Бугун 12-май кунининг икки ярмида Пойтахтимиз бўйлаб кучли шамол ва ёғингарчилик бўлиши маълум қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шу муносабати билан Тошкент шаҳри аҳолисини огоҳ бўлишга чақирди.
Вазирликнинг хабарида айниқса автомобил эгаларидан автомашиналарини хавфсиз жойларда қолдириши сўралмоқда. Негаки шамолда қулаган дарахт шохи ёки бошқа жисмлар автомобилларга жиддий зиён етказиши мумкин.
Кучли шамол вақтида синган дарахтлар одамлар устига қулиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ФВВ ёш болалар ва кекса инсонларнинг кўчага чиқишидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирди.
Шунингдек Тошкент шаҳар ИИББ ҳам огоҳликни оширишни сўрамоқда.
"Мулкингизга зиён етишининг олдини олинг, дарахтлар тагида ва реклама устунлари яқинида қолдирган автомобилларингизни хавфсизроқ жойга ўтказишингизни сўраймиз. Электр билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш учун маиший электр ускуналарингизни электр тармоғидан узиб қўйинг. Деразаларни маҳкам ёпинг. Ташқи токчадан гултуваклар ва бошқа буюмларни олишингизни тавсия этамиз", дейилади ИИББ мурожаатида.