бўлганди.

Рустам: — Кейин турмуш қураётганимизни айтиш учун қайнонамнинг олдига бордик. «ЗАГС»дан ўтдик, тўй қиламиз», деб паспортларни узатдик. Меникини кўриб, «Билгандим-а, шунақалигингни. Хотининг бор экан-да», деган. Паспортни очиб қарасам, никоҳдан ўтилганлик муҳри ўрнига, никоҳ бекор қилинди дегани турибди. «ЗАГС»дагилар кутилмаган ташрифимиздан шошиб қолишган чоғи, адашиб бошқа муҳрни қўйиб юборишибди. Кейин ҳужжатларни қайта тўғирлаганмиз. Хуллас, ҳаммаси жуда қизиқ бўлган. 

— Тўй куни-чи? 

Рустам: — Онам турмушга чиқаётганида таққан оқ шойи рўмолини келинининг бошига ташлаб, оқ фотиҳа берган. Никоҳ ўқилаётганда нималар дейилишини Маринага тушунтирганмиз. Аммо барибир қовун туширган.

Марина: — «Никоҳ ўқилаётганда уч марта «розимисан» деб сўрашади. Учинчисидан кейин «розиман» дейсан», деб тушунтиришган. Никоҳ ўқиётган домла биринчисидан кейин «Розиман денг» деса, унга жавобан «Уч марта сўрамадиз-ку» деганман (кулади). 

Рустам: — Кейин тўй қилиб, оила қурдик. Бирин-кетин фарзандларимиз туғилишди. 

— Таниқли актёрнинг рафиқасини кўришга қизиққанлар ҳам кўп бўлгандир?

Рустам: — Муносабатларимизни ҳамма биларди. Табриклар кўп бўлган. Марина атлас кўйлакларда эрталаб кўча супургани чиқарди, ойимга келинсаломлар қиларди. Ҳаммаси урф-одатларимизга хос чиройли бўлган. 

— Келинлик вазифаларини уддалаш қийин бўлмаганми, Марина опа?

Марина: — Шу юртда туғилиб, вояга етдим. Кичиклигимдан ўзбекона урф-одатларини жуда ҳурмат қиламан. Расм-русумлар ҳам таниш. Шу боис келинлигимда қийналмадим. Қолаверса, турмуш ўртоғимнинг оиласидагилар самимий, очиқкўнгил инсонлар. Ўзаро ҳурмат бўлгани учун шу кунгача тинч-тотув яшаб келаяпмиз.

— Бир-бирингизга шу қадар меҳр билан қараяпсиз-ки, рашк ҳақида сўрашга ҳам ўйланиб турибман. 

Рустам: — Ҳали ҳам рашк қиласизми, демоқчисиз-да? Албатта! Бусиз бўларканми (кулади)? Бепарво одамгина аёлини қизғанмаслиги мумкин. Эр-хотин муносабатларида рашк бўлиши керак. Лекин меъёрида. Аёлим касбимни тушунади, қолаверса, ўзи ҳам шу муҳитда ишлаган. Ноўрин рашк бўлмайди. Мен ҳам уни қизғонаман. Ахир чиройли аёл-да. 

— Баъзи оилаларда эр ёки хотиннинг машҳурлиги қайсидир маънода муносабатларга таъсир қилади. Сизларда бу қандай?

Рустам: — Бу гап бизни оилага тааллуқли эмас! Менинг касбим, машҳурлигим ҳеч қачон оиламизга дахл қилмаган. Ноўрин рашк бўлмаслиги учун фестивалларга Марина билан бирга борамиз. 

— Рустам ака, сизни жаҳли тез дейишаркан. Яхшиси, жавобни рафиқангиздан эшита қолайлик.

Марина: — Жаҳли тезлигини порох билан тўлдирилган қопга қиёслаш мумкин. Лекин «лов» этиб ёнса ҳам, тез ўзига келади. 

— Бундай вазиятларда сиз нима қиласиз?

Марина: — Жим тураман. Энг маъқули ҳам шу-да. Ўзига келгач, кейин гаплашамиз. 

— Йигирма саккиз йилдан буён биргасизлар. Турмушда турли вазиятлар бўлиб туради. Синовлардан ўта олиш ҳам санъат, шундай эмасми?

Рустам: — Рост айтдингиз. Бир муддат ижодимда узилиш бўлиб қолди. Уч йилча кинога таклифлар бўлмади. Ўшанда рафиқам рўзғор оғирлигини елкасига олиб, елиб-югурганди. Қизимиз бор, ўғлимизга ҳомиладор ҳолида ҳам иккита жойда ишлаб, менга далда бўлган. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, онам «Хотининг сени юқорига кўтаради», деганди. Шукр, бу синовлардан ҳам ўтиб олдик. Кейинчалик ҳаётимиз изга тушиб, таклифлар ҳам кўпайди. Шуни айтсалар керак-да, туйғулар чинлиги синовларда билинади, деб. Ўйлайманки, биз бу имтиҳонни аълога топширдик. 

Марина: — Оилада асосийси, сабр-қаноат. Эр-хотин бир-бирини тушунса, ҳурмат қилса, турмуши осойишта бўлади. Муҳими, эркакнинг ғурури синмасин. Қандай вазият бўлишидан қатъи назар турмуш ўртоғингиз оилангиз устуни эканлигини унутмаслик керак. Унга суянсангиз, ҳеч қачон ютқазмайсиз. 

— Икки нафар фарзандингиз бор. Уларнинг тарбиясида ким қаттиққўлроқ? 

Рустам: – Онаси! Мен қаттиққўллик қилолмайман. Айниқса, қизимга. Лекин шундай тарбия бергани ҳам яхши экан. Қизимизни узатганмиз. Яқинда «Дадажон, онамдан жуда миннатдорман. Талабчан бўлиб яхши қилган экан», деди. Ўзи ҳам оилали бўлиб, онасини кўпроқ тушунаяпти. Наврўза ҳам бўлажак журналист. Ҳозир шу соҳада таҳсил олаяпти. Ўғлим Равшан эса информатика йўналиши бўйича коллеж ўқувчиси.

— Қизингизни исми чиройли экан. Ўзингиз қўйганмисиз?

Марина: — Исмини қайнонам танлаган. Энг қизиғи, Наврўза 1993 йилнинг 3 ойи, ҳафтанинг 3 куни ва 3 март санасида туғилган. 

Рустам: — Ўғлимнинг исмини қайнона-келин бир-бирларидан бехабар Равшан деб қўйишган. Тасодифни қаранг-ки, яқин дўстимнинг исми ҳам шундай. 

Марина: — Болалар тарбиясида қайнонамлардан ғоят миннатдорман. Эр-хотин сафарларда бўлганимизда боғчасими, мактабими, ўзлари бош-қош бўлган. Ҳатто, энг яхши буви деган фахрий ёрлиқлари ҳам бор. 

— Бахтингизга ҳавас қилдим. Кўз тегмасин! 

Рустам: — Раҳмат! 

Блиц савол-жавоблар

— Марина опа, бахт формулангиз борми? 

— Ўзаро ҳурмат. Мана шу оддий, аммо муҳим қоидани унутмаслик керак. 

— Эркакларни назорат қилиш шартми, сизнингча?

— Асло. Барибир, фойдаси йўқ. Яхшиси, унга ишонинг. 

— Кечириш-чи?

— Вазиятга қараб. 

— Эркакларга нималарни айтиб бўлмайди?

— Нимадир тақиқлаш, буйруқ оҳангида сўзламаслик керак. 

— Рустам ака, рафиқангизни уч сўз билан таърифланг:

— Оқила  рафиқа, покиза инсон, яхши она. 

— Унга аталган уч тилагингиз:

— Ўзимга нимаки яхшилик тиласам, рафиқамга ҳам шуларни тилайман. Соғ-саломат, умри узоқ бўлсин, ҳамиша бугунгидек ёш ва гўзал бўлиб юришини хоҳлайман. 

— Ҳеч қачон унутилмайдиган уч совғаси:

— Қизим, ўғлим ва менга бўлган муҳаббати! 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1