Франциянинг Париж, Нант ва Безансон шаҳарларидаги юқори синф ўқувчилари мактабларга киришни ёпиб қўйишди. Улар янги локдаун шароитида санитария меъёрларига риоя этилмаётганидан норозилигини шундай ифодалашган. Бу ҳақда RFI радиоси хабар берди. Айниқса, пандемия шароитида ижтимоий масофага етарли даражада эътибор қаралмаётгани уларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, ўқувчилар бир-бирлари билан ёнма-ён ўтиришгани ва одатий вақтдаги ўқиш шароитларидан ҳеч қандай фарқ сезишмаётганликларидан шикоят қилишган. Оқибатда Парижда юқори синф ўқувчилари эрталабдан қарийб ўнта лицейни “блоклаб” қўйган. Аммо полиция аралашуви билан тахминан соат 9:30да таълим масканлари эшиклари очилган. “Le Figaro” газетаси ахборотига кўра, пойтахтнинг X окгругидаги Кольбер лицейи ўқувчилари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида тўқнашув содир бўлган. Ҳатто бир гуруҳ ўқувчилар мактаб биносига шиша идишларни отган. Полиция томонидан кўзни ёшлантирувчи газ қўлланилгандан сўнггина норози ёшлар тарқатилган. Ўқувчиларнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан резина таёқлар ҳам ишлатилган. Оқибатда бир киши жароҳатланган. 40 нафар юқори синф ўқувчиси эса 135 евродан жаримага тортилган. Бундай акциялар Нант ва Безансондан ҳам рўй берди. Мактабларни очиш учун полиция аралашишга мажбур бўлди. | |
04.11.2020 21:42