АсосийJamiyat

Сирдарёда уч нафар эгизак дунёга келди

'Сирдарёда уч нафар эгизак дунёга келди'ning rasmi

Ширин шаҳаридаги Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Адҳам Алиев ва Зилола Равшановалар хонадонида уч нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

— Бу улар учун унчалик ҳам осон бўлмади. Жорий йилнинг 21 февраль санасида ҳомиладорликни 27-ҳафтасида муддатдан олдинги туғруқ хавфи ташхиси билан вилоят перинатал марказининг ҳомиладорлар патологияси бўлимига ётқизилиб, чақалоқлар туғилгунга қадар назоратда ушлаб турилди. Онага олий тоифали акушер-генеколог Рукия Акмурзаева томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилиб, даволаш муолажалари ўтказилди. Олиб борилган даволаш муолажаларига қарамай муддатидан олдинги туғруқ содир бўлди. Уч эгизакнинг туғилишида марказнинг малакали мутахассисларидан бўлган биринчи тоифали акушер-генеколог Шахло Хожаева, олий тоифали неонатолог Сайёра Абдуллаеваларнинг хизматлари катта бўлди, — дейди Сирдарё вилоят перинатал маркази директори Ханифа Зокирова.

Чақалоқларга Муҳаммад, Абдуллоҳ, Сулаймон деб исм қўйишди. Муҳаммад 1.600 килограмм, Абдуллоҳ 1.854 килограмм, Сулаймон 1.570 килограмм вазн билан туғилди.

Уларга олий тоифали неонатологлар Сайёра Абдуллаева, Феруза Ахмедова ҳамда Назокат Давлатовалар томонидан даво муолажалари ўтказилди. Уларнинг соғлиги, ўсиши ва ривожланиши билан боғлиқ муаммолар тўла тўкис бартараф этилгач, Зилола Равшановага уйига чақалоқлар билан қайтиш учун рухсат берилди.

Бундай қувончли хабар ўтган йилнинг август ойида ҳам Сирдарёда кузатилганди. Ўшанда ҳам, Ширин шаҳрида яшовчи Мамадалиевалар оласида барваракайига уч нафар қизалоқ туғилган эди. Уларга ҳам мазкур марказнинг тажрибали мутахассислари томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилганди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар