АсосийSUG'DIYONA

​Яхши қайнонанинг 15 одати

'​Яхши қайнонанинг 15 одати'ning rasmi

Бировнинг боласини келин қилгач, оёқни узатиб кексалик, йўғ-ей, нималар деяпман, ҳаёт гаштини сураман деб турганингда ҳар хил гап-сўзлар, ғиди-бидилар чиқмаса-да! Худога шукрки, бизнинг оилада ундай бўлмади. Сабаби ўғлимнинг ҳаёти менинг ҳаётим эмаслигини унутмадим ва қуйидаги ўн беш амални қўллаган ҳолда оиламдаги тинчлигу барқарорликни сақлаб қолдим…

1. Хомхаёлларга берилмадим. Кўплаб дугоналарим келинлари уларни яхши кўрмаслигидан нолишарди. Мен эса хайрон бўламан: ахир, қанақасига умуман бегона одамни (қайнона бўлса ҳам янги келин учун ҳали бегона-да) бирданига яхши кўриб қолиш мумкин? Ҳурмат қилиши, ҳайиқиши, ҳатто қўрқишини тушунса бўлади, аммо яхши кўриб қолиши учун вақт керак. Шунинг учун келиним илк кунларданоқ мени яхши кўришини талаб қилмадим.

2. Келиним мени «ойижон» деб чақиришини истамадим. Ўзи қайси келин биринчи бўлиб ўйлаб топган буни? Биз қайнонамизни шунчаки «ойи» дердик, худди ўз онамизни чақиргандек. Меҳримиз товланганда ёки бирон нарса сўрамоқчи бўлганимиздагина «ойижон»ни ишлатардик. Ҳозирги келинлар қайнона кўзига тик қараб гап қайтариб турганда ҳам «ойижон»лайди. Гўёки бу қайноналарнинг лақаби.

3. Ўғлимнинг эътиборини келиним билан талашиб рақобатлашмадим. Аввало, мен оиланинг қироличасиман, қироличаларнинг эса рақиби бўлмайди. Иккинчидан, ўғлимга, унинг иродаси, ақли ва тадбиркорлигига ишонаман: у ҳеч қачон мени ўкситмайди, оиласини ҳам ҳимоя қила олади. Учинчидан, келин билан талашишдан қизиқроқ ишлар ҳам бор дунёда.

4. Келинимни қизим дейман. Бу бачкана гап эмас. Шунчаки, уйимда бегона юрса, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Шу сабабли келинни ўзимники қилиб ола қолганман.

5. Ёш оиланинг ишига бўлар-бўлмасга бурун суқавермайман. Келин неча кунда онасиникига бориши керак, неча пул ойлик олади, шундан қанчасини яшириб қўяди — бундай нарсалар устида бош қотиришни ёқтирмайман. Мен болаларимни вояга етказиб бўлдим. Араваларини ўзлари тортишсин.

6. Ўғлим аввалгидек ярим кечагача мен билан суҳбатлашиб ўтириши ёки эрталаб ишга кетаётиб янги бўйинбоғи ярашганми-йўқми, сўрашини талаб қилмайман. Энди у мендан ташқари яна бир аёлнинг кўнглини олиши, турмушини тинч-тотув қилиши керак. Боламни қийнаб нима қиламан?

7. Ўзлари сўрамасалар, ҳеч қачон маслаҳат бермайман, насиҳат ўқимайман. Сўраганларида ҳам, «ўтламай», коса тагида нимкоса гапларни, кесатиғу иддаоларни қўшмай, фақат гапнинг индаллосини айтаман.

8. Агар таклиф қилмасалар, нонушта ёки кечки овқатни бирга емайман. Эр-хотин шундай пайтда гаплашмаса, қачон гаплашади. Ошга тушган пашшадек уларнинг тепасида бўзрайиб ўтиришга бало борми?

9. Келинимни ҳеч кимга ёмонламайман. Бошқалар яхши қилиб берармиди?! Қўлидан келса, ўзининг келинини тарбиялаб олсин. Ҳаммасининг аҳволи маълум-ку. Керак бўлса, ўзим йўлга солиб оламан. Ширин гап билан ҳамма марраларни эгалласа бўлади.

10. Ўғлимнинг оиласида бирон муаммо чиқса, бир четда саннаб ўтиргандан кўра амалий ёрдам кўрсатишга киришаман. Эрталаб пайпоғи, дастрўмоли ёки кўйлаги ювилмагани учун келинимни уришаётган ўғлимга бисотимдан янги пайпоқ, дастрўмол ёки оҳорли кўйлак чиқариб бераман. Ҳам ўғлимнинг менга меҳри ортади, ҳам келинимнинг. Асосийси, жанжалнинг олди олинади.

11. Эр-хотиннинг ўртасига эси кетган тушаркан. Мабодо ёшларнинг орасида гап қочса, ё телевизорнинг овозини кўтариб, эшитмаганга олдим ёки қўшнимникига «элакка чиқиб кетдим».

12. Ўғлим билан келинимнинг ўртасида гап ташимадим. Ҳеч қачон ўғлимдан эшитган гапни келинимга, келинимдан эшитганимни ўғлимга айтмадим. Ҳозиргача мени ўзларига яқин сирдош деб билишади.

13. Икки ёшни ўзаро яқинлаштириш йўлларини изладим. Турмушнинг илк ойларида улар бир-биридан норози бўлиб, менга дардларини дастурхон қилишганда, «сеники маъқул» деб охиригача эшитдим. Кейин ўғлимга аёлларнинг кўнглини олиш, тилини топиш йўлларини, келинимга эса ўғлимнинг нозик томонларини «шипшитиб», иккисини бир-бирига яқинлаштирдим.

14. Энг биринчи навбатда асабларим ва соғлиғимни ўйлайман. Худога шукр, Ўзи етказиб турибди. Пиширган овқати ёқмаса, тезгина бир нима тайёрлаб оламан. Киримни машина ювса, уйимни чангютгич тозаласа. Келин ўзини, оиласини эплаб ўтирса бўлди.

15. Сўнгги гап: неваралик бўлганимда, бешта бола катта қилганман деб ҳар нарсага бурнимни суқавермадим. У замонлар бошқа эди, ҳозир бошқа. Бирпас бешигини тебратиб ўтиришим мумкин, аммо нега ҳадеб шифокорга олиб боряпти, неча пуллик доридан ичиряпти деган хаёллар билан бошимни оғритмайман. Бола учун нима яхшилигини улар билишади.

Шаҳноза СОАТОВА

Бошқа янгиликлар