АсосийЖАМИЯТ

Сурхондарё ҳокимини алдашга уринган мансабдор 3 йилга қамалди

Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

'Сурхондарё ҳокимини алдашга уринган мансабдор 3 йилга қамалди'ning rasmi

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовни алдаб, афғонистонлик таниши учун кўп қаватли уй қуришга рухсат олиб беришга уринган собиқ мансабдор 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Darakchi.uz суд ҳужжати билан танишиб, хабар берди.

Маълум бўлишича, судланувчи И.Ж. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида департамент бошлиғи лавозимида ишлаган. У 2026 йил апрель-май ойларида афғонистонлик танишидан Термиз шаҳридаги ресторан ўрнида кўп қаватли уй қуриш учун вилоят ҳокимлигидан рухсат олиб бериш ҳақида илтимос олган.

Шундан сўнг, у 2 июнь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрациясининг “Комил” исмли ходими сифатида таништирган ва ресторан ўрнида кўп қаватли турар жой қуришга рухсат беришни сўраган.

Бироқ ҳоким ушбу таклифни рад этган. Унинг тушунтиришича, ресторан ёнида маъмурий бинолар жойлашгани сабабли мазкур ҳудудда кўп қаватли уй қурилишига розилик берилмаган.

Судда И.Ж. ўз айбига иқрор бўлмаган. Бироқ у ҳокимга қўнғироқ қилиб, ўзини Президент Администрацияси ходими сифатида таништирганини тан олган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ҳукми билан И.Ж. Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ҳамда 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган.

    Бошқа янгиликлар