Арнасой туманида газ тармоғидан ноқонуний фойдаланган автомобилларга газ қуйиш шаҳобчасининг фаолияти фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент бу ҳақда хабар берди.
Ўтказилган терговга қадар текширувда, “A.” МЧЖ мансабдор шахслари жамиятга қарашли автомобилларга газ қуйиш шаҳобчасига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагич трубкасига муҳр ўрнатмасдан газ сарфини нолга тушириб фойдаланиб келганликлари натижасида, “Арнасой тумангаз” газ филиали манфаатларига 459,6 млн сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилмоқда.