Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги хонадондан 800 граммдан ортиқ марихуана ва гашишга ўхшаш моддалар аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати, вилоят божхона бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 2009 йилда Сирдарё вилоятида туғилган шахснинг яшаш хонадони текширилган.
Текширув давомида балкондан икки пакетга жойланган 576 грамм марихуана, 42 грамм гашиш ҳамда пластик идишда 219 грамм гашишга ўхшаш модда топилган. Ашёвий далиллар белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






