Дилбар Икромова: «Саид Аҳмад онамни Фармонбибига ўхшатар эди…»

СУҒДИЁНА 30.01.2018, 13:54
Дилбар Икромова: «Саид Аҳмад онамни Фармонбибига ўхшатар эди…»

Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театрининг етакчи актрисаларидан бири Дилбар Икромова бирор санъаткорга тақлид қилмаган. Севимли актрисамиз жуда камсуқум, камтар ва самимий аёл. Суҳбатимизни ўқисангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

— Дилбар опа, одатда, истеъдод — наслий мерос, дейишади. Бу фикрга қўшиласизми?

— Йўқ, қўшилмайман, чунки менгача ажлод-авлодимизда санъат кишиси бўлмаган. Онам Жамилахон ая саккиз фарзанд кўрганлар — олти қиз, икки ўғил. Отам етмиш тўрт, онам саксон тўрт ёшларида вафот этишган. Уларнинг юракларида олов бор эди. Отам ҳаммамизни йиғардилар-да, «Мен ҳозир сизларга «Абай»дан монолог ўқиб бераман», дердилар. Шунақа ролга кириб кетардилар, биз ёш бўлганимиз учун «Қўрқиб кетяпмиз, дада», дердик. Онам дутор чалиб, «Паровознинг дўнгалаги...»га ўхшаш қадимги ашулаларни куйлардилар. Ўргатинг, деб кўп айтганман, аммо бунга вақтлари етмасди. Саккиз боланинг парваришидан, турмуш ташвишларидан ортмаган бўлсалар керак. «Санъаткор бўламан» деганимда ҳам ойим қаршилик кўрсатганлар, «Ота-боболаримиздан артист чиқмаган, ўқитувчи, шифокор ёки ҳамшира бўл», деганлар. Дардим ичимда қолиб, кўп йиғлаганман. Бир куни иккинчи опамга «Нима қиламан дўхтир бўлиб, ишимни яхши кўролмасдан кимнидир ўлдириб қўйсам-чи?» деганман. Отам раҳматли онамга «Қўй, нима қиласан тўғаноқ бўлиб, ҳужжатларини топшириб кўрсин, ҳали кирадими-йўқми?» деб уларни кўндирмоқчи бўлган. Шу пайтда тоғам раҳматли келиб қолган. «Ойингга айтма, институтнинг манзилини топдим. Иккаламиз бирга бориб келамиз», деганлар. Уч тур имтиҳонларига тоғам билан бирга бориб келганман.

— Ойингиз «Келинлар қўзғолони»даги Фармонбибига ўхшар эканларми?

— Саид Аҳмад узоқ қариндошимиз бўладилар. Бир куни улар билан кўришиб қолганимизда, «Дилбархон, Фармонбибининг келиб чиқишини биласизми? Бир йиғинда ойингиз қошларини чимириб ўтирганини кўргандим. «Манавини олиб боринглар, манавини олиб келинглар», деб амрфармонлик қилиб турувди. Фармонбибининг баъзи ҳолатларини ойингиздан олганман», деганлар. Ҳақиқатан, ойим керак пайтда шундай қарардики, айтгани сўзсиз бажариларди. Саксонга чиққанида ҳам ҳеч букилмаган, доим қаддиини тик тутиб юрарди. Мен ойимга ўхшамаганман, бўйлари баланд эди.

Ҳар бир оилада учраб турадиган моддий етишмовчилик сизни ҳам четлаб ўтмаган деган фикрдаман. Кўрган-кечирганларингиз сизга нимани ўргатди?

— Сабр-тоқатли бўлишни. Вақти келганида қаттиқ нон еганман. Ҳамкасбларим «Юринг тушликка чиқиб келамиз» дейишса «Йўқ, шу ерда овқатланмоқчиман», дея алдаган пайтларим ҳам бўлган. Танга санаб, қизлар билан нон олиб келиб бўлишиб ердик баъзан. Тўқликдан шўхлик келиб чиқади. Баъзан ёшларга «Ҳаёт бир текис эмас, чидамли бўлишни ўрганинглар», дейман.

Биласизми, бир неча марта менга «Театрдан кет, бу ер сенинг жойинг эмас, хунуксан», дейишган. «Йўқ, мен ишлайман, ўзимни яхши санъаткор эканлигимни, албатта, исботлайман. Албатта, яхши актёр бўламан», деганман. Худога шукр, меҳнатларим беиз кетмади, саҳнада ўз ўрнига эга санъаткор бўла олдим.


Ҳамкасбларингиздан бири сизни бугунги ўзбек театр санъатининг биринчи рақамли аёл актрисаси, дея ижро маҳоратингизни юқори баҳолади.

— Албатта, мақтов эшитиш ёқимли, лекин жуда хижолатли. Айтайлик, ўзингиз ролингизни яхши ўйнаётган бўлсангиз ҳам кимдир «Зўр чиқяпти», деса менга халақит қилаётгандек туюлади. Имкон қадар бундай гапларга эътибор бермасликка ҳаракат қиламан ва ўзимга-ўзим «Йўқ, бу ролинг мукаммал эмас, янада яхшироқ ишла», дейман. Мақтовларни эшитсам, бир-икки кун хурсандюраман, кейин бу менинг кундалик ишим-ку дея барини унутиб, яна изланишда давом этаман.

Ҳаёт шундайки, барибир куни келиб зўрдан зўр чиқади, ҳаммамиз бу дунёда омонатмиз, аслида. Ёшлардан ўриндошлар, албатта, чиқади, уларда фақат бироз малака етишмайди, шундай эмасми?

— Тўғри айтасиз, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. Лекин бизнинг авлод катта мактаб кўрган. Наби Раҳимов, Шукур Бурхоновларга ҳар доим ҳавас қилганман. Театр остонасидан кириб келганида ҳеч қачон «Мен Шукур Бурхоновман» деб керилмаган. Шукур Бурхонов «Шоҳ Эдип», «Қиёмат қарз» спектаклларида жуда ажойиб ролларни ўйнарди. У киши «Сен маҳалладошим. Сен қиз бола, кеч бўлганда ёлғиз ўзинг юрма. Қайтишда ўзим олиб кетаман», дерди. Уларни кутиб кечки 12 га қолиб кетардим. Ойимдан роса гап эшитардим. «Шукур ака олиб келиб қўйди. Бир ўзинг юрма, мен билан кетсанг эшигинг тагигача машина олиб бориб қўяди деди», десам «Фаросатинг йўқми, у кишини кутиб шу пайтгача ўтиравердингми, сал эртароқ ҳаракат қилсанг, бўлмайдими?» дерди. Шукур аканинг ўзи машинадан тушгач, ҳайдовчига «Шу қиз сенга омонат. Онасига топшириб чиқасан», дерди. Қаранг, қандай яхши, меҳрибон, камтар инсон. Шукур акага чалинган қарсак зарбидан деворлар қулаб тушса керак, деб ўйлардим. Ҳар доим оддий юрарди. Биз ҳам улардан бир қолипда туриш, меъёрдан чиқмасликни ўргандик. НабиРаҳимов, Рихси Иброҳимовалардан жуда кўп меҳр кўрганман.

Сизнинг янги ролларингиздан бири «Ревизор» комедиясидаги образ. Репетиция жараёнида қайси ҳолатни чиқара олмаётганингиз учун режиссёрдан танбеҳ эшитдингиз?

— «Ревизор»даги ролим кичик, шундай бўлса-да, уни томошабинга тақдим этгунча қаҳрамонимни бойитиш учун ўйланавериб кечалари уйқум қочди. Шароб ичиш саҳнасида бироз чалкаштириб юбордим. Иш жараёнида ҳар хил ҳолат бўлади-да. Қилаётган ишингиз ўзингизга ёқади ҳам, ёқмайди ҳам. Шундай пайтда режиссёрнинг вазифаси тўғри йўл кўрсатиш, демак, танбеҳ бермасликнинг иложи йўқ. Дастлаб шу ролни беришганида олиб ташлашса бўларкан, икки оғиз сўзи бор экан, деган фикрларни ҳам эшитдим. Лекин «Ревизор» классик асар, унда ўйнашни ҳар бир актёр орзу қилади. Ролни беришганида фақат қувондим, чунки рол танламайман. Шу ўринда Ўзбекистон халқ артисти, раҳматли Обид Юнусовнинг гаплари ёдимга тушди. Ўшанда дубляжда ўтиргандик. Улар «Ҳеч қачон рол танлама. Кичкина бўлсаям маҳорат билан ўйнасанг, ўзингни кўрсатсанг, пайти келиб сен эсларига тушасан, чақир, дейишади. Шуни ёдингда тут», деганлар.

— Ўзбек фильмларида кам иштирок этяпсиз десак, ноўрин эмасми?

— Бу гапни кўп эшитяпман. Давлат фильмларида ўйнаяпман, хусусий кинода деярли иштирок этмаяпман. Бир йилда 3–4 та фильмда суратга тушаман, десам алдамаган бўламан. Ўтган йили Ёлқин Тўйчиев суратга олган «Маъсума» номли фильмда ўйнагандим. Бир куни Дилдора Ниёзованинг клипида суратга тушиш учун боргандим, у ҳам «Дилбар опа, нега фильмларда камнамосиз?» деб сўради. Мен ҳазиллашиб, «Ҳозирги талантлар олдида кўринмай қолган бўлсам керак-да», дедим.

— Биз билган Дилбар Икромова башанг кийинишни, зебу зийнатлар тақишни унчалик хушламайди. Нега?

— Билмасам, табиатим шундай. Кийинишга жуда катта эътибор қаратмаганман, ҳеч. Оиламиздаги бошқа қизлар менга ўхшашмайди. Келиним ҳам «Ойижон, шунча нарсангиз туриб киймайсиз-а?» дея ҳайрон бўлади. Шу кийиб юрган нарсам ўзимга қолипдек тушган бўлади, янги нарса кийсам, ўзимни бошқа одамдек ҳис этаман.

— Сиз учун энг мароқли ҳордиқ?

— Саҳнада роллар ўйнаш.

Энг қадрлаган режиссёрингиз?

— Аввало, барчаларини ҳурмат қилишимни таъкидлагим келади. Уларнинг ичидан раҳматли Мэлис ака Абзалов ва Собир Назармуҳаммедовларни ниҳоятда қадрлайман.

— Бувилик вазифалари осонми?..

— Катта набирам Муслимахон 8 ёш, кичиги Иймонахон 3 ёш, энг кичиги Жамилахон эса 2 ойлик. Ишдан уйга қайтганимда «Ассалому алайкум, ойижон!», деб кутиб олишади. Бири этагимдан тортади, бири сумкамни олади ва нима олиб келдингиз, деб сўрайди, эркаланади. Катта набирам 2-синфда ўқияпти. Эрталаб мактабга олиб бораман, вақт топа олсам, келаман. Очиғини айтганда, ҳозир мактабларда дарслар жуда мураккаблашиб кетган. Ҳамма вазифаларини бажаришда ёрдам беролмайман. Лекин расм чизишни анча эплайман, биргаликда тайёрлаймиз. Бахтим улар! Уйимизни тўлдириб, у ёқдан-бу ёққа чопиб юришлари кўнглимни тоғдек кўтаради.

— Опа-сингиллар бир-бирингизга қанчалар меҳр-оқибатлисиз?

— Ҳаммамизнинг ёшимиз улғайди. Кў-ўп йўлларни босиб ўтдик. Ота уйида йиғилишгудек бўлсак, баъзан кимлардир келолмай қолиши мумкин. Ёки мен боролмай қолишим мумкин. Шунақа пайтда «Эй сенда одамгарчилик йўқ», деб хафа бўлишади. Лекин имкон қадар бир-биримиздан хабар олиб турамиз. Мен, айниқса, кичик синглим билан жуда қадрдонман. Керакли пайтда, айтайлик, тўй, меҳмондорчилик, оилавий тадбирлар ўтказилгудек бўлса, бир-биримизни жуда яхши қўллаб-қувватлаймиз. Мана, яқинда набирали бўлганимда, ҳаммалари ёрдам беришди. Чунки келиним туғруқхонада, ёнимда 2 набирам, ўғлим. Уй ишлари, набиралар, ишхона, съёмка деганларидай... Мен театрга келиб ролимни ўйнаб боргунимча набираларим билан ўтириб туришди. Чақалоқ туғруқхонадан чиқадиган куни ўзлари дастурхонни ясатишди. Хуллас, иссиқ-совуғимда ёлғиз ташлаб қўйишмайди.

Ким билан сирлашасиз?

— Кичик синглим билан. Унинг ҳам ёши олтмишларга бориб қолди.

— Малика Дианадан энг катта орзуси ҳақида сўрашганида у «Қалб маликаси бўлиш», дея жавоб берган экан. Бугун сизнинг энг катта орзуингиз нима?

— Яккаю ёлғиз ўғлим Муроджон ва келиним, набираларим соғ-омон бўлишсин. Ўғлим остона ҳатлаб уйга қувониб кирса, бу мен учун энг катта бахт.

— Кўпчилик ижодкорлар саҳнани бевафоликда айблашади. Сиз саҳнасиз ҳаётингизни тасаввур эта оласизми?

— Агар сиз саҳнага вафодор бўлсангиз, у ҳам сизга вафо қилади. Сабр-тоқатли, чидамли, ўз ишига фидойи инсон кўп нарсага эришади. Йиллар давомида шу таомилга амал қилдим. Орадан кўп йиллар ўтганидан кейин ҳам мени меҳр билан эслашларини истадим, истайман!

Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1