1

Эрта «улғайиб қолаётган» болалар. Бу меъёрми ёки?..

СУҒДИЁНА 10.10.2016, 10:11
Теглар: Она, Ота, Ота-она, Оила, Она ва бола
Эрта «улғайиб қолаётган» болалар. Бу меъёрми ёки?..

Ҳозир имконсиз нарсанинг ўзи йўқ: март ойида қулупнай, май ойида тарвуз, декабрда гилос ёки шафтоли топиш муаммо эмас. Лекин бевақт етилган бу маҳсулотларнинг таъми ўз вақтида пишганларникига асло ўхшамайди. Инчинун, ҳар ишнинг ўз вақтида бўлгани яхши.

Шикоят

«Олти яшар ўғлим юзгача бўлган сонларни бемалол қўшиб, айиради, карра жадвални ёд билади, яхши расм чизади. Аммо айрим ўринларда «мен катта бўлсам, фалон ёшимда уйланаман» ёки «боғчамда Шаҳбоз Назокатни севади» каби гапларни ҳам айтади. Чолга ўхшаган болани азалдан хушламасдим. Энди ўзимнинг фарзандим шундай бўлиб қолаётгандек. Нима қилиш керак?»

«Қайнэгачимнинг 11 ёшли қизи ҳаддан ортиқ маҳмадона ва чақимчи. Нуқул катталарнинг ёнида ўтириб гап пойлайди, эшитганларини оқизмай-томизмай «керакли одамлар»га етказади. Неча марта шу қизнинг чақимчилиги туфайли қайнонамдан гап эшитдим. Яқинда икки уй ўртасида гап ташиб, қудаларни, яъни ўз бувиларини юзкўрмас даражада уриштириб қўйди. Сал қолди қайнэгачимнинг турмуши бузилиб кетишига…»

«Овсинимнинг етти яшар ўғли худди қайнотамнинг ўзи. «Келинойи, овқатга ёғни камроқ солинг, пулни кўчадан супуриб келишмаяпти-ку», «Бунча кўп телефонда гаплашасиз. Роса пул ёзади-ку» деган гаплар билан эзворади-да. Бир жойга борса, қуруқ қайтмайди, ҳеч бўлмаса ўзи ўтирган стулнинг болтини суғуриб келади. Нега ундай қилдинг, уйда бунақа нарсалар қалашиб ётибди-ку десангиз, «рўзғорда асқотиб қолади» қабилидаги катталарга хос жавобни эшитишингиз тайин».

Бу сингари шикоятларнинг қаҳрамонлари халқ тилида «она хотин» ёки «пакана киши» деб таърифланадиган болалардир. Улар кимнингдир ғашига тегади, бировнинг кулгисини қистатади, яна аллакимга қилиқлари ёқади ҳам. Аммо асосий савол кўндаланг тураверади: бу меъёрми ёки касаллик? Нега шундай бўлади? Давоси борми?

Сабаб

Аслида қўрқинчли ҳеч нарса содир бўлаётгани йўқ. Бола фалон ёшгача болалигини қилиши керак, пистон ёшдан катта бўлиши шарт деган чегара йўқ аслида. Қолаверса, юқорида келтирилган шикоятлар қаҳрамонлари эрта улғайган эмас, шунчаки, катталарга ҳаддан ортиқ тақлид қилаётган болалардир. Улар ақлий, психологик ривожланишда тенгдошларидан асло фарқ қилмайди. Аммо катталарга жудаям ўхшашади. Ягона фарқ шунда. Лекин бу ҳол одатийми ёки унда-бунда вазият тақозосига кўра намоён бўляптими – фарқлаб олиш керак. Масалан, бир қизалоқ онасининг кетидан тўйга эргашяпти. Она уни уйда қолдириб кетиш учун бундай дейди: «Қизим, катта бўлиб қолдинг, уйларни йиғиштириб, ҳамма нарсага кўз-қулоқ бўлиб тур. Биров нарсаларни олиб чиқиб кетмасин». Бола ўзини катта одамдай ҳис қилади, уйларни йиғиштиради, ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Ҳатто ҳовлисидаги райҳондан бир неча барг узишга чиққан қўшни аёлни ҳам қувиб солади. Чунки онаси унга «уйдан ҳеч нарса олиб чиқиб кетилмасин» деб қўйган. Ўша аламзада қўшнининг назарида қизалоқ «она хотин»га айланади.

Бола кичиклигидан жуда эътиборталаб бўлади. Катталар унга қанчалик кўп эътибор берсалар, шунчалик хотиржам ва бахтиёр. Аммо баъзида болага шу эътибор етишмай қолади. Шунда у ўзига диққатни тортиш учун катталарнинг гапини гапиради, қилиғини қилади, суҳбатига аралашади. Катталар кутилмаганда унинг сўзларидан кулишлари, мақташлари, ҳайратланишлари, хуллас, унга кутилган даражада эътибор қаратишлари мумкин. Болага бу хуш ёқади ва ўзига эътибор қаратишнинг бу усулидан тез-тез фойдаланадиган бўлиб қолади. Меъёрдаги, уйғун муносабатлар ичида ўсаётган бола ҳеч қачон бу йўл билан ўзига эътибор тортишга ҳаракат қилмайди. Демак, катталар болага муносабатларини ўзгартиришлари керак.

Яна бир ҳолатни назардан қочирмаслик керак. Бола – ойна. У катталарнинг феъли, хулқи, хатти-ҳаракатларидан нусха кўчиришни яхши кўради. Боладаги ғашга тегаётган, эриш туюлаётган нарса аслида катталарда ҳам ёқимсиз кўринадиган одатлардир. Нега бола айнан шу нарсаларни кўчиряпти? Чунки атрофдаги кимдадир шу хусусият ёки одат бўртиб кўринади.

Ва ниҳоят, яна бир сабаб: боланинг аввалига ҳеч зарарсиз туюлган катталарга тақлидини мақташ, кўкларга кўтариш ва ҳатто бундан фойдаланиш. Масалан, ёш болали уйда сир ётмайди, дейишади. Улар эшитганларини тўтидек такрорлашади. Катталар эса бирон жойга болани айғоқчи қилиб юборишади, уни гап чақишга, ғийбатларга қулоқ солишга атайин ўргатишади ёки мажбур қилишади. Шу ишни қилмаса, мақтов ва эътиборга сазовор бўла олмаслигини сезган бола «яшаш учун кураш» бошлайди, яъни олдига қўйилган вазифани ортиғи билан адо этишга бел боғлайди. Ахир уни эшитишяпти, оғзини пойлашяпти. Қолаверса, катталарнинг ҳаёти унга қизиқроқ, мароқлироқ туюла бошлайди. Энди у бусиз яшай олмайди. Кейинчалик талаб қилмасангиз ҳам, ҳатто тақиқлаб қўйсангиз ҳам, бола бу ишини қўймайди. Чунки одатга айланиб бўлди, тарки одат эса амри маҳол.

Ривоят

Бир донишмандга ота-она фарзандини етаклаб келиб, боланинг ҳаддан кўп ширинлик ейишидан, бу зарарли одатдан уни ҳеч қайтара олмаётганликларидан шикоят қилишибди. Донишманд «қирқ кундан кейин келсангиз, муаммонинг ечимини айтаман», дебди. Қирқ кундан кейин ота-она яна фарзандини етаклаб боришса, донишманд болага: «Қирқ кун умуман ширинлик ема», дебди холос. «Ахир шу оддийгина маслаҳат учун бизни шунча куттирдингизми?» деб сўраган ота-онага донишманд бундай жавоб берган экан: «Мен ўз қўлимдан келмаган ишни бировдан талаб қила олмайман. Болангга шу маслаҳатни беришдан олдин ўзим қирқ кун давомида ширинликдан тийилдим. Бунга муваффақ бўлганимдан кейингина ўғлингизга шу тақиқни айта олдим». Хулоса шуки, ҳар ким ўзгартиришни аввал ўзидан бошлаши керак.

Чора

Нима қилмоқ керак? Аввало пашшадан фил ясамай, вазиятни тўғри баҳолаш даркор. Балки бу болаларнинг шунчаки бир ўйинидир ва вақти келиб ўтиб кетар. Лекин ёмон одат даражасига етиб, бола тарбиясига таъсир этишни бошлаётган бўлса, чора излашга тўғри келади. Бу ўринда тақиқлаш, жазолаш каби усуллар ҳеч иш бермайди. Чунки бола бу ишни англаб эмас, беихтиёр қиляпти. Аввало, тадқиқни ўзингиздан бошланг. Ўзингизни тарбияламагунча болани ўзгартира олмайсиз. Аслида ота-оналикка бола туғилмасдан анча аввал тайёргарлик кўриш керак. Катталар айтаётган сўзларига, қилаётган ишларига танқидий назар билан қараб, ўзларини тарбиялаб олишлари лозим. Сиз қандай ибрат кўрсатсангиз, фарзандингиз шундай тарбияланади. Юқоридаги ривоятда айтилганидек, ишни ўзингиздан бошланг. Оилада ҳамма нарса меъёрда, муносабатлар турғун ва ойдин, психологик муҳит мўътадил бўлса, бола катталарга ортиқча тақлид қилмайди, уларнинг ҳаёти билан яшаш, муаммолари билан бош қотиришдан кўра тенгдошлари билан шаталоқ отишни афзал билади.

Билингки, болалар ўз-ўзини назорат қила олишмайди. Уларда жараёнлар ғайриихтиёрий тарзда кечади. Катталар эса ўзларини назорат қила оладилар. Болангиз ғийбатчи бўлишини истамасангиз, ўзингиз ғийбат қилманг. Чақмачақар бўлмасин десангиз, гап ташиганда мақтаманг. Ундаги энергияни бошқа ўзанга буриш, болага ўзига мос қизиқишлар топиб бериш лозим.

Хулоса

Вақти келиб ҳар қандай бола ҳам улғаяди. Саккиз ёшида ўттиз ёшли одамнинг қилиқларини онгсиз равишда такрорлаётган бола ўттизга чиққанида ҳам шу ҳолича қолади (яъни олтмиш яшар чолга айланиб қолмайди) ва муаммо ўз-ўзидан барҳам топади. Лекин саккиз ёшида катталарнинг қусурлари, айбларини ойнадек кўрсатаётган кичкинтойнинг хатти-ҳаракатларидан катталар тўғри хулоса чиқариб олишлари керак.

Руҳшунос Шаҳноза ҲАЛИЛОВА тавсиялари асосида Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

 

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Бухорода онадан 3 нафар фарзанди учун алимент пули ундирилди

12.12.2019, 16:14

Аксарият ҳолларда фарзандлар таъминоти учун оталардан алимент ундирилади. Шундан фарқли ўлароқ бу ижро ишида алимент онадан ундирилди.Ф.Я. Бухоро шаҳрида туғилган И.Ж. билан турмуш қуриб, 3...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1