АсосийЖИНОЯТ

Сурхондарёда гиёҳвандлик билан боғлиқ учта ҳолат фош этилди

Деновда опий ва гашиш, Термизда эса 506 грамм опий аниқланиб, гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланди.

'Сурхондарёда гиёҳвандлик билан боғлиқ учта ҳолат фош этилди'ning rasmi

Сурхондарё вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда бир қатор ҳолатларни аниқлади.

Жумладан, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган, аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида сақлаб келинган 1 килограмм 7 грамм “опий” ҳамда 998 грамм “гашиш” моддалари аниқланган.

Туман ҳудудидаги яна бир ҳолатда 1986 ва 1966 йилларда туғилган, аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки нафар фуқаро 491 грамм “гашиш” моддасини шартли харидорга 85 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, вилоят марказида ҳам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида 506 грамм “опий” моддасини шартли харидорга 2 минг 500 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Тергов давомида у гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширинча олиб киришда ўз ички аъзосидан “жонли контейнер” сифатида фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Сурхондарёда гиёҳвандлик билан боғлиқ учта ҳолат фош этилди - Darakchi.uz