АсосийJamiyat

Журналистлар учун “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пресс-тур ўтказилди

'Журналистлар учун “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида пресс-тур ўтказилди'ning rasmi

Давлат бюджетининг асосий қисми солиқ тушумларидан иборат. Солиқ тушумлари орасида божхона тўловлари асосий ўринни эгаллайди. Шундай экан, божхона тизимини яхшилаш, экспорт ҳажмини ошириш ва бу билан тадбиркорларга қулай шароит яратиш бугунги кун талаби.  Бу борада давлатимиз томонидан бир қатор ислоҳотлар ҳам қилиняпти. 

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун “Янгиланаётган божхона: “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар” мавзусида ташкиллаштирилган навбатдаги пресс-тур ана шу ислоҳотлар самарасини кўришга имкон берди. 

Сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари фаолияти ҳам тубдан янгиланди. Энг аввало, тизимга “Рақамли божхона” тамойилинг кенг жорий қилинаётганлиги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатларини тежашга хизмат қилмоқда. 

Масалан,  божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланаётган вақтни қисқартириш учун “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўрсатилмоқда. 

Янги тизим орқали, божхона декларациясини расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз БЮДлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6310-сон Президент Фармонининг мазмун-моҳияти ҳам пресс тур давомида муҳокамалар марказида бўлди.

Мазкур Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб божхона назоратини олиб боришда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолияти йўлга қўйилди. 

Пресс турда журналистлар “Сирғали”ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

“Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йилнинг 9 ойи давомида 36 379 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, улар бўйича 2 трлн. 336 млрд.сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган.

Мазкур пост орқали тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган салкам 344,4 млн АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 10 ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хом-ашё, технологик асбоб ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида  931,4 млрд. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилган. 

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган даврда 227 та ҳолатда 1 млрд 948 млн. сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишини олди олинган. Улар бўйича  8,1 млрд сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланган.

Божхона пости тасарруфида 33 та божхона омборлари мавжуд бўлиб, 29 таси очиқ, 4 таси ёпиқ турдаги божхона омборлар ҳисобланади. 

Мазкур божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган бўлиб, видеотасвирларни ойлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар