Хабарингиз бор, кеча, 22 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трамп билан Тинчлик кенгаши тўғрисидаги битимни имзолади.
Ўзбекистон Тинчлик кенгашининг таъсисчи давлатига айланди ва кенгаш ишида иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан ўзаро ҳамкорликка ҳисса қўшишга тайёрлигини тасдиқлади.
Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов Ўзбекистон нега Тинчлик кенгашига қўшилгани ҳақида гапирди.
"Иқтисодий масалалар, жаҳон иқтисодиёти бугунги кунда халқаро муносабатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолди. Буларнинг барчаси кун тартибида ҳам ўз аксини топди. Бу шундан далолат берадики, иқтисодий муаммолар билан бир қаторда сиёсий масалалар ҳам фаол муҳокама қилинмоқда. Умуман, Яқин Шарқдаги вазият, хусусан, Ғазо секторидаги ўткир ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш ана шундай масалалардан биридир. Бу масала Яқин Шарқ муаммолари умумий мажмуасининг муҳим бўғинларидан биридир," - деди Абдулазиз Комилов.
Президент маслаҳатчиси нима учун Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Доналд Трампнинг Тинчлик кенгашини тузиш тўғрисидаги таклифини қабул қилганига ҳам изоҳ берди.
"Авваламбор, кенгаш олдига қўйилган мақсад ва вазифалар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларига ва президентнинг ташқи сиёсати ҳал қиладиган вазифаларга тўлиқ мос келади. Иккинчидан, ушбу кенгашнинг асосий қоидалари ва унинг олдига қўйилган вазифалар яқинда БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинди. Хавфсизлик кенгаши эса бу ғояни қўллаб-қувватлади," - деди у.
Бундан ташқари, Ўзбекистон минтақавий, глобал ва миллий хавфсизликни таъминлаш билан бевосита боғлиқ ҳаётий муҳим манфаатларга эга эканини қайд этди.
"Иккинчи омил - биз Яқин Шарқда ҳаётий муҳим манфаатларимиз борлиги ҳақида гапиряпмиз. Бу Афғонистон. Шунинг учун президент халқаро ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш, ушбу кенгашнинг таъсисчи давлати бўлиш ва унга қўшилиш тўғрисида қарор қабул қилди," - деди президент маслаҳатчиси.
Абдулазиз Комилов Қўшма Штатлар қўшилган бу улкан саъй-ҳаракатлар ниҳоят бу жараённи тартибга солиш ва минтақада барқарорликка эришишга ёрдам беришига умид билдирди.
"Шунинг учун ҳам Ўзбекистон президенти биринчи навбатда Ватанимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш учун халқаро ҳамжамият билан бирдам бўлишга қатъий қарор қилди," - дея хулоса қилди у.






