АсосийДУНË

АҚШ 200 минггача мигрант визасини бекор қилиши мумкин

АҚШ Давлат департаменти шу ой бошида Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан буён 175 мингдан ортиқ визани бекор қилганини маълум қилган.

'АҚШ 200 минггача мигрант визасини бекор қилиши мумкин'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакатда бошпана сўраган ёки бошпана олиш учун ариза берган хорижликларнинг ноиммиграцион визаларини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Қайд этилишича, Давлат департаменти ва АҚШ Миллий хавфсизлик департаменти мамлакатга қисқа муддатли меҳмон сифатида кириб, кейинчалик бошпана сўраган хорижликларни аниқлаш ва уларнинг визаларини бекор қилиш бўйича иш олиб бормоқда.

Департамент ҳозирча қанча виза бекор қилиниши мумкинлигига аниқлик киритмаган. Бироқ Associated Press хабарларига кўра, ушбу чора 200 минггача хорижликка таъсир қилиши мумкин. Агар бу рақам тасдиқланса, бу АҚШ тарихида бир вақтнинг ўзида амалга ошириладиган энг йирик виза бекор қилиш жараёни бўлади.

Гап асосан 2016–2026 йилларда берилган B1 ва B2 турдаги визалар ҳақида кетмоқда. B1 визаси хизмат сафари, B2 визаси эса туризм ва вақтинчалик ташрифлар учун берилади.

Виза бекор қилиниши шахснинг дарҳол депортация қилинишини англатмайди. Бошпана сўраш бўйича иши кўриб чиқилаётган шахслар АҚШдаги ҳуқуқий мақомини сақлаб қолиши мумкин, бироқ уларнинг хизмат сафари ёки туристик мақсадда берилган визалари бекор қилинади.

АҚШ Давлат департаменти шу ой бошида Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан буён 175 мингдан ортиқ визани бекор қилганини маълум қилган.

Трамп маъмурияти иммиграцияга қарши чораларни кучайтириб, визалар ва доимий яшаш ҳуқуқини берувчи «грин-карта»ларни бекор қилиш, шунингдек, депортацияларни кўпайтириш сиёсатини олиб бормоқда.

Маъмурият мазкур чораларни мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда. Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари эса Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсати қонуний жараён ва фуқаролик эркинликларига дахл қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ 200 минггача мигрант визасини бекор қилиши мумкин - Darakchi.uz