Статистик маълумотларга кўра, озгач, яна қайта семириб кетмаганлар атиги 5 фоизни ташкил этади. Хўш, нима учун қолган 95 фоиз инсон яна семиради ва озиш йўлларини қидиришга мажбур бўлади?
«Нега яна семиряпман?»
Вазннинг қайта ошиши, одатда, аввалдан нотўғри озиш оқибати бўлади. Кўпчилик «Бир ҳафта чидаб турсам, кейин бемалол яшайвераман», деган фикрда бўлади. Афсуски, организм сизнинг бу макрингизга чув тушмайди. Бемалол овқатлангач, бўшаб қолган тери ости яна тўла бошлайди. Боз устига, аввалгидан ҳам кўпроқ семирганингизни сезиб қоласиз. Гап шундаки, организм ёғни қувват учун сарфлайди. У мабодо “очарчилик” бошланиб, одамга қувват етишмаса, тери остида йиғилган ёғ захирасини ишлата бошлайди. Билсангиз керак, организм ҳаёт учун курашишга дастурланган. Сиз парҳез қилганингизда, организм «очарчилик бошланди» деган фикрга келади ва захира ғамлашни бошлайди. Бунинг устига кам ҳаракат қилсангиз, захира борган сари ортиб бораверади. Шунингдек, қисқа парҳезларда, мушаклар массаси камаяди. Ёғлар эса айнан мушакда парчаланади. Улар кам бўлгач, парчаланиш жараёнлари ҳам шунга яраша бўлади-да.
Яна бир гап: борди-ю, фитнес-клубларда бир ой давомида озган бўлсангиз-у натижадан хурсанд бўлиб, машғулотларни ташлаб қўйсангиз, яна семира бошлашингиз табиий. Негаки, организм маълум бир миқдорда қувват сарфлашга мослашади. У кўниккан қувватни кетказмаса, яна ёғ йиғила бошлайди.
Хулоса шуки: агар сиз нафақат озиш, балки унинг натижасини сақлаб қолишни мақсад қилган бўлсангиз, илгариги «бемалол ҳаёт» эмас, соғлом турмуш тарзи ҳақида ўйланг.
Нима еймиз?
Организмни оч қолдирмаслик жуда муҳим. Аммо бу тўйиб овқатланиш дегани эмас. Кам-камдан 5-6 маҳал овқатланиш назарда тутиляпти.
Шунингдек, сув ичиш тартибини ҳам унутманг: ҳар куни 1,5-
Таомномада барча турдаги маҳсулотлар бўлиши лозим: бошоқлилар, дуккаклилар, сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, ёғ ва оқсиллар. Борди-ю, бирор маҳсулот танқислик қилса, организм етарлича витамин ва минераллар билан тўйинмайди ва очликни ҳис қилади. Бунинг натижасида эса яна кўпроқ овқатланиб қўйганингизни билмай қоласиз.
Сайрга чиқамиз!
Овқатланишни камайтириб, озиш мумкин, аммо жисмоний машқларсиз натижани ушлаб туриш мушкул. Энг оддийси – вазнни қайтармаслик учун кунига тахминан мингта қадам ташлаш керак. Тўғри овқатланиш билан бирга! Бунда оддий уй юмушларини бажаришдаги ҳаракатлар иш бермайди. Ярим – бир соат тез ҳаракатлар билан юришнинг фойдаси бўлади. Масалан, дўконга чиқишда пиёда юриш яхши фикр, лекин у куннинг маълум бир вақтида, мунтазам бажарилиши керак.
Бунга ҳафтасига 20–30 дақиқалик фитнесни қўшсангиз, жуда соз бўлади. Исталган машқни танланг: оддий аэробика, рақс, арқонда сакраш, йога, роликларда учиш ва ҳ.к. Асосийси, машғулотлар роҳат бағишлаши керак.