Жиззах шаҳрида жойлашган истироҳат боғидаги аттракционда юз берган ҳодиса оқибатида тўрт нафар фуқаро жароҳат олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 10 июнь куни кечқурун Жиззах шаҳрининг “Жиззахлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ўрда экологик боғи”да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, боғ ҳудудидаги “Sky Drop” аттракциони қулаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса натижасида тўрт нафар жабрланувчи шифохонага олиб кетилган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Айни вақтда жароҳатланганларнинг аҳволи ва ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.
Масъул идоралар томонидан воқеа юзасидан текширув ҳаракатлари бошланган. Хусусан, ҳолатни ўрганишга саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида назоратни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳам жалб этилган.
Маълумот учун, “Sky Drop” аттракциони йўловчиларни баландликка кўтариб, сўнг кабинасини юқори тезликда пастга тушириш орқали эркин қулаётгандек ҳиссиёт уйғотадиган экстремал аттракционлар турига киради. Бундай қурилмалар мунтазам техник назорат ва хавфсизлик текширувларидан ўтказилиши талаб этилади.






