"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида қурилиш асбоблари ичига яширилган синтетик наркотик моддалари аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Юнусобод туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс тўхтатилиб, текширилган.
Текширув давомида унга тегишли перфоратор ичига 478 грамм "Альфа-PVP" синтетик наркотик моддаси яширилгани аниқланган.
Шунингдек, Чилонзор туманида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи, 2009 йилда туғилган шахсга тегишли бензопила ичига 107 грамм "Альфа-PVP" моддаси яширилгани фош этилган.
Терговга қадар текширув давомида ҳар икки ҳолатда ҳам наркотик моддалар Россия Федерациясидан почта жўнатмаси орқали юборилгани аниқланган.






