Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Маълум қилинишича, дрон қолдиқлари Афипская темирйўл станцияси ҳудудига тушган. Оқибатда икки киши ҳалок бўлган, жароҳатланган яна икки киши шифохонага етказилган.
Шунингдек, Афипский посёлкасида камида 10 та хусусий уй зарарланган. Уларнинг бирида ёнғин чиққан.
Ҳужумдан сўнг Афипский нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ҳам ёнғин юзага келган. Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев воқеа жойида ёнғин ўчирувчилар ва тезкор хизматлар ишлаётганини маълум қилган.
Ҳодиса сабабли Афипская темирйўл станцияси иши вақтинча тўхтатилган. Бу ерда поездлар ҳаракатида кечикишлар кузатилган.
25 августга ўтар кечаси Краснодар ўлкасида дрон ва ракета хавфи эълон қилинган. Дрон хавфи икки соатдан ортиқ, ракета хавфи эса қарийб 30 дақиқа давом этган.
Афипский нефтни қайта ишлаш заводи Россия жанубидаги йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхонанинг йиллик нефтни қайта ишлаш қуввати 6,25 миллион тоннани ташкил этади. Заводда бензин, дизель ёнилғиси, мазут ва бошқа нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Завод бундан аввал ҳам дронлар ҳужумига учраган. Ҳозирча ҳужум оқибатида корхонага етказилган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумот берилмаган.






