Цистит мавсумий касалликми ёки давомий?

САЛОМАТЛИК 27.01.2016, 11:16
Цистит мавсумий касалликми ёки давомий?

«Аввалдан тез-тез шамоллашга мойилман. Айниқса, куз-қиш мавсумида грипп, тумов, томоқ оғриқлари кўп безовта қилади. Ўтган йили цистит бўлгандим. Эшитишимча, мен каби салга шамоллайдиганларда цистит қайталаниши мумкин экан. Шунга аниқлик киритсангиз»

Одина Салимова, Юқори Чирчиқ тумани

 

Мавзу юзасидан олий тоифали шифокор-уролог, доцент Улуғбек Худойберганов маълумот беради.

Цистит баъзилар учун оддий хасталикдек туюлади. Ҳатто куз-қиш мавсуми учун содир бўлиши керак бўлган касалликлар қаторига киритилиши ҳам рост. Аслида эса мазкур хасталик жиддий ёндашувни талаб этадиган ва мавсум танламас хасталикдир.

ҚАНДАЙ ЮЗАГА КЕЛАДИ?

Тиббиётда цистит пешоб йўли ва пешоб қопчаси яллиғланиши билан кечадиган инфекцион турдаги касаллик дейилади. Хасталик турли бактериялар, вирус, хламидиоз, замбуруғлар ва ичак таёқчалари таъсирида юзага келади. Баъзан касаллик сабабчиси инфекция эмас, жинсий аъзо ва буйрак фаолияти ўзгаришлари, яллиғланишлари бўлиши ҳам мумкин. Аниқланишича, цистит эркакларга нисбатан аёлларда кўпроқ учрайди. Хасталик гормонал бузилишлар, витамин етишмаслиги, совқотиш, оёқдан зах ўтиши, пешоб йўллари яллиғланиши сабабли ҳам авж олиши мумкин.

Белгилари

Ҳар бир организм индивидуал тузилганилигини ҳисобга олсак, касаллик белгиси турлича бошланиши мумкин. Енгил тури қовуқ оғриши, пешоб ажралиш вақти жиддий бўлмаган ёхуд вақти-вақти билан кузатиладиган безовталиклар билан характерланади. Ўткир турида эса қовуғда санчиқли оғриқлар, тез-тез ҳожатга бориш, пешоб бўшалиши пайтида ачишиш кабилар кузатилади.

Нега қайталанади?

 Биринчи марта цистит билан тўқнаш келаётган бўлсангиз, оғриқсизлантирувчи препарат қабул қилинг-да, шифокор ҳузурига йўл олинг. Бир қанча таҳлил текширувларидан сўнг касаллик сабаби аниқланиб, зарур муолажа тури танланади. Чунки ўзингизча даво қилишингиз, нотўғри муолажа, салгина совуқсираш ёки иммунитет сустлашиши юз берса ҳам цистит хуружлари қайталаниши мумкин.

МУОЛАЖА ДАВОМИЙ БЎЛСИН

Касаллик тури ва даражасига кўра шифокор томонидан антибиотик, иммунитетни мустаҳкамловчи препаратлар ҳамда уй шароитида бажариш мумкин бўлган ванналар тавсия этилади.

Муолажа вақти сийдик ажралишини фаоллаштириш учун кўпроқ суюқлик ичиш лозим. Масалан, наъматак, кўк чой, жўхори попугидан тайёрланган дамламалар айни муддао.

Таомномадан аччиқ, шўр, нордон егуликларни чеклаб турасиз. Оёқ ва бел соҳасини иссиқ тутиб, узоқ вақт бир жойда ўтирмаслик, пешоб халтаси тўлиб қолмаслигини назорат қилишингиз лозим.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1