Аксарият ҳолларда фарзандлар таъминоти учун оталардан алимент ундирилади. Шундан фарқли ўлароқ бу ижро ишида алимент онадан ундирилди.
Ф.Я. Бухоро шаҳрида туғилган И.Ж. билан турмуш қуриб, 3 нафар фарзанд кўришган. Оилани асраш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Фарангиз ҳам шу хатога йўл қўйди. Шу сабаб 2018 йил 10 июлдаги фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суд буйруғига биноан, оталари билан яшаётган фарзандлари учун Фарангиз алимент тўлаши лозимлиги белгилаб қўйилди.
Ижро иши мажбурий ижро бюроси Бухоро шаҳар бўлимига қабул қилиниб, ижро ҳаракатлари олиб борилди. 2019 йил 7 декабрь куни И.Ж. га қарздор Ф. Я. дан вояга етмаган 3 нафар фарзандлари таъминоти учун ажратилган алимент пулларини тўлиқ яъни 11 миллион 454 минг сўм ундирилиши таъминланди.
Аммо, гап ундирилган пулларда эмас, балки бу пуллар 3 нафар болага оналик меҳрини тортиқ эта оладими ? Ажрашмай туриб, ота-оналаримиз аввало фарзандлари руҳияти, уларнинг келажаги ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқдир.
Ҳалим Жамолов, МИБ Бухоро шаҳар давлат ижрочиси